Париждаги 0:4 ҳисобидаги мағлубиятига қарамай, Каталониянинг «Барселона» клуби Чемпионлар лигасининг чорак финалига йўл олди.
«Камп Ноу» стадионида кечган жавоб беллашуви 6:1 ҳисоби билан ўз якунига етди. Биринчи бўлимни 2 та гол фарқи билан якунлай олган Испаниянинг амалдаги чемпиони 62-дақиқада ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди ва вазиятни янада қийинлаштирди, деб ёзади Daryo.uz.
Учрашув асосий вақти якунига 3 дақиқа қолганида эса ҳақиқий томоша бошланди ва «Барселона» яна 3 та гол уришга муваффақ бўлди. Бунда Неймар дубл қайд этган бўлса, захирадан майдонга тушган Серхи Роберто сўнгги сонияларда жамоасини навбатдаги босқичга олиб чиққан голга муаллифлик қилди.
Маълумот учун, Чемпионлар лигаси тарихида 0:4 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин камбэк қилган жамоа йўқ эди. «Барселона» бу борада биринчи бўлди ва тарихий натижага қўл урди.
Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал 8 март, чоршанба
«Барселона» — «ПСЖ» 6:1
Голлар: Луис Суарес, 3 (1:0). Лейвин Кюрзава, 40-авт (2:0). Лионель Месси, 50-пен (3:0). Эдинсон Кавани, 62 (3:1). Неймар, 88 (4:1). Неймар, 90+1-пен (5:1). Серхи Роберто, 90+5 (6:1). Дастлабки учрашув: 0:4