— Ўғлим ҳарбий хизматга чақирилгани сабабли ишдан бўшаган эди. У зиммасидаги армиядан келганидан сўнг аввалги ишига қайтиши мумкинми? Қонун ҳужжатларида бу борада кафолатлар борми?
Шариф Намозов
Бухоро шаҳри
Саволга ҳуқуқшунос Отабек Шодмонов жавоб беради:
— Сиз сўраган масала қонунчилигимизда кўзда тутилган. Хусусан, Меҳнат кодексининг 68-моддасида аҳолининг айрим тоифалари учун ишга жойлашишдаги қўшимча кафолатлар белгиланган. Унга кўра давлат муайян тоифаларга мансуб фуқаролар билан бир қаторда муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларга қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) ходим резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти, Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир.
Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга. Корхона қайта ташкил этилганда унинг ҳуқуқий вориси, корхона тугатилганда эса маҳаллий меҳнат органи ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштиради. Ходимларга ушбу моддада назарда тутилган кафолатларни бериш мумкин бўлмаган ҳолларда, маҳаллий меҳнат органи ишга жойлаштиришни, зарур ҳолларда эса, касби бўйича бепул ўқитишни таъминлайди.
Юқорида қайд этилган кафолатлар муқобил хизматга чақирилган ходимларга ҳам татбиқ этилади.
Манба: Tafsilot.uz