Сурия футбол федерацияси португалиялик мураббий Жозе Моуриньога Сурия терма жамоасига мураббийлик қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда федерациянинг Facebook’даги расмий саҳифасида маълум қилинди.
"Сурия футбол федерацияси раҳбарлари учрашувидан кейин Жозе Моуриньога Сурия терма жамоасига мураббийлик қилишга расмий таклиф юборишга қарор қилинди", дейилмоқда хабарда.
Терма жамоанинг аввалги бош мураббийи Фажр Иброҳим ўз лавозимини 29 мартда тарк этди, у жамоага 2015 йил 6 январдан бошчилик қилиб келганди.
Аввалроқ ОАВда ҳозирча ишсиз бўлган Моуриньо "Манчестер Юнайтед" билан шартнома шартларини келишиб олгани маълум қилинганди. Унга кўра португалиялик "ўзгача" мураббий 3 йилда 60 млн евро маош олади. Томонлар ўртасидаги музокаралар 1,5 ой давом этган.
Сурия терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатининг Осиё минтақасидаги саралаш босқичининг 3-раундига чиқди.
Манба: Kun.uz