Мамлакатимиз шарафини Осиё Чемпионлар лигаси мусобасидан муносиб ҳимоя қилаётган ва на мазкур чемпионатда, на миллий биринчиликда мағлубият нималигини билмай келаётган Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси ёқимли анънасини давом эттирди. “Темирйўлчилар” бу сафар мамлакатимиз жамоалари учун жуда ноқулай рақиб саналмиш Осиёнинг ўтган асрдаги энг яхши клуби—Саудия Арабистонининг “Ал-Хилол” жамоасини Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида мағлуб этишнинг уддасидан чиқа олди.
Қайд этиш керакки, шу пайтгача араб жамоасини Осиё чемпионлар лигаси мусобақаси доирасида мамлакатимизнинг бирор жамоаси мағлуб эта олмаганди. Хатто сафар ўйинларида дурангга ҳам эриша олмаганди. “Локо” дастлабки ўйинда 0:0 ҳисобини қайд этиб, бу қора анъананага чек қўйганди. Бугунги ўйиндаги 2:1 ҳисобидаги ғалаба эса муваффақиятсизлик сериясини парчалади.
Энди ўйин ҳақида. Айтиш керакки, икки жамоа ўртасидаги баҳс анча шиддатли ўтди. Бироқ ўйин борасида “Локомотив”да устунлик бор эканини тан олиш керак. Тоборо кучли ва яхлит жамоага айланиб бораётган “Локо” ҳар жабҳада устун эканини исботлай олди. Тажриба ва ёшлик уйғунлиги жамоанинг ютуқларига асос бўлмоқда. Яъни Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Нестеров, Махарадзе сингари тажрибали футболчилар Алибоев, Шоаҳмедов сингари навқирон кучга ўзига ҳос тиргак бўлди. Ўйинда айнан тилга олинган футболчиларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланиб турди. Сўнги 5-6 дақиқани инобатга олмаганда, “Ал-Ҳилол” қарийб жиддий вазият ярата олмади. Қарши хужум тактикаси ҳам ўзини оқламади.
Ўйиндаги биринчи гол 25-дақиқада Ислом Тўхтахўжаев томонидан киритилди. Иккинчи бўлимда, аниқроғи 55-дақиқада Шерзод Файзиев иккинчи голни киритди. Мазкур голли вазиятларда Сервер Жепаров алоҳида фаоллик кўрсатди. Умуман олганда, Жепаров “Локо”да янада “очилиб” бормоқда ва жамоанинг ажралмас қисмига айланиб улгурди.
Айтиш керакки, "Локомотив" жамоаси яна голлар уриши мумкин эди, бироқ гоҳ Ал-Тунайяннинг ишончли ўйини, гоҳ хужумчиларнинг ишончсиз зарбалари бунга йўл қўймади. Абдухолиқов, Алибоев, Шоаҳмедов, кейинроқ майдонга тушган Бикмаевда ҳам вазиятлар бўлди. Аммо уларнинг уринишлари бесамар кетди.
Ўйиннинг 89-дақиқасида Бежамин Уильямс Ислом Тўхтахўжаев жарима майдони ичида Аилтонга нисбатан қоида бузди, деб ҳисоблади ва “Локо” дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрлик жарима тўпини Ал-Шалҳуб Нестеров дарвозасига аниқ жойлаб, ҳисобни қисқартира олди. Қўшиб берилган 4 дақиқа ичида ҳисоб ўзгармади ва "Локомотив" 4 йиллик уринишда сўнг чорак финалга йўл олди.
"Локомотив"нинг чорак финалдаги рақиби қуръадан сўнг аниқ бўлади. Қуръа ташлаш маросими эса барча чорак финалчилар аниқланганидан сўнг ўтказилади. Чорак финалнинг дастлабки учрашуви 23-24 августда, жавоб баҳслари 13-14 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Барча ўзбек футболи ишқибозларини ғалаба билан табриклаймиз!
"Локомотив" - "Ал Ҳилол" 2:1 Осиё чемпионлар лигаси. 1/8 финал. Жавоб учрашуви 24 май. "Бунёдкор" стадиони. 5291 томошабин Ҳакамлар: Бенжамин Уильямс, Мэттью Крим, Поль Сетранголо (учаласи Австралия), Сивакорн Пу-Удом (Таиланд) Назоратчи: Квон Жонг Чул (Ж.Корея) Комиссар: Субраманиан Маникам (Малайзия) Даслабки учрашув: 0:0
Голлар: Ислом Тўхтахўжаев 24, - 1:0. Шерзод Файзиев 55, - 1:0. Муҳаммад Ал Шлҳуб 88 пенальти, - 2:1.
"Локомотив": 1.Игнатий Нестеров, 5.Кахи Махарадзе, 8.Сервер Жепаров, 22.Санжар Шоаҳмедов (44.Сергей Прохоров, 84), 11.Темурхўжа Абдухолиқов, 28.Икром Алибоев (10.Марат Бикмаев, 70), 17.Салим Мустафоев, 18.Темур Кападзе (с), 20.Ислом Тўхтахўжаев, 33.Олег Зотеев (15.Сардор Мирзаев, 76), 37.Шерзод Файзиев.
Захира: 12.Маъмур Икромов, 7.Садриддин Абдуллаев, 70.Иван Нагаев, 77.Жасур Ҳасанов.
"Ал Ҳилол": 22.Фаҳад Ал Тхуаяян, 3.Карлос Эдуардо (20.Ёсир Ал Қаҳтони, 81), 4.Абдулла Ал Зори, 7.Салман Алфараж, 9.Аилтон, 12.Ёсир Ал Шаҳрони, 14.Сауд Карири, 24.Наваф Ал Абид (10.Муҳаммад Ал Шлҳуб, 46), 26.Дигао, 29.Салем Алдовсари (19.Холид Каби, 74), 70. Моҳаммед Жаҳвали.
Захира: 30.Муҳаммад Аҳмад Ал Вакид, 2.Муҳаммад Ал Бурайк, 5.Аҳмад Шараҳили, 8.Абдуллоҳ Отайф. Огоҳлантиришлар: Наваф Ал Абид 21, Икром Алибоев 32, Санжар Шоаҳмедов 51, Салмон Ал Фараж 51, Ал Шаҳрони 90+1.