Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорининг буйруғи билан Маҳсулотларни сертификатлаш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар бермоқда Norma.
Маълумот учун: республикада ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган, алоҳида рўйхатга киритилган маҳсулотлар сертификатлаштирилиши лозим. Ўзбекистон сертификатлаштириш миллий тизимида маҳсулотлар мувофиқлигини тасдиқлашнинг тавсия этилаётган чизмалари (жами 9 та) қўлланилади.
Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқловчи яна битта чизма – 7А амалга киритилади. У битта ташқи савдо контракти доирасида четдан келтирилган маҳсулотни (транспорт воситаларидан ташқари) сертификатлаштиришда қўлланилади. Сертификат 1 календарь йилидан ошмаган муддатга берилади.
7А чизмаси бўйича сертификатлаштириш синовларини ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиш зарур:
• маҳсулотнинг аниқ ҳажми (сони) кўрсатилган ташқи савдо контракти; • маҳсулотни етказиб берувчи ҳамда қабул қилувчи ўртасида тузилган келишув.
Ҳужжат 1.07.2018 йилдан кучга киради.