Биласизми?

Жисмоний тарбия ўқитувчилари фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт  вазирининг “Жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструктор, кафедра мудирлари) фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди, деб ёзади Kun.uz.

Низомга кўра, педагог кадрларнинг малака тавсифларига мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ҳамда тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган ходимларнинг асосий лавозимлари малака тавсифларидаги талаблар асосида ўрганилади.

Қуйидагилар педагог кадрларни фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқув фани бўйича малакаси, дарс ўтиш маҳорати, меҳнати самарадорлиги ва малака ошириш курсларида билимларини оширган педагог кадрларни рағбатлантириш;

жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этган ҳиссаси учун иш ҳақи миқдорини ошириш имкониятларини яратиш;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши, чет тилларини билиши бўйича амалий кўникмаларга эга бўлишни таъминлаш.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий принциплари даврийлик, ошкоралик, кенгашиб иш кўриш ҳамда холислик ҳисобланади.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мактабгача, умумий ўрта таълим, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари педагог кадрлари учун ҳар ўқув йили якуни май-июнь ойлари бир марта ўтказилади.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашни ўтказишда ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Мувофиқлаштириш ишлари, фаолият самарадорлигини баҳолаш жадвалларини ишлаб чиқиш ва жараёнга оид фаолиятни ташкил этиш бўйича қўшма қарорлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этишдан, узлуксиз таълим тизими педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашни ўтказишдан ҳамда уларнинг натижаларини эълон қилишдан иборат.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашни назорат қилиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш, баҳолаш ҳамда мазкур Низом талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган қарорларга оид маълумотномаларни тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга юбориш орқали амалга оширилади.

Педагог кадрлар асосий иш жойи бўйича фаолияти самарадорлигини баҳолашга жалб этилади. Таълим муассасаларида ўриндошлик асосида дарс берадиган ва асосий иш жойи бўйича педагогик фаолият билан шуғулланмайдиган педагог кадрлар ўриндошлик асосида фаолият юритаётган таълим муассасида фаолияти самарадорлигини баҳолашдан ўтади.

Қуйидагилар педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш комиссиясининг вазифалари ҳисобланади:

а) педагог кадрларни фаолияти самарадорлигини баҳолашдан ўтказиш;

б) педагог кадрнинг дарс ўтиш маҳорати - дарс таҳлиллари, очиқ дарслар ўтганлиги, таълим олувчиларининг рейтинг кўрсаткичлари, таълим бериш воситалари ҳамда шаклларини мақбул равишда танлаши, тавсия этилган илғор педагогик услуб ва технологияларни (замонавий услуби, лойиҳалар услуби, ҳамкорликда ўқув-машғулотлар ўтиш, интерфаол таълим услуби ва бошқалар) қўллаши;

в) педагог кадрнинг меҳнат самарадорлиги - таълим олувчиларни тайёрлаганлиги, таълим олувчилар ва фаолияти самарадорлигини баҳолашдан ўтувчиларнинг туман, шаҳар, вилоят, республика, халқаро ва турли мусобақаларда эришган ютуқлари;

г) ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланишни билиши, хорижий тиллар ҳамда ижтимоий-сиёсий билимларини суҳбат орқали аниқлаш;

д) педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш комиссиясининг якунлари бўйича натижаларни таҳлил қилиш ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ҳисоботни тақдим этиш.

Педагог кадрларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш қуйидаги баллар йиғиндиси асосида белгиланади:

фаолияти самарадорлиги қониқарли – 56 баллдан 75 баллгача; фаолияти самарадорлиги ўрта            – 76 баллдан 85 баллгача; фаолияти самарадорлиги юқори         – 86 баллдан 100 баллгача.

Ўқув-тарбия жараёнига катта шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган иқтидорли педагог кадрларига устама ҳақ тўлов миқдорлари қуйидагича белгиланади:

фаолияти самарадорлиги қониқарли деб қарор қабул қилинса энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида;

фаолияти самарадорлиги ўрта даражаси деб қарор қабул қилинса энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида;

фаолияти самарадорлиги юқори деб қарор қабул қилинса энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида.