Биласизми?

Фақат эркаклар ўқисин! 18+...

Бугунги кунда дунё миқёсидаги энг катта муаммолардан бири бу ажралишлардир. Афсуски, ажрашиш арафасида турган инсонларнинг ҳаммалари ҳам ўз хатоларини вақтида тушуниб етмайдилар. Тоғлардан йироқлашганинг сари уларнинг нақадар улуғворлиги ҳис қиласан, дейишганидек инсон зоти бир нарсани йўқотмаганигача унинг қадрига етавермайди. Гулдек оила барбод бўлгандан кейингина хатолар аён бўла бошлайди. Бироқ, синган чойнакни чегаласанг ҳам у ўз ҳолича бўлмайди.

Бугун ҳам кимдир ажрашиш остонасида тургандир. Йўқ, бундай яшаб бўлмайди, тамом, ҳаммасига нуқта қўяман, дейишдан осони йўқ, аслида. Айнан ана шу даҳшатли қадамни ташлашга тайёр турганлар учун АҚШлик ёзувчи, бизнес-тренер, Жеральд Рожерс ўз маслаҳатларини берар экан, бир вақтлар ўзи йўл қўйган хатоларни деб оиласини сақлаб қола олмаганини айтади. У ажрашиш оснонасида турганлар, хусусан, эркакларга оилани сақлаб қолиш ва бахтли яшаш учун 20 та маслаҳат беради.

“Албатта, мен муносабатлар бўйича эксперт бўла олмайман, аммо оилавий ҳаётдаги кичик тажрибамдан келиб чиқиб, агар менга иккинчи имкон берилганда мен нима қилган бўлардим, деб ўйлаб қолдим. Мен билан 16 йиллик ҳаётини ўтказган аёлни йўқотдим. Шунинг учун сиз ҳам менинг хатоларимни такрорлашингизни истамасдим...”, – дейди Жеральд Рожерс.

1. Ҳеч қачон унга эътиборли бўлишдан тўхтаманг. У билан қайта ва қайта танишинг.

Менинг энг катта хатоим – рафиқамни мажбуриятим деб билганим. Ҳар бири эркак аёл кишининг қўлини сўрар экан, уни бир умр бахтли қилиш, кўнглига йўл топиш ҳақида ўйлайди. Аммо вақт ўтгани сари эркакниг ўз-ўзига берган ваъдаси унут бўлиб бораверар экан.

Сизнинг рафиқангиз – ҳаётингиздаги энг керакли ва азиз инсонлардан биридир. Сиз уни ўзингиз учун танлагансиз, шундай эмасми? Мана шуни ҳеч қачон унутманг! Қалбингизда унга нисбатан меҳр, муҳаббат борлиги учун уйлангансиз. Сиз ана шу муҳаббатни қувватлантириб боринг...

2. Юрагингизни ҳимоя қилинг.

Оила бошлиғи сифатида сиз нафақат унинг қалбини, балки ўз қалбингизни ҳам ҳимоя қила билишингиз керак. Юрагингизни бошқа, бегона аёллардан ҳимояланг. Ўзингизни севинг ва майда муносабатларга берилманг. Кераксиз, оиладан ташқаридаги муносабатлар юрагингизга бўлган ҳиёнатдир. Эркак кишининг юрагига унинг рафиқасидан бошқа ҳеч ким “эга”лик қилиши керак эмас. Турмуш ўртоғингиз эса унга эҳтиёж сезган вақтингиздаёқ, юрагингизга ҳеч бир тўсиқсиз кира олиши керак.

3. Қайта ва қайта севинг.

Сиз доимий равишда ўзгариб турасиз. Бу ҳар бир инсон табиатига хос. Уйланган вақтингиздаги ёш, навқирон, куч ва ғайратга тўлган шахс энди йўқ...

5 йилдан сўнг бугунгидек бўла олмайсиз. Инсонлар ўзгаради, аммо қандай ўзгаришлар бўлишидан қатъи назар сиз ҳар сафар ўз жуфтингизни танлашингиз лозим. Уни аввалгидек, худди илк бор илк бор танишган чоғингиздагидек севинг...

4. Ҳар қачон рафиқангиздан яхши ҳислатларни изланг.

Уни севишингизни унутманг! Ёмон жиҳатларни ҳаммадан топиш мумкин, ҳатто, сиздан ҳам. Шу сабабли унинг фақат яхши фазилатлари ҳақида ўйланг, ёмонини ортга ташлнг. У ёнингизда бўлган вақтларда ҳаётингиз қанчалар ранг-баранг ва гўзал бўлишини, у билан ўтган бахтли кунларни ўйланг. Ахир сиз унга шунчаки уйланмагансиз, уни шунчаки танламагансиз-ку...

