Биласизми?

Заҳириддин Муҳаммад Бобур: ҳаёти, ҳикматлари, фазилати ва авлодлари ҳақида

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида 7 далил

  • Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келган;
  • 1494 йили отасининг ўлимидан сўнг 12 ёшида Фарғона ҳокими этиб тайинланган;
  • 1504 йили Шайбонийхон Андижонни ҳам қўлга киритгандан сўнг, Бобур жанубга қараб йўл олди ва Кобул улусида ўз ҳокимиятини ўрнатган;
  • 1526 йил апрелида Панипатда Ҳиндистон султони Иброҳим Лўди билан ва 1527 йили март ойида Читора ҳокими Рано Санго билан бўлган жангларда Бобурнинг қўли баланд келган;
  • Бобур 1530 йилнинг декабр ойида Агра шаҳрида вафот этади. Унинг хоки кейинчалик васиятига кўра Қобулдаги “Боғи Бобур”га  олиб келинган;
  • Заҳириддин Бобурнинг «Бобурнома» асарига қадар Ҳиндистон ҳеч қачон бунчалик чуқур ўрганилмаган ва у ҳинд олимларига мамлакат тарихини ўрганишга катта ёрдам берган.
  • Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган  «Бобурийлар сулоласи»нинг «Буюк мўғуллар» номи билан аталиши Оврўпо тарихчиларининг хатосидир.

Шоҳ шоир шахсиятига хос 7 фазилат

-Ватанпарварлик;

-Юксак ҳимматлилик;

-Жасурлик;

-Бошқарувда беназирлик;

-Одамларга фаровонлик соғиниш;

-Жангчилар кўнглига йўл топиш;

-Адолат қилмоқлик.

Заҳириддин Бобур ҳикматларидан намуналар

"Шафқатсиз киши азобга лойиқдир."

"Яхши кишиларни Яратган яхши дўстлар билан сийлайди."

"Кўпчилик баҳодирлар қанчалар кучли бўлмасинлар, улар ҳаргиз ўз жаҳллари ва қўрқувларидан устун кела олмайдилар."

"Кўнглингни динларнинг муҳокама майдонига айлантирма. Адолат ўрнатишда инсонларнинг эътиқодига чуқур ҳурматда бўл."

Мирзо Бобур тўғрисида 6 та жаҳоншумул фикр

1. Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби мумтоз инсонларни дунёга берган халқ ҳеч қачон хор бўлмайди, муқаррар тарзда саодатга эришади.

Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти

2. Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катга силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди.

Жаваҳарлал Неру, жамоат арбоби

3. Бобур феъл-атворига кўра Цезарга қараганда севишга арзигуликдир. Унинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган.

Эдуард Ҳолден, тарихчи олим

4. Мирзо Бобурнинг Ҳиндистондаги қудрати унинг босиб олган ерлари билан эмас, у ҳинд халқининг кўнглида уйғота олган ҳурмат-эҳтиром билан ўлчанади.

Қамар Раис, жамоат арбоби ва адабиётшунос  

5. Бобурнинг ҳинд халқига қилган энг катта хизмати шуки – у халқимизнинг руҳий-маънавий оламини кенгайтириб, уларни ўз кулбаларидан ташқарига қарашга, дунёнинг нақадар катта эканини англашга мажбур қилди. Бобур санъат ва, айниқса, адабиётни севарди.

Жавоҳарлал Неру, жамоат арбоби

6. Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати, уларга машғуллиги билан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта ҳукмдор топилмайди.

Уилям Эрскин, "Бобурнома"нинг инглиз таржимони

Бобурийлар сулоласи ҳақида 10 далил

Буюк Мўғуллар империяси номи билан тарихга кирган Бобурийлар сулоласидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам Ҳиндистон тарихида бу қадар қудратли давлат барпо этилмаган. Бу сулола ҳам маърифат, ҳам қудрати билан буюк ва ибратли подшоҳларни тарбиялади. Қуйида сизга бу империяга оид 10 далилни тақдим қиламиз.

1. Империя ҳаёти: 1526–1857 йиллар 

Буюк Мўғуллар империяси номи билан тарихга кирган сулоланинг 5 вакили – Заҳириддин Бобур, шоҳ Ҳумоюн, Жаҳонгир Мирзо, Шоҳ Жаҳон ва Аврангзеб даврида империя ҳар жиҳатдан ривож топди. Баҳодир Шоҳ II сулоланинг сўнгги подшоҳи бўлган.

2. Келиб чиқиши

Мирзо Бобур сулоланинг асосчиси бўлиб, унинг келиб чиқиши Амир Темур ва Чингиз Хонга боғланади. 1526 йил бўлган Панипат жангидан кейин Бобур Мирзо Ҳиндистонинг шимолий ҳудудларида мутлоқ ҳукмдорлик ўрнатади.

