Биласизми?

Давом этамиз: эркак учун зарур 10 уқув ва кўникма

Ривоят қилинишича, Одам алайҳиссаломнинг ўрганган-билган ҳунарларининг сон-саноғи бўлмаган экан. Бугун тараққиётга етишган сайин турмуш тарзи ҳам енгиллашиб бормоқда. Натижада, кўп билим ва кўникмаларни унутиб қўймоқдамиз. Лекин уларнинг баъзилари бизга тез-тез керак бўлиб қолади.

Олдинги мақоламизда ҳаётда сизга керак бўладиган 10 та уқув ва ҳунар ҳақида маълумот берган эдик. Мазкур материалда ҳам ҳаётнинг турли вазиятларида эр кишига асқотадиган ҳунар ва билимларни диққатингизга ҳавола этамиз. Бу маълумотлар илмий кузатув ва катта ёшли инсонларнинг ҳаёт тажрибасига асосланган.

  1. Биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш

Футбол ўйнаётганда тўсатдан жиддий жароҳат олган ёки автобус бекатида юраги хуруж қилиб қолган одамга ёрдам беришга ожизлик қилишдан оғир вазият бўлмаса керак. Шунинг учун фавқулодда вазиятларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмасини ҳам ўрганиб олинг. Тадқиқтолар ҳар 4 эркакдан бири бу каби вазиятга тушиб қолишини кўрсатган.

  1. Музокара олиб бориш

Эркак – оила бошлиғи, мисоли бир давлатнинг раҳбари. Оила учун ва оила номидан келишувлар қилиш унинг елкасига тушади. Нарх-навони келишиш, ўзаро муносабатларда аниқ ва тиниқ режаларни белгилаб, қатъийлик билан иккинчи томонга буни тушунтириш ва бирор масала юзасидан розилик олиш осон эмас. Музокара олиб бораётганда иккинчи томоннинг нигоҳига тик боқиб, кези келганда жиддий ёки мулойим, аммо самимий оҳангда сўзланг. Сизнинг бу жараёнда қатъий одам сифатида таассурот қолдиришингиз ишнинг осон ва кўнгилдагидек битишига хизмат қилади.

  1. Соқолни қиртишлаш

Бу жуда керакли уқув. Тасаввур қилинг, ишга ёки муҳим учрашувга борганингизда соқолингиз яхши олинмаган бўлса, сизга пала-партиш ва тартибсиз деган тамғанинг босилиши учун шунинг ўзи етарли.

  1. Тугма қадаш

Шошиб турган маҳалда яқинларингиз ҳам сизга ёрдам бера олмасликлари мумкин. Кўчага тугмасиз кийимда чиққандан кўра, бу ҳунарни ўрганиб олганингиз фойдали. Айтгандай, диққатли бўлинг, статистика ҳар 10 эркакдан 7 нафари тугмани тескари қадаб қўйишини кўрсатмоқда!

  1. Ўтин ёриш

Ҳа! Қадимда куёвга бекорга ўтин ёрдиришмаган экан. Қишда хонадонга иссиқлик олиб кириш учун ўтин ёришдан бохабар бўлиш керак. Бунинг учун куч ва маҳорат керак. Акс ҳолда, сиз ёрган ўтин печка туйнугига ҳам сиғмай қолиши мумкин.

  1. Ичимлик суви топиш

Ҳаётда турли хил вазият бўлиши мумкин. Баъзида саёҳатга ичимлик сувисиз чиққан бўлсангиз, қаршингиздаги дарё ёки кўл сувини ичишга ошиқманг. Имкон бўлса, уларни фильтрланг ва олдин оғзингизда унинг таъмига диққат қилинг. Ёмғир суви эса табиий чучук сув ҳисобланади.

  1. Ғилдирак алмаштириш

Автомобиль шинасининг тешилиб қолиши – ҳайдовчи учун энг ёқимсиз ҳолатлардан. Айниқса, шошиб турганда. Уни мустақил алмаштириш чинакам эркакка хос ҳунар. Магистраль йўлларда ёрдамсиз қолиб кетгандан кўра, буни ўрганиб қўйганингиз маъқул.

  1. Суратга олиш

Смартфонлар юқори сифатли тасвирга олиш имконини англатади. Аммо, ракурс ва манзарани тўғри танлаш зарур. Акс ҳолда, ҳаётнинг энг гўзал хотиралари хира ва тушунарсиз суратларда акс этади. Фарзандингиз бўлса, унинг бахтли болалигини, ота-онангиз билан ўтаётган лаҳзаларни келажак учун муҳрланг.

  1. Пичоқни ўткирлаш

Ҳар ойда камида бир марта рафиқангиз пичоқларнинг ўтмаслашиб кетганидан ҳасрат қилса ва буни кунора эслатиб турса, буни дашном деб қабул қилаверасиз. Дашномни кўтариш эса осон эмас. Ошхонада аёлингизнинг анжомлари рисоладагидай турса, кайфияти ҳам яхши бўлади. Табиийки, дастурхон ҳам мазали ва тўлиқ бўлади. Бу уқув тўғрисида танишлар билан тажриба алмашинг ёки интернет тармоғидан шунга доир тажрибаларни кўздан кечиринг.

  1. Тагликни алмаштириш

Шошманг! Диққатингиз бўлиниб, энса қотирманг! Фарзанд – сизнинг жигарингиз. Унинг таглигини алмаштириш катта муаммо эмас. Айниқса, тўлиб қолган тагликдан болангиз жабр кўрмаслиги учун шундай қилишга мажбурсиз. Ўз болангиздан ирганишни хаёлингизга ҳам келтирманг! Мен ҳам аёлим иккинчи фарзандимиз учун туғруқхонага ётганида бу "ҳунар"ни ўрганиб олган эдим :).

Доимо омадли бўлинг! Омад калити эса уқувда!