Таниқли руҳшунос, профессор Карл Сишорнинг фикрича, ўртача одам ўз хотирасининг туғма қобилиятининг фақат ўн фоизидан фойдаланар экан. Имкониятнинг қолган тўқсон фоизи эса ўз-ўзидан йўқолади.
Эслаб қолишнинг табиий қонунлари ниҳоятда оддий. Улар бор-йўғи учта: таассурот, такрорлаш ва тасаввур.
Эсда сақлаб қолишнинг биринчи шарти — сиз хотирлашни хоҳлаган нарса тўғрисида чуқур, ёрқин ва мустаҳкам тасаввур ҳосил қилишдир. Бунинг учун диққат-эътиборингизни бир жойга жамланг.
Теодор Рузвельт уни билган кишиларни ажойиб хотираси билан лол қолдирган. У қунт, тиришқоқлик ҳамда диққат-эътиборини битта нуқтага йиғишни ўрганган эди. Жамоат ва давлат арбоби шовқин-суронда ҳам китоб ўқиш кўникмасига эга эди.
"Мен бир нарсани қўлга киритдим, у барча нарсалардан афзал, — деган эди бир йилда миллиондан зиёд фойда олувчи "Бетлехем стил" компанияси президенти Южин Грейс, — уни ҳар куни, ҳар қандай шароитда қўллайман — мен айни вақтда шуғулланадиган ишимга бутун диққат-эътиборимни тўла-тўкис сарфлайман".
Авраам Линкольн болалигида қишлоқ мактабига қатнар, мактаб поли омонат, деразадаги ойна ўрнига дафтардан йиртиб олинган ва ёғ суртилган қоғоз қўйилган эди. Мактабда фақат биттагина дарслик бўлиб, уни муаллим овоз чиқариб ўқир, бошқа ўқувчилар ортидан дарсни жўр бўлиб такрорлашарди.
Унинг хотираси одатдан ташқари ўткир эди. "Менинг ақлим, — деган эди Линкольн, — пўлат парчасига ўхшайди. Унга ниманидир тиркаш ниҳоятда қийин, аммо бирор кун ёзилгандан кейин мутлақо ўчириб бўлмайди".
Линкольн онгига керакли маълумотни ёзиб олиш учун икки ҳис-туйғу аъзосидан фойдаланган. Сиз ҳам худди шуни амалга оширишингиз мумкин.
Энг муҳими — кўриш ҳисобланади. Инсонда асосийси, кўриш идроки ҳисобланади. Кўриш идроки, таассуроти жуда-жуда маҳкам мустаҳкамланади. Хотирада сақлашни истасангиз, телефон рақамини, маъруза режасини ёзиб олинг. Ёзиб олганларингизни кўриб чиқинг. Кўзингизни юминг. Оловли ҳарфлар билан ёзганларингизни кўз олдингизга келтиринг.
Бутун бошли китобни қандай ёд олиш мумкин?
Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети дунёда энг йирик олий ўқув юртидир. Ушбу муассасада йигирма бир минг талаба таҳсил олади. Кириш имтиҳонида ҳар бир кирувчидан Қуръонни ёддан айтиб бериш талаб қилинади. Бу китоб ҳам тахминан Инжил каби ҳажмга эга бўлиб, уни овоз чиқариб ўқишга уч кун вақт кетади!
Такрорлаш воситасида, бу — эслаб қолишнинг иккинчи "табиий қонуни"дир.
Сиз чексиз миқдордаги маълумотни етарли даражада тез-тез такрорлаб турсангиз, ёдлаб ололасиз. Эслаб қолишни истаган маълумотларни такрорланг. Улардан фойдаланинг. Амалда татбиқ этинг.
Ўзаро суҳбатларда янги сўзларни ишлатинг. Янги танишларнинг исмини тилга олинг. Кўпчилик олдида сўзга чиқишда гапирмоқчи бўлган ҳолатларни суҳбатларда эслаб туринг. Фойдаланишда ишлатилган маълумотлар хотирада жойлашиб қолади.