Юрак хуружи, ёки инфаркт юракка бораётган қон оқимининг йўли тўсилиб қолганида содир бўлади. Бу тўсиқлар асосан юрак артерия томирларига қон етказиб берувчи томирларда холестериннинг қуюқлашиб, тўпланиб қолиши, ёғ ва бошқа таъсирлар натижасида ҳосил бўладиган тиқинлар кўринишида бўлади.
Мутахассисларнинг фикрича, юрак касалликларига чалиниш ёши тобора ёшариб бораётган экан. Бугун юрак, қон-томир касалликлари ёшларда ҳам кузатилмоқда. Кам ҳаракатлилик, кучли тушкунлик, нотўғри ва носоғлом турмуш тарзи, замонавий маҳсулотлар, генетик омиллар бунинг бош сабаблари ҳисобланади. Қолаверса, оиладаги носоғлом муҳит, муаммо ва можаролар, тамаки чекиш асаб тизимига таъсир қилиб, юрак хасталигини келтириб чиқариши мумкин.
Қуйида юрак фаолиятига таъсир қилувчи омиллар билан сизларни таништирамиз.
- Ёш
Эркаклар 45 ёшдан, аёллар 55 ёшдан бошлаб юрак парваришига алоҳида эътибор беришлари зарур бўлади. Юрак хуружи эркакларга эртароқ ёшда кўп кузатилади. Тана кексайгани сайин юрак кучсизланиб боради. Юрак хуружидан вафот этганларнинг 83 фоизидан ошиғини 65 ёки ундан катта ёшдаги инсонлар ташкил қилади.
- Диабет
Ошқозоности бези томонидан ишлаб чиқариладиган инсулин гормони танага глюкоза ёки қанд моддасини етказиб беради. Қандли диабет — организмдаги модда алмашинуви бузилиши сабабли юзага келади. У қонда глюкоза моддаси миқдорининг ошиши ёки камайиб кетиши оқибатида содир бўлади. Бу жараённи назорат қилмаслик ҳам юрак хуружига сабаб бўлиши мумкин.
Бу касалликка чалинмаслик учун сабзавотлар – карам, салат барги, редиска, бодринг помидор ва кўкатларни, мевалардан узум, олма, анор, апельсин, лимон, олхўри, резавор мевалар истеъмол қилиш тавсия қилинади.
- Оиланинг касаллик тарихи
Ота-она, бобо-бувида юрак хасталиги билан белгилар мавжуд бўлса, бу касаллик кейинги авлодда ҳам кузатилиши мумкин. Бундай вазиятда гарчи соғлом бўлсангиз ҳам, шифокор кўригидан ўтиб туришга одатланинг. Айниқса, эркакларнинг 55 ёшдан кейин саломатликларига жиддий қарашлари тавсия қилинади.
- Тушкунлик
Тушкунликка мағлуб бўлиш, ғазабни жиловлай олмаслик ҳам юракни жароҳатлайди. Стресс кортизол (стресс гормони) миқдорини кўпайтириб юборади. Аслида, ҳозирги замонда кортизол миқдорининг ошиб юриши одатий ҳол бўлиб қолган. Ушбу гормон мушакларнинг деградациясига ва ёғ миқдорини кўпайишига олиб келади. Руҳшуносларнинг фикрича, вақтни тўғри тақсимлаш ва ҳар дақиқадан унумли фойдаланиш, мақсадли режалар тузиш, ички хотиржамликка берилиш инсонни тушкунлик чангалидан халос қилар экан. Шунингдек, тез-тез массаж олиб туринг, медитация билан шуғулланинг.
- Юқори қон босими
Гипертония – энг кўп тарқалган юрак хасталиги омили ҳисобланади. Инсон танасидаги соғлом қон босими 120 га 80 бўлиши керак. Юқори қон босими касаллиги атеросклероз ривожланишини жадаллаштиради. Ёғли ва юқори калорияли овқатларни кўп истеъмол қилиш, кам ҳаракат қилиш, руҳий-ҳиссий зўриқиш атеросклероз ривожланишига сабаб бўлади.
Танадаги нормал қон босими минглаб қон томирлари деворларининг қон оқимига нисбатан кўрсатган қаршилиги ҳисобига пайдо бўлади. Организмдаги қон томирлар кенгайиб-торайиб туриш хусусиятига эга бўлиб, муҳитга мослашиб, ўртача мувозанатда туради. Буйрак ва юрак томири касалликлари, жаҳл қилиш, дарғазаб бўлиш қон босимининг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.
