Гилос – камқонликнинг шифоси
Гилос меваси ўзининг витаминларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Вужудимизда кечувчи моддалар алмашинуви жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий минералларига ҳам бой ҳисобланади.
Шу билан бирга, гилос мевалари органик кислоталар, сахароза (фруктоза, глюкоза), РР ва В6 витаминлари, йод, фтор, хром, кремний, никель, рух, марганец сингари микроэлементлар, пектинлар, флавоноидлар гуруҳига мансуб антоцианларни ўзида сақлаб, саломатлигимизни мустаҳкамлашда кўмаклашади.
Гилос буйрак ва жигар фаолиятини яхшилаб, қон айланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Гипертония билан оғриган беморлар учун фаол бирикмаларга бой бўлган тўқ қизил гилоснинг энг фойдали миқдори кунига 250-300 граммни ташкил этади.
Ичак ворсинкалари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун гилос мевалари ичаклар атонияси (ичак фаолияти сусайиши), колит (қабзият) ва бошқа ички хасталикларда даво сифатида қўлланилади. Гилос шарбати ва қайнатмаси овқат ҳазм қилиши тизими фаолиятини яхшилайди. Унинг мевалари таркибида кам миқдорда органик кислоталар мавжудлиги сабабли уни истеъмол қилиш меъда шиллиқ қаватининг ялиғланиши (гастрит) билан оғриган беморларда кислота миқдорининг ортишини келтириб чиқармайди.
Шунингдек гилос меваларида темир ва витаминлар кўплиги боис камқонликда истеъмол қилиш тавсия этилади.
Малина – саратонга қарши фойдали мева
Табиат неъмати бўлмиш малинанинг инсон саломатлигига фойдаси ҳақида кўп эшитганмиз. Океан орти олимлари ўтказган тадқиқотлар натижасида мазкур меванинг яна бир ижобий жиҳати кашф этилди.
Тадқиқотчилар томонидан саратон ҳужайралари мавжуд жониворларда синаб кўрилган малина 90 фоиздан ортиқ саратон ҳужайраларини йўқ қилиб юборган. Малина антиоксидант хусусиятларига эга бўлиш билан бир қаторда, унда саратонга қарши махсус модда мавжуд.
Аввалги тадқиқотлар натижаларига кўра олимлар малинанинг фақат айрим турларигина саратон хужайраларини йўқ қилиши мумкин деб ҳисоблашарди. Масалан, қора малина. Аммо, сўнгги изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, малинанинг ҳар қандай тури саратонга қарши курашиш хусусиятига эга.
Шу билан бир қаторда малина С витаминига бой бўлиб, бу эркаклар учун ниҳоятда фойдалидир.
Шундай экан, бозор пештахталарини тўлдириб турган гилос ва малина меваларидан сотиб олиб, фойдали меваларни оилангиз билан баҳам кўришни унутманг.