Оила

Эримга ёқмай қолдим!

Турмуш давомида аёлда шундай фикр пайдо бўлиши тез-тез учраб турадиган ҳолат. Аёл турмуш ўртоғи учун ўзини ёқимсиздек ҳис эта бошлайди. Бу катта муаммо.

Сабаби

  • Биринчидан, аёл табиатан ёқимли эканлигини ҳис этиб яшаши керак;
  • Иккинчидан, эри учун аёл ёқимсиз бўлиб қолган бўлса, демак оилада муносабатларга дарс кетмоқда;
  • Учинчидан, ўзини ёқимсиз деб билган аёл ҳақиқатдан ёқимли эканлигига ишонмай қолади;
  • Тўртинчидан, эрига ёқмаслигини билаётган аёл ўзини камстишни бошлайди ва эрининг кўзида янада пастроққа тушади;
  • Бешинчидан, "ёқимсиз" аёл эрининг кўплаб айбига кўзини юма бошлайди.

Ҳақиқатдан ҳам аёл ўз турмуш ўртоғига ёқимсиз бўлиб қоладими? Бунинг сабаби нима?

Вақт ўтиб, эркак ҳам аёл ҳам ўзгаради. Улар бир-бирига мос равишда ўзгариб борса, муаммо йўқ. Лекин, баъзида эр-хотин ҳар хил йўналишда ва турлича тезликда ўзгара бошлайди ёки умуман ўзгармай юраверади. Мана шу мутаносибликнинг бузилиши муносабатларда муаммолар келтириб чиқаради.

Эркак бирданига хотинидан ўзгаришини талаб қилиб қолади. Унга бўлган эътирозлари кўпайиб қолади. Аёлининг жисмоний кўриниши, гапириши, ўзини тутиши, ҳиди, жинсий муносабатлардаги ўрни ва ҳоказолар ёқмай қолади. Ёки ундан ёмони, ҳеч қандай талаб эътирозсиз хотинидан секин-аста совушни бошлайди.

Хотин барча айбни ўзига олиб ўзгаришга ҳаракат қила бошлайди, лекин негадир ўзгараётган бўлса ҳам, эрининг эътирозлари камаймаётган бўлади. Шунда у ўзини айбдордек ҳис этиб бошини эгиб эрини янада баландроққа кўтариб қўяди.

Эркакнинг хотинидан ранжишига нима сабаб бўлиши мумкин?

Асосийларида тўхталиб ўтамиз.

Бошқа аёлни севиб қолиши.

Агар эркакнинг хотинидан ранжишига сабаб бу бўлса, у ҳолда бу оддий ҳиёнат бўлиб, хотинида ҳеч қандай айб йўқ. Қўлидан келса, эрини қайтариб олади, қўлидан келмаса, эрини йўқотади. Ҳиёнат туфайли эрига ёқмай қолган аёл қанча уринмасин эрининг четдаги "асал ойи" даврида унинг кўзига ёқимсиз бўлиб кўринаверади. Вақт ўтиши керак. Четдаги муносабатлардаги эҳтирос камайганида хотини курашишни бошласа бўлади.

Ўзбек аёли эрининг меҳрини қозониш учун биринчи навбатда овқатни янада мазалироқ, тортни янада каттароқ қилишга ҳаракат қилади. Бу йўл мақсадга эришишга ёрдам бермайди. Қўшимча "қурол" сифатидагина қўлланилиши мумкин.

Бирон танишининг аёлига хавас билан қараши.

Бировларнинг хотинига хавас билан қарайдиган эркаклар кам эмас. Улар шу қадар бўш ва қўрқоқ бўладики, ўзи ундай аёлга уйланишга маънавий, жисмоний ва психологик кучи етмайди, ёнидаги аёли шундай бўлиши учун имконият яратиб бермайди ва бировга хавас билан кифояланиб яшайди. Хотини у аёлга ўхшамаганлиги сабаб унга меҳр билан қарай олмайди. Бундай эркаклар хотини у учун ҳаракат қилишига, ўзгаришига арзимайди. Улар ҳалиги ёқимли аёлга муносиб бўлишга ҳаракат қилмайдилар-у, нега хотинидан юқори параметрларга эга бўлишини талаб қилади? Хотини қанчалик ўзгармасин, ҳаракат қилмасин, ўша қўшнининг аёли ёқимли бўлиб кўзига кўринаверади, аёли ёқимсиз бўлиб, аёлида қўшимча камчиликлар топилаверади. Бундай эркак билан ўзгаришга ҳожат йўқ. Агар кучи етса, ўзи биринчи ўзгарсин, ана ундан кейин хотини унга муносиб бўлишини талаб қилсин. Эркак қандай бўлса, ёнидаги аёл айнан унга мос ва муносиб бўлади. Бундай эркак билан аёл ўзини қадрини кўтара олиши керак.

Ўзи ўзгариб аёлидан ҳам юксалишни кутиши.

