Биласизми?

Кексалик заифлигига қарши энг кучли восита нима эканлиги аниқланди

Америкалик олимлар какао кексалик давридаги заифликка қарши энг кучли восита эканлигини аниқлади. Маълум бўлишича, какао доналари таркибидаги флавоноллар бир неча ой ичида кексаларнинг ақлий қобилиятларини кучайтирган. Бу борада ўтказилган тадқиқот натижалари Nature Neuroscience журналида эълон қилинди, деб ёзади Sof.uz.

Тадқиқотда иштирок этган 50—69 ёшдаги 37 киши икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳдагиларга уч ой мобайнида тез-тез ва кўп какао ичиш таклиф этилди. Кунига 900 миллиграмм флавонол истеъмол қилган мазкур гуруҳдан фарқли ўлароқ, иккинчи гуруҳдагилар улардан 90 баробар кам какао ичди. Белгиланган муддатдан сўнг, хоҳловчилар тест қилинди: какао кўп ичган кексалар берилган топшириқларни тезроқ бажарди.

Олимларнинг тахмин қилишича, флавоноллар миянинг хотира пасайиши билан боғлиқ қисмида қон айланишини яхшилайди. Мақола муаллифларидан бири Скотт Смолл сўзларига кўра, тадқиқот аввалида иштирокчилар хотираси 60 ёшга мос бўлган. Уч ой ўтгач эса, уларнинг хотираси 30—40 ёшлиларнинг хотираси билан тенглашиб қолган. Бироқ мазкур хулосалар катта кўламли тадқиқот ёрдамида текшириб кўрилиши зарур.

Шунга қарамай, олимлар муштарийларга какао ва шоколад захирасини тайёрлашга шошилмасликни маслаҳат берган. Негаки, уларнинг таъкидлашича, тадқиқотда таркибида оддий какаога нисбатан кўпроқ флавонол сақланиб қолган махсус ичимликдан фойдаланилган.