Биласизми?

Иқбол Мирзо. Қўнғироқ.

Яқинда ёш ижодкор укаларим билан водий сафарига бориб келдик. Мақсад юртимизда рўй бераётган янгиланиш, бунёдкорлик ишлари билан чуқурроқ танишиш, бетакрор диёримизнинг гўзал табиатидан баҳра олиш, энг муҳими, меҳнатсевар, содда ва самимий халқимизга “ҳорманг-бор бўлинг” қилиб келиш эди.

Бизга ажратилган машинанинг ҳайдовчиси Баҳром ака фавқулодда шинаванда чиқиб қолди. Ҳамма нарсадан хабардор: тарихдан гап очсангиз, фикрингиз тўхтаган ердан илиб кетади, “Реал”нинг ютуқлари сабаби нимадаю Одил Аҳмедовнинг устун томони қаерда – бу кишига тан, адабиёт таҳлилини ҳам қўйиб бераверинг. “Хафа бўлманглар-у, ҳақиқий шоир халқ фикрини ўзгартириши, кўнглини кўтариши, қиёфасини асраб қолишига хизмат қилиши керак. Мен оддий фермерман. Бу гапларим сизларга малол келмасин-у, укалар, ҳақиқий шоирнинг юраги отнинг калласидай бўлади, ўз жонини аямайди, зарур пайтда керакли сўзни айтадиган мард бўлади”, дейди Баҳром ака. Ёшлар қизиққон эмасми, дарров суҳбат баҳс-мунозара билан аланга олиб кетди. Кимдир адабиётни кўнгил иши, ижодкор ўз қалбининг мусаввири деб шарҳласа, бошқаси чинакам шеърият хослар учун яратилган дейди, кейингиси эса шеър бу қўшиқ дегани, қўшиққа айланмаган сатрлар панада қолиб кетади, деб қатъий хулосасини айтади. Гап шу ерга келганда Баҳром ака: “Ҳа баракалла, мана ҳозир сизларга битта зўр қўшиқ қўйиб бераман, қолган гапни кейин давом эттирамиз”, дея машина магнитафонини ёқди. Ҳаммага қадрдон бўлган қўшиқ янгради машҳур ҳофиз ёш, навқирон овозда фахру ифтихорга тўлиб миллат мадҳиясини куйларди. Бу шеъриятимиз гултожи бўлган, не-не авлоднинг кўзини очган, зеҳнини уйғотган, тафаккурини чархлаган, тарихни жонлантирган “Ўзбегим” қўшиғи эди.

Йўл танобини қўшиқ тортади. Оҳанг маромида тебраниб, ҳамма ўз хаёли билан банд. Менинг тасаввуримда ўсмирлик даврим – саксонинчи йиллар, манфур шўронинг қаттол замони гавдаланади. Шу қўшиқни эшитиб синфдошларим билан қанча баҳслашганимиз, тонготар суҳбатлар, шоирга ўтказилган тазйиқлар ҳақидаги миш-мишлар, ҳофизни “қамаб қўйишгани” ҳақида... ҳамма-ҳаммаси бугун тарих.

Менга Пушкин бир жаҳону

Менга Байрон бир жаҳон,

Лек Навоийдек бобом бор,

Кўксим осмон, ўзбегим.

дейиш учун нақадар катта журъат, ўзига ишонч, халқига эътиқод керак!

Мен қўшиқ тинглаб кетаётган укаларимни зимдан кузатаман: улар овоз чиқармасдан ҳофизга жўр бўлиб куйлашяпти. Довоннинг кузга тобин чиройли манзараларига ҳам эътибор бермай, қўшиққа маҳлиё. Даҳо шоирнинг сеҳрли сатрларини жон озиғидай симириб боришяпти.

Мир Алишер наърасига

Акс садо берди жаҳон,

Шеърият мулкида бўлди

Шоҳу султон ўзбегим.