Қон босими юқори беморларга 8 соатдан кам бўлмаган уйқу, тўғри ва рационал овқатланиш, ҳар куни 2,5-3 км. масофа пиёда юриш, уларни асаб тизимига салбий таъсир қиладиган омиллардан ҳимоя қилиш тавсия қилинади.
- Холестерин миқдорининг ошиб кетиши
Қон таркибида кўпайиб кетган “зарарли” холестерин артериянинг ички деворларида чўкиб қолади. Вақт ўтиши билан артерия торайиб қолади, яъни тиқинлар билан тўсилиб қолади. Бу инсульт, инфарктга сабаб бўлиши мумкин.
Танадаги оқсиллар бирикуви, ҳужайралар ўсишида холестерин муҳим ўрин тутади. Асаб тўқималари, гормонлар ва Д витаминлари таркибида ҳам холестерин бўлади. Ҳар куни танамиз1 граммдан 5 граммгача холестерин ишлаб чиқаради. Холестерин янги асаб ҳужайраларининг ривожида муҳим ўрин тутади. Шу сабабли ҳам, холестериннинг тахминан 20 фоизи бош ва орқа мияда жойлашган. Қонда “фойдали” ва “зарарли” холестерин бўлади.
Балиқ маҳсулотлари, ёнғоқлар, ўсимлик мойлари, олма, кўк чой ва табиий шарбатлар “фойдали” холестеринга бой бўлади.
- Тўйинган ёғлар истеъмоли
Тўйинган ёғларга бой бўлган таомларни, ёғли гўштларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш юрак хуружига олиб келади. Жаҳон юрак федерацияси томонидан тақдим қилинган маълумотларга қараганда, инсультга чалинган беморларнинг 11 фоизи, юрак-қон томирлари билан оғриган беморларнинг 31 фоизи ҳаддан зиёд ёғли маҳсулотларни хуш кўрар экан.
Мол ва қўй гўштидаги ёғларни истеъмол қилишни камайтиринг, сариёғ, пишлоқ, қаймоқ, сметанани меъёрида истеъмол қилинг. Аммо танага ёғнинг кирмаслиги ҳам юрак фаолиятига салбий таъсир қилади.
- Камҳаракат турмуш тарзи
Тиббий тадқиқотлар натижасида, ҳаракатсизлик юрак хуружи билан оғриш хавфини 50 фоизга ошириши аниқланган. Юрак хуружи хавфини камайтириш, тананининг саломатлигини таъминлаш учун инсон ҳафта мобайнида камида 150 дақиқа фаол ҳаракатда бўлиши керак. Ҳеч бўлмаганда, ҳафтада 3 кун енгил бўлса ҳам, спорт машқларини бажариб туринг.
- Ортиқча вазн
Дунё миқёсида 1,5 миллиард одам ортиқча вазнга эга, 600 миллионга яқин киши семизликдан азият чекмоқда. Нотўғри овқатланиш, кечки маҳалда юқори калорияли маҳсулотлар, таом истеъмолидан сўнг чўзилиб олиш, Натижада ошқозонга кирган таом ҳужайраларга кислород ташиб дармон бўлиш ўрнига, ортиқча ёғга айланади.
Ортиқча ёғ юрак мушак толаларида ёғ сақловчи ҳужайраларнинг кўпайиши, натижада ёғ заҳираси катталашиб, юракнинг умумий оғирлигининг ярмидан ошиб кетади. Юрак деворлари ёғ босганлиги учун у кўп ишлашга мажбур бўлади ва шу туфайли кенгаяди.
- Тамаки чекиш
Чекувчи тамаки таркибида 300 га яқин зарарли моддалар бўлиб, у тутаётган вақтда ўзидан никотин, ис гази, карбонат ангидрид, радиактив полоний, қўрғошин, турли қатронлар, сициль, чумоли ва бош-қа кислоталар, олтингугурт, бензопирен, аммиак, фор-мальдегид, қоракуя каби зарарли моддалар чиқаради.
Чекиш юракни қон билан таъминловчи коронар артерияларни зарарлаб, умумий атеросклероз ривожланишига сабаб бўлади.
Мутахассислар юрак хуружи олдиндан аниқлаб, даволаш мумкинлигини, ўз вақтидаги муолажалар ҳалокатнинг олдини олишини таъкидлашади. Юрак хуруж қилганида зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Доимо соғ-саломат бўлинг!