Бу юқоридаги кўринишнинг аксидир. Бунда эркак маълум бир сабаб(молиявий, жисмоний ва бошқа)ларга кўра ижобий томонга ўзгарган бўлади. Бундай эркак ёнида ўзига мос аёл бўлишини истайди ва бунга ҳаққи бор. Агар аёл эри ҳақиқатдан ижтимоий юксалганини ҳис этаётган бўлса, у ҳолда у ортда қолмай ўз устида ишлаши лозим. Эри кўп китоб ўқимоқдами, у ҳам адабиётга қизиқиши лозим. Эри жисмоний ҳолатини яхшиладими, аёл ҳам ўз жисмоний кўринишига аҳамият бермоғи лозим. Эри катта учрашувларга бормоқдами, аёли ёнида муносиб кўринишда ва муомилада бўлиши даркор. Бундай оилалар юксалаверади, ундаги фарзандлар эса янги ижтимоий чўққиларни забт этадилар.

Аёли кескин равишда ўзига қарамай қолиши (вазни кескин ошиб, соч ва юзида аёллик иси қолмаслиги ва ҳоказолар).

Бир нечта фарзанд туққан аёл қизлик пайтидан фарқ қилиши ажаб эмас. Лекин 30-35 ёшида аёл 80кг бўлиб, юзини, сочларини парвариш қилмай қўйиб, товонлари қотиб кетиб юрса, ҳамма эркак ҳам бунга чидаши осон бўлмайди. Аёл 20 ёшида ҳам, 70 ёшида ҳам ўзига қараган бўлиши муҳим. Ўзини ёш кўрсатиш шарт эмас, лекин парвариш қилинганлиги билиниб туриши лозим. Кийимидан доимий тарзда фақат йўг ҳиди келиб турган аёл, ҳеч бир эркакка ёқимли кўринмайди.

Аёлнинг ўзига қарашга вақти етмаётган бўлса, эридан ёрдам сўраши керак. Сўраёлмайдиган, ёрдамни ола билмаган аёл эрига ёқиши тобора қийинлашиб бораверади. Эрнинг кўзига столдаги торт, тоза идишлар, супурилган ховли эмас, аёлининг юзидаги доғлари, кийимининг кирлиги, сочидаги ёғ иси аниқроқ билинади.

Эркак ўзидан ранжиб, аламини хотинидан олиши.

Бу ҳолат ҳам кўп учрайди. Бундай эркакнинг ўзига бўлган ишончи кам бўлади. У ўзидан ич-ичида нафратланади. Тайинли иш қилмайди, қўлидан ҳеч нарса келмайди. Мана шу каби эркаклар, ўзини ўзгартиришнинг ўрнига, хотинини камситишга ўтади. Уни астойдил ўзига қарамайдиган, ўзини камситадиган, бошини кўтара олмайдиган аёлга айлантириб қўяди. Йиллар давомида хотинини ерга ураверса, мақсадига эришади. Натижада эса, боши эгилган, ўзига қарамайдиган, камситилган аёлни кўриб, ўзига бўлган ишончини ошириб ўтиради. Аёл бундай эркак билан синмаслиги керак. Ўз қадрини била олган, ўзини сева оладиган, эрка бўла оладиган аёл бундай вазиятда ўзи синмай, балки эрини ҳам ботқоқдан чиқара олади.

Эркакда жинсий муаммолар пайдо бўлиши (жинсий ожизлигининг сабабини хотинидан излайди).

Эркак ўзида жинсий ожизликни ҳис эта бошласа, негадир сабабини тиббий муаммодан изламай, хотинидан излашни бошлайди. Хотинининг қўшимча 2-3 килоси, соч ранги ёки турмагини унинг жинсий ожизлигига сабаб деб билади. Жинсий ожизликнинг асосий сабаби тиббий муаммолардир. Вақтида даволанган касалликлар жинсий ожизликнинг олдини олади.

Айнан шу аёлга уйланганидан ачиниши.

Эркак ота-онасининг қистови ёки бошқа сабаблар билан бир аёлга уйланади. Лекин турмуш давомида унга ҳеч меҳри уйғонмайди. Йиллар ўтган сайин хотини ёқмай кетаверади, эркак ҳам ажрашмай шундай меҳрсиз турмушни давом этаверади. Агар турмуш қуришдан олдин аёл эрига ёқмаган бўлса, у ҳолда турмуш давомида уни меҳрини қозонишга ҳаракат қилиши лозим. Меҳр қозониш учун манти пишириш шарт эмас, тили ширинлик, эркалик, ўз қадрини билиш ва албатта жинсий муносабатларнинг бойлиги эркакни меҳрини қозонишда энг осон йўлдир.

Ҳаётда эркак ҳам аёлига ёқмай қолиши мумкин. Лекин бу ҳолат камроқ учрайди. Асосан эркаклар турмуш давомида аёлига эътирозли бўлиб қолади. Бунинг сабаби оддий. Ўзбек аёли ўз қадрини билмайди. Қадрини билган аёлни эркак ҳам қадрлайди, унга эътирози ҳам кам бўлади. Ўзини камситадиган аёлни эса камситиш жуда осон. Ерга уриш, айблаш билан ундай аёлларни қўлда ушлаш осон.

Аёл қанчалик бошини баланд тутса, бошини баланд тутишига ўзида минглаб сабабларни топа олса, ёнидаги эркак ҳам хотинини ёқтириш учун шу сабабларни кўра олади.

Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!

Манба: Uzbaby.Uz