1989 йил баҳор кунларидан бирида Тошкентга “шеърларимни ўтказгани” келдим. Хуллас, газета-журналларга бирма-бир бош суқиб, гоҳ ранжиб, гоҳ кўнглим кўтарилиб машқларимни тарқатиб бўлгач, шаҳар айланишга тушдим. Аввало, Арпапоядаги Ғафур Ғулом уй-музейига бориб академик шоирнинг ҳавосидан нафас олдим. Кейин “Бизнинг уйга қўниб ўтинг дўстпарим”да тилга олинган кўл бўйларини катта шоирларга тақлидан хаёлчан кезиб юрдим. Фарғонада урф бўлмаган антиқа кийимлар кийган, юзлари очиқ, бир-биридан анвойи қизларни суқланиб томоша қиламан. Мени ҳеч ким танимайди, мен ҳеч кимни танимайман. Бундан ҳам зерикиб, Ҳамза театрига равона бўлдим. Спектакль кечқурун бўларкан, мен Фарғонага қайтишим керак. Ҳафсалам пир ҳолда энди жанубий вокзалга жўнайман деб турсам, шундоқ ёнгинамда оқ машина тўхтаб, мен ҳамма шеърларини ёд билганим, энг севимли шоирим, дадамнинг таъбири билан айтганда “замонамиз Навоийси” бўлган нақд Эркин Воҳидовнинг ўзи тушиб келди. Бу ҳолатни, Эркин Воҳидов билан сўрашиш тугул кўришни ҳам тасаввурига сиғдирмаган мендай ўсмирнинг аҳволини кўз олдингизга келтираверинг. Шоирга тўқ кўк костюм-шими, оппоқ кўйлаги, қорамтир қизғиш бўйинбоғи ажиб улуғворлик бахш этган, бутун бўй-бастидан, айниқса, юзларидан нур таралаётгандай кўринди кўзимга. Чамамда кутиб олиши керак бўлган одамни излаб атрофга салобат билан назар ташлади. Кейин худди ерга озор беришдан истиҳола қилгандай оҳиста қадам босиб театр биносига кириб кетди. Хуллас, мен анграйганимча қолдим. Ўзимга келганимда кеч бўлганди. Мен устознинг қўлини олиб, дастхат сўрамаганимга ўзимни ўзим роса сўкдим. Қишлоғимга бориб, Тошкентда Эркин Воҳидовни кўрдим десам ким ишонади энди? Кейинчалик устоз билан яқиндан танишиб, бемалолроқ сўзлашадиган бўлганимда, ўша биринчи марта кўрганимдаги ҳолатни айтсам, у киши мийиғларида кулиб: “Шарт бориб, енгимдан тутиб, менга қаранг, мен Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо бўламан десангиз, қучоқ очиб кўришардим”, дея лутф этдилар. Мен ҳам жавобан: “Енгингиздан тутардиму, аммо қўлим банд эди, аввалроқ этагингиздан тутгандим”, дедим.

Толеимдан хурсандман, устоз билан қанча сафарларда ёнма-ён юрдим, суҳбатларидан баҳра олдим, адабиёт ҳақида, борлиқ тўғрисида ҳеч бир китобда ёзилмаган нодир хулосаларни эшитиб, қулоғимга қуйдим. Мўътабар хонадонда туз тотдим, Гулчеҳра ая опам, Хуршидбек дўстим бўлди. Устознинг назарида эканлигим ҳамиша юрагимни нурлантириб туради. Халқ орасига мақолдай сингиб кетган, ҳеч қачон тилдан ва дилдан тушмайдиган дурдона сатрларини эшитганимда, ҳаётнинг ўзи бот-бот ёдга соладиган мисраларини эслаганимда, давраларда умрибоқий шеърларини шавқ билан ўқиганимда... бу қадар теранлик, кенглик, фалсафа, ҳаётийлик, самимият, миллийлик уйғунлиги фақат ва фақат Худо суйган ва сийлаган буюк истеъдодгагина насиб этади, деган фикрлар кўнглимдан кечиб, бутун борлиғимни шогирдлик ифтихори чулғаб олади.

Водий сафарида қаламкаш укаларим маза қилишди: янги қиёфа касб этган шаҳарларимизни, чирой очиб бораётган қишлоқларимизни, равон йўлларимизни, тадбирлару издиҳомларни кўриб, кўплар билан суҳбатлашиб катта таассурот ва илҳом олишди. Мушоираларда, баҳру байтларда асосан устознинг шеърлари айтилди.

Эл устозим, мен эса толиб,

Сўз дурларин термоқдир ишим.

Одамларнинг ўзидан олиб,

Одамларга бермоқдир ишим.

Шоирнинг ашаддий мухлиси, дўстим Олимжон билан бир куни устоз хонадонига йўқлаб борганимизда, эшик қўнғироғи садосини эшитган ҳамроҳим менга қараб: “Ака, мактабнинг қўнғироғига ўхшаркан-а овози”, деди. Мен: “Ростанам бу жуда катта мактаб, ичкарида бизни устозларнинг энг улуғи кутяпти. Ҳар сафар шу остонага келиб, қўнғироқ чаламану катта дарсга, сабоқ олгани кириб кетаман”, дедим жавобан. Эркин Воҳидовнинг умрбоқий сабоқлари қанчадан-қанча авлодни камолга етказади, адабиёт ва кўнгил қўнғироғи биз шогирдларни доимо устоз қабулига чорлайверади.

2016 йил, июнь

Иқбол МИРЗО,

Ўзбекистон халқ шоири