3 Империя ҳукмронлигининг чўққиси

Шоҳ Аврангзеб даврида Ҳиндистон аҳолисининг деярли барчаси сулола ҳукмронлигини ҳис қилди. Подшоҳлик чегараси Афғонистондан Ҳиндистоннинг жанубий вилоятларига, Ҳинд уммони яқинигача ўрнатилган.

4. Меъморий иншоотлар

Заҳириддин Бобур Деҳлини эгаллагач, сарой ғазнасини гўзал иншоотлар барпо этишга сарфлади. Бу одат ҳар бир Бобурий ҳукмдорнинг фазилатига айланди. Натижада, Тож Маҳал, Жомеъ Масжид, Қизил сарой, Ҳумоюн мақбараси каби бинолар, боғ-роғлар яратилди.

5. Шоҳ ЖаҳоннингТож Маҳали

Иншоотлар орасида энг жозибалиси – бу Тож Маҳал. Севикли ёри Мумтоз Маҳал шарафига бунёд этилган мақбарани қуриш учун Самарқанд, Эрон усталари олиб келинган. Бугун Ҳиндистонга бу меъморий мўъжизани кўриш учун ҳар йили 4 миллион нафар сайёҳ келади.

6. Миллий таомнома

Бобур билан бирга маданият ва анъаналар ҳам кириб борди. Мисол учун, бугун ҳиндлар севиб истеъмол қиладиган палов, кабоб, нон ҳам айнан Марказий Осиёдан кириб борган.

7. Санъат

Адабиёт ва санъат Бобурий ҳукмдорлар даврида уйғун ҳолда, юксакка кўтарилди. Айниқса, боболаридан кейни Акбар, Шоҳ Жаҳон ва Жаҳонгир шоҳларнинг эътибори туфайли Ҳамзанома, Низомий "Хамса"си, Дарабнома каби асарлар учун суратлар ишланган.

8. Тил

Сулола асосан форсий ва туркийни давлат тилига кўтарган. Кейинчалик форс, турк ва араб тиллари қоришмасидан урду тили пайдо бўлган.

9. Империянинг емирилиши

Аврангзеб даврида эришилган улкан ҳудуд ўз навбатида подшоҳлик армиясининг мустаҳкамлигига ҳам жиддий зарар етказган. Натижада, мамлакат жанубида ўзини қирол деб эълон қилган саркардалар томонидан қўзғолонлар кўтарилган.

10. Сулоланинг тугатилиши

Баҳодир Шоҳ II ёки Баҳодир Шоҳ Зафар – сўнгги Бобурий ҳукмдордир. Бобоси Мирзо Бобур каби, шоҳ ва шоир. У 1857 йилда саройдан қочиб, аҳолининг инглизларга қарши қўзғолонига бошчилик қилади. 1858  йилда суд ҳукми билан Бирманинг Рангун шаҳрига сургун қилинади.

Баҳодир Шоҳ Зафарнинг 4 хотини ва канизакларидан 22 ўғли, 32 та қизи бўлган. Уларнинг авлодлари бугун Ҳиндистон, Покистон, Бирма ва АҚШда истиқомат қилишмоқда.

“Кўҳи нур” олмоси

“Бобурнома”да тилга олинган, “дунёдаги энг катта олмос” дея таърифланадиган бу жавоҳир узоқ йиллар давомида Бобурий ҳукмдорлар тасарруфида бўлган. Номи “тоғнинг нури” маъносини англатувчи тош унга эга бўлган ҳукмдорнинг куч-қудратининг рамзи бўлган. Унинг оғирлиги 191.10 карат бўлиб, Мирзо Бобур унинг баҳосига дунё аҳолисини 2.5 кун боқиш мумкинлигини айтган. Ҳинд афсоналарига кўра, бу тош ҳам ўз эгасини танлайди. Унга эга чиққан кимдир қудратли, бошқаси хонавайрон бўлган. Кўҳи нур олмоси Бобурий шаҳзодаларга куч-қудрат олиб келган. Уни Ҳумоюнга Иброҳим Лўди хонадони вакиллари шаҳзодадан шафқат кўргани боис совға қилишган. Инглизлар босқинидан кейин Ист-Индия компанияси уни қиролича Викторияга совға қилади. Сўнгги 150 йилдан буён Британияда сақланади. У дунёдаги энг қиммат бош кийим бўлмиш Қиролича Элизабетнинг тожининг марказига ўрнатилиб, тождаги 2.800 нафар қимматбаҳо тошларнинг энг каттасидир. Қайта ишлаш жараёнида унинг 43 фоиз вазни йўқолган.