5. Уни ўзгартиришга уринманг, бу сизнинг вазифангиз эмас.

Сизнинг вазифангиз – уни шунчаки севиш. Уни ўзингиз истагандек бўлишга мажбурламанг. У ҳам мустақил индивид эканини ёддан чиқарманг. Уни синдирманг. Ана шундагина аёл сизнинг меҳр ва эътиборингиз туфайли сиз истагандек ўзгаради ва сиз уни севишда давом этаверасиз.

6. Барча мажбуриятларни ўз гарданингизга олинг.

Оиладаги мажбуриятларни эркак киши зиммасига олиши лозим. Бунда ҳиссий мажбуриятлар ҳам назарда тутилади. Сизнинг бахтингиз – аёлингизнинг ташвиши эмас. Агар ўзингиз истамангиз у сизни бахтли қила олмайди. Ахир сиз ҳам барча оила аъзоларингизнинг бахтини таъминлаш мажбуриятини ололмайсиз-ку. Агар сиз бахтли бўла олсангиз, у ҳам бахтли бўлади. Турган гапки, сиз ва турмуш ўртоғингизнинг бахти – бу оила бахти дегани. Баъзида шунчаки бахтли бўлишни исташ, инсонга қалб йўлларини очиб беради.

7. Жаҳлингиз чиқаётган маҳал, ўзингизни бунга у айбдордек тутманг.

Жаҳлингизни жиловлай билинг. Турмуш ўртоғингиздан жаҳлингиз чиқаётган бўлса, демак бу сизнинг танловингиз. Ёшликда олган жароҳатларингиз катта ҳаётда панд бераётгани рафиқангизнинг айби эмас. У сизни даволаш учун ортингиздан югуриб юриши ҳам нотўғри. Ҳиссиётларингизни жиловлашни ўрганган маҳалингиз, оилавий муносабатлар ҳам секин-аста изга тушаётганига гувоҳ бўласиз.

8. Рафиқангизга шунчаки, яшаш имконини беринг.

Турмуш ўртоғингизнинг бирор нарсадан асаби бузилганда, унинг барча муаммоларини бирданига бартараф қилишга уринманг. Бу сизнинг мажбуриятингизга кирмайди. Буни тўғри тушуниш керак. Унга асабийлашиш инсонга баъзи нарсаларни тушунишга ва кўра билишга ёрдам бериши мумкинлигини тушунтиринг. Аёллар шундай яратилган. Улар ҳамма нарсани кўнглига яқин олади. Аммо шундай ҳолатларда у сизга суяна олиши мукинлигини ҳис этиши керак. Жаҳлдан тушган маҳалда у ёнида кучли ва иродали эркак борлигини тушунади. Ҳар сафар жаҳли чиққанда уйдан қочиб чиқиб кетадиган эмас, унинг ёнида бўла оладиган эркак сифатида сизга барча сирларини ишонади. У қандай қийинчиликларга, муаммоларга дуч келишидан қатъи назар унинг ёнида бўлишингизни тушунтира билинг.

9. Бироз “тентакроқ” бўлинг.

Ўзингизни кераксиз нарсаларда ҳам айблайверманг. Кўпроқ кулиб гапиринг. Шундай қилингки, у ҳам кулсин. Кулгу ҳаётни нурлантиради ва яшашни осонлаштиради.

10. Унинг қалбига ҳар куни киринг.

У қандай ҳолатда ўзини севимли ва ҳимояланган ҳис этишини билишингиз керак. Лозим бўлса, уни қувонтирадиган 10 та нарсанинг рўйхатини тузинг. Нима қилсам у бахтли бўлади, деган фикр доимо миянгизда чарх урсин. Ана шу сизнинг ҳаётдаги мақсадингиз бўлсин. Имконини топа олсангиз, ҳар куни унга ўзи истаган бахт нашидаларини хадя этиб боринг.

11. Унинг ҳаёти ичида бўлинг. Буни бежизга айтаётганим йўқ.

Сиз умр йўлдош сифатида унинг ҳаётини кузатиб боришигиз керак. Агар у сизга бирор нима ҳақида гапириб бераётган бўлса, эринмай эшитинг. Сиз ишда бўлган вақтингизда у сизни кун давом кутади. Кечга яқин ишдан келганингизда, унинг ҳам сўзларини эшитиш учун кўчадан миянгизни бўшатиб киришингиз керак. Уни энг керакли мижозингиз деб тасаввур қилинг.

12. Унинг “махфий оламини” борича қабул қилинг.

У билан ишқий муносабатларни шунчаки қизиқиш, эҳтиёж деб баҳоламанг. Бу унинг қалби билан боғлиқ муносабат. Шундай қилингки, у сизга ҳамма вақт ишонсин ва сиздан бахт топсин.

