Мулоҳаза учун мавзу

Каркас

Ҳаётда у-бу нарсага етишиш ё тараққий этиш учун инсон қийинчиликларни енгиб ўтиши лозим. Яъни, инсонни мажбурламаса, ҳаракат қилиши қийин. Қулларни бошқалар зўрласа, озод киши ўзини ўзи зўрлайди. Фарқи шунда. Озодлик ўзи миф, йўқ нарса, эришиб бўлмайдиган макон: эркак кишига озодлик берилса, тез орада деградация бўлади, озодликка чиққан аёлларни кўрамиз — ярим яланғоч, сиёсатга аралашмоқчи бўлади.

Кўчада ёш йигит-қизларни кўриб қоламан, инглиз тилини ўрганишга қатнашади. А шуни уйда ўқиса бўлмас эканми, деб ўйлардим. Кейин хаёлимга келдики, булар ўзини мустақил ўқишга мажбурлай олмайди, шунинг учун ўқув марказлари ушбу босимни, рақобатни ташкиллаштиради.

Оила, хотин ҳам эркак киши учун шундай бир “нагрузка” — ҳаракат қилиш учун ундайди, стимул бўлиб хизмат қилади. Аёллар учун эса фарзанд стимул ролини ўйнайди, ҳеч қандай бизнес ё офисдаги иш аёлнинг психикасига етарлича юк бўла олмайди.

Муҳими, ҳаётни тушунаман, демаслик; кўп нарсалар иррационал асосга эга. Ҳамма нарсага мантиқий ёндашадиган бўлсак, ютказиб қўямиз. Мисол ҳам кўз ўнгимизда, иккита ҳуқуқшунос Россия аёлларини туғишга ундамоқчи бўлишди. Владимир Владимирович билан Дмитрий Анатольевич аҳолини кўпайтириш учун аёлларга бола пули беришни қонунийлаштиришди. Ҳудди аёл киши пул учун туғадигандек. Бу сиёсати фойда бермади. Шароит қанчалик яхши (заҳматсиз, босимсиз, енгил) бўлса, аёл киши шунчалик туғишдан қочади, бошқа бўлар-бўлмас хоббилар билан банд бўлади. Пул кўп бўлгани аслида тўсқинлик ҳам қилади. Мол-дунёга боғлиқ бўлганида бола кўриш, Москвадаги аёллар фарзандларни кўпайтирарди, бироқ Кавказда аёллар кўпроқ бола кўради, чунки бу нарса шароитга боғлиқ эмас, балки сабаби оддий — аёл кишини туғишга мажбурлаш лозим.

Албатта, уламоларимиз дабдабали тўйларга қарши чиқишяпти, кўп нарса исроф, хўжакўрсинлик, орзу-ҳавас. Лекин гоҳида ўйлаб қоламан, агар шу танғир-тунғурга алданиб, ялтир-юлтур матоҳга учиб, оиласи гапига кўниб, қиз эрга тегса, офис-менеджерликнинг ўрнига яхши келин, хотин ва она бўлса, балки тўйлар ҳам керакдир — аёлларни мажбурлаш фақат эри тарафидан бўлмайди — эрининг кучи етмайди: оила, маҳалла, жамият ҳам қўшилиши лозим.

Бахтли ҳаётнинг асосий қоидаларидан, қанчалик ғалати туюлса ҳам, турмушда қийинчилик бўлмоғи лозим, бу моддий бойликка боғлиқ эмас, билакс, пул кўп хатоларни ва камчиликларни ёпади, кўздан беркитади, бироқ ҳал қилмайди.

Босим бўлмаса, ҳатто тарбия кўрган, қаттиқ қўллик билан етиштирилган инсонлар ҳам йўлдан оғишади.

«Декларируются семейные ценности, а на деле молодежь эмэмэсками друг другу пересылает порнуху. Бабушка учит, как быть настоящим чеченцем, а потом юноша включает МТV, а там, мягко говоря, учат другому». https://lenta.ru/articles/2016/08/18/sadulaev/

Гринкарта ўлкамизда маълум ва машҳур бир ўйинга айланиб қолди, ҳатто Халқ Банки лотереясидан ҳам таниқли ва ардоқлироқ. Бироқ, гринкарта билан кетган эри-хотиннинг АҚШда яшаб кетишининг ўзи лотерея. Ҳаёт гўзал, пул топиш бемалол, хоҳлаганингни қил, оиланинг кераги ҳам йўқдек. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деб, туппа-туззук оилалар ҳам ўзгариб қолади — эрлар жавобгарликни ҳис қилмайди, аёллар эса латта-путтага сотилиб, оиласини, эрини ташлаб кетади.

Яқинда бир мақола ўқиб қолдим, ўрта хол аҳоли камайиб кетаяпти, ўрта класс кичиклашяпти деган. Бир тарафда бой, забардаст, ижодкор қатлам, бошқа бир тарафда сағал касалманд, сағал семизроқ, сағал смартфонига боғланган, оддий қора иш билан кун кечирадиган аҳоли. Буларнинг фарқи айни шу ўзини мажбурлаш ё мажбурлай олмасликда, концентрация ва эътиборни жамлашда.

Мақоланинг номини нима деб қўйишга қийналдим — русчасига “насилие” бўларди, ўзбекчасига зўрлаш, десам, одамлар хаёли бошқа тарафга оғиб кетади. Хуллас, одам атрофдагиларни мажбурлаши керак — ўзидан бошлаб…

Манба: Б. Исмоилов Шахсий Блог