30 январь куни профессионал теннисчиларнинг ҳафталик янги рейтинги эълон қилинди.
Рейтингда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин икки ҳафта аввалги ўрнига нисбатан 37 поғонага кўтарилиб, 80-ўринни эгаллаб турибди.
Хабарингиз бор, Денис Истоминнинг “Катта Дубулға” туркумига кирувчи Австралия Очиқ чемпионатининг яккалик баҳсида дунёнинг 2-ракеткаси Новак Жоковични мағлуб этиши теннис оламида катта шов-шувга сабаб бўлди.
Турнирнинг нимчорак финалга қадар етиб борган Истомин илк даврада хорватиялик Иван Додигни, иккинчи босқичда дунёнинг иккинчи ракеткаси, сербиялик Новак Жоковични, учинчи даврада испаниялик Пабло Бустани мағлубиятга учратишга муваффақ бўлганди.
Рейтингда иккинчи ракеткамиз Санжар Файзиев 367-ўринда эътироф этилди.
Австралия Очиқ чемпионати ғолибига айланган швейцариялик теннис афсонаси Рожер Федерер 7 поғонага кўтарилиб, кучли ўнталикка қайтди. Финалчи Рафаэль Надаль эса 9-поғонадан 6-ўринга кўтарилди, деб ёзади Sof.uz нашри.