13. Аҳмоқ бўлманг, аммо баъзида ўзингизни аҳмоққа солишдан ҳам қўрқманг.

Ҳамма қатори сиз ҳам хато қиласиз, у ҳам хато қилади. Буни тан олишга ўзингизда куч топинг ва келажакда ана шу хатони такрорламасликка ҳаракат қилинг. Сиз идеал бўлолмайсиз. Унга ҳафтада 7 кун, бир кунда 24 соат давомида аҳмоқ бўлиб туюлманг.

14. Унга шахсий ҳудуд ажратиб беринг.

Рафиқангизга бўш вақт керак. Ўзи қизиққан нарсаларини қилишга, дугоналари, дўстлари, яқинлари билан учрашишга рухсат беринг. Болаларингиз билан ҳам ўзингиз, оналарисиз қолишга уриниб кўринг. Унга ҳам уй ташвишларидан дам олишга имкон беринг. У ҳам худди сиз каби дам олишга ва кўнглини ёзишга ҳақли эканини унутманг.

15. Баъзида заиф бўла билинг.

Сизни қўрқитаётган, ташвишга солаётган нарсалар ҳақида унга гапиринг. Хатоларингизни тан олишни, кечирим сўрашни ўрганинг.

16. Унинг қаршисида бутунлай ростгўй бўлинг.

Агар рафиқангиз сизга тўла ишонишини истасангиз, унинг олдида ростгўй бўлинг. Ҳеч қачон, ҳеч кимга айтмаган гапларингизни унга айта олишингиз керак. Албатта, бунга ирода керак. Шуни билингки, ўртангизда бирор сир қолмагандагина муносабатлар бир маромга келади. Кўчага чиққанда тақиладиган ниқоб, уйингиз остонасида ечилиши керак.

17. Ҳеч қачон у билан бирга катта бўлишдан тўхтаманг.

Ўсимлик барг ёзиб, гуллаши ва мева бериши учун анчайин машаққатли меҳнат талаб этилади. Муносабатлар ҳам худди шундай, парвариш бўлмаса бари бекор. Ўзаро, иккингизга маъқул бўлган ният ва тилакларни, орзуларни биргаликда ўйланг. Режа тузинг ва уларни амалга оширишга ҳаракат қилинг.

18. Пул ҳақида ўйламанг.

Пулни оилада ҳар иккингиз бошқаришингиз лозим. Агар уларни ишлата билмасангиз, сарфлашдан қўрқсангиз пулларнинг сизга нафи бўлмайди. Жуфтингизга ишонинг, ундан пул беркитманг. Бу ўзаро ишончга путур етказади.

19. Кечиришни ва унутишни билинг.

Унинг хатоларини тезда кечиринг ва унутинг. Шундай унутингки, кун келиб юзига солманг. Келажак ҳақида ўйлаганда, келажакни у билан тасаввур қилганда, қачонлардир қилинган хато ва камчиликларни эслаш шарт эмас. Ўтмиш сизни асир сифатида ушлаб туришига йўл қўйманг. Унутманг, ҳар бир хато ҳаётда ниманидир яхшилашга уриниш чоғида қилинади. Бунинг учун уни ва ўзингизни айблашингиз ноўрин. Билиб туриб ҳеч ким хато қилмайди-ку, ахир. Ўтмишдаги хатоларни эслаш оилани жарлик сари етаклайди. Кечириш эса барчасини унутишга ва янги мақсадга интилиш сари ягона йўл саналади.

20. Ҳар қачон МУҲАББАТни танланг!

Балки буни сизга фақат мен айтаётгандирман, аммо сиз фақат муҳаббатни танлашингиз керак. Бу инсон ҳётидаги энг керакли нарсалигини унутмаслик керак. Агар муҳабатни танласангиз, ҳар қандай вазиятда ҳам оилангиз бузилмайди. Чунки оиланинг асоси – муҳаббатдир. Муҳаббат эса сабр ва бардошли. У ҳар қачон йўл кўрсата олади. Бахтли бўлинг. Ажрашманг!

Оила, турмуш – бу “улар узоқ ва бахтли яшашди” деганидир. Бу иш, бу муносабатлардаги ўзгаришларга тайёр туриш. Аммо муносабатлар вақт билан синалади. Муносабатларингиз устида ишланг ва бахт ўзи оёғи билан келади.

Никоҳ ҳаёт каби юқорилаш ва йиқилиш каби муҳим жарёнлардан ташкил топган. Бир-бирингизни севишга ўрганинг, бу сизга катта мақсадлар ва имкониятлар эшигини очади. У худди иморатга ўхшайди. Иморатнинг бироз қийшайган ғиштларини ҳар куни тўғриласангиз, у ҳеч қачон бузилмайди.

Умида Якубова
 Манба: Qalampir.uz