Костюм эркаклар кийими орасида энг эътиборга лойиғи десак адашмаган бўламиз. У эркакка виқор ва савлат беради. Лекин нотўғри танланган костюм ушбу салобат ва виқорни бузиб қўйиши мумкин. Бу галги мақоламизда костюм танлаётганда қайси жиҳатларга эътибор беришингиз кераклиги ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Костюмнинг баданга мос келиши
Костюм кийиб кўраётганингизда ўзингизни бўш қўйиб қўлларингизни ёнга тушуринг, елкаларингиз ва белингизни текис ҳолда тутинг. Шу туришингизда костюм устингизда жуда кенг ёки жуда тор бўлмаслиги керак. Қўлингизни кўтариб кўринг, ёки ўтириб-туриш сингари табиий ҳаракатлар қилинг. Бу ҳаракатларни қулай қила олаяпсизми ё костюм ноқулайлик туғдираяптими эътибор беринг.
Елка
Костюм елкада текис туриши керак. Костюм елкасининг узунлиги елкангизнинг узунлиги билан баравар бўлиб елканинг енгга уланган қисми на осилиб туриши керак ва на теппага қараб тортилиб турган бўлиши керак.
Ёқа
Костюм ёқаси кўйлагингизнинг ёқасига ёпишиб туриши керак. Агар иккаласининг орасида масофа бўлса, костюм ёқаси кенг дегани. Агар костюм ёқа қисми тор бўлса ёқанинг пасти букилиб туради.
Костюмнинг кенглиги
Костюм кийиб кўраётганингизда костюмнинг фақат тепа тугмасини қадаб кўринг. Шунда костюмнинг олд қисми осилиб турмаслиги керак ёки пастки қисмлари юбкага ўхшаб ташқарига қараб қолмаслиги керак
Костюмнинг тугмаси осон қадаладиган бўлишига эътибор беринг ва тугма қадалган жойдан букук чизиқлар чиқиб қолмаслиги керак. Костюмнинг паст қисми озгина очиқ бўлса бўлади, лекин жуда бир биридан узоқлашиб очилиб кетиб, тагидан кўйлагингиз кўриниб турмаслиги керак.
Енгнинг узунлиги
Костюм енгининг узунлиги шундай бўлиши керак-ки тагидан кийган кўйлагингизнинг енги бир ёки икки бармоқ чиқиб туриши керак. Костюм енги кўйлак енгидан жуда юқори чиқиб кетмаслиги ва жуда пастга тушиб кетмаслиги керак.
Костюм узунлиги
Костюм узунлигининг тўғри бўлиши жуда муҳим. Костюмнинг узунлиги думбанинг ярмини ёпадиган бўлиши керак.
Яна қўлингизни бўш қўйганингизда костюмнинг пасти панжангизнинг ўртасида туриши керак
Шимнинг кенглиги
Шимнинг орқа қисми орқангизда бир текис туриши керак. Шимнинг тагида ич кийимингиз бемалол туриши керак. Шим оёқларингиз орасида осилиб турмаслиги ҳамда жуда тор ҳам бўлмаслиги керак.
Шимнинг кенглиги сизга мос эмаслигини думбанинг тагида горизонтал (тор) ёки У-симон (кенг) чизиқлар пайдо бўлганидан билишингиз мумкин.
Шимнинг узунлиги
Шимнинг пасти қисми оёқ кийимингизнинг устига тушиб туриши ва унда бир чизиқ пайдо бўлиши керак, лекин ундан ўтиб кетмасин. Шимнинг орқа тарафи олдига нисбатан сал узунроқ бўлиб туриши мумкин. Лекин орқа пошнадан баландроқда туриши керак.