Балиқ ови ўзига хос қизиқ машғулот. Барча фаслларга хос универсал дам олиш вақти. Сувларнинг овози эшитилиб турган анҳор бўйида, табиат қучоғида, турли шовқинлардан нарида, қармоқ пўкагининг қимирлашини кутишнинг ҳам ўзига хос завқи бор.
Ҳар бир одам ҳеч бўлмаганда бир маротаба балиқ овига боргани аниқ. Шундай имконият насиб этган одамлар балиқ овининг фойдаси ҳақида яхши билса керак. Бу машғулотдан ҳам руҳият тозаланади, асаблар тинчланади, ҳам ўзига хос энергия олинади.
Балиқ овида энг муҳим воситалардан бири –бу спиннинг (қармоқ). У эгилувчан ва кўпроқ юк кўтариш имконига эга бўлиши керак. Шунда каттароқ балиқ илинса, синиб кетмайди. Бу, ўз навбатида, қармоқнинг ипи ҳам пишиқ бўлиши кераклигини англатади. Зеро, сифатли, пишиқ ип омадли балиқ ови ҳамда яхши хордиқ асосидир.
Бу борада мутахассисларнинг шундай асосий жиҳатларга эътибор қаратиш кераклигини маслаҳат беришади.
1-тавсия: лойқа сув
Лойқа сув доим балиқларни ўзига тортади. Дарё ва кўллар, шаршара ёнларида балиқлар кўп бўлишининг сабаби ҳам шундан. Балиқлар тиниқ жойларни имкон қадар лойқалатишга ҳаракат қилишади. Бу ҳам бир ҳимоя услуби. Айнан лойқа сув балиқ овловчи учун жуда яхши жой. Бордию сув тиниқ бўлса, бир оз узоқроққа бориб, ўзингиз сунъий равишда сувни лойқалатиб олсангиз ҳам бўлади. Ишонинг, тиниқ сувда овингиз бароридан келмайди.
2-тавсия: чуқур ҳавза
Барчага маълумки, балиқлар кескин чуқур жойларда сайр қилишни хуш кўради. Шунинг учун балиқ тутиш учун имкон қадар ана шундай чуқур жойларни танлаш тавсия қилинади. Бу ҳам ёз, ҳам қишга тааллуқли тавсия.
3-тавсия: фаол хўрак
Агар сиз хўрак сифатида чувалчанг, қурт, ғумбак ёки бошқалардан фойдалансангиз, имкон қадар унинг фаол бўлишига эътибор қилинг. Яъни қармоқ учида хўрак кўпроқ қимирлаб тургани фойдали. Балиқ тирик таомларни ёқтиради.
4-тавсия: балиқ учун ем
Балиқ учун ем—балиқ овининг муҳим бўлаги. Ҳозир уни тайёрлаш учун ортиқча вақт сарфлаш шарт эмас. Уни тайёрлашнинг минг турли усули интернетда жуда кўп. Уларнинг ёрдам тегади, албатта.
5-тавсия. укроп қўшиш
Айрим балиқ овловчилар балиқ емига ҳатто қишда ҳам укроп ҳам қўшишади. Бундай хўрак балиқларни ўзига тортади. Айниқса, карп оиласига мансуб балиқларни.
6-тавсия. балиқ тутиш жойи
Агар сиз дарё қирғоғида балиқ тутмоқчи бўлсангиз, унда дарахтлар паналаган жойларни танланг. Балиқлар бундай жойларни севади. Чунки дарахтлардаги кўплаб қурт-қумурсқалар сув жониворларини ўзига жалб қилади. Кейин ана шундай жойларда, илдиз остида ўзига хос ғоваклар бўлади. Балиқлар бундай жойларда кўпинча “машварат” қилишади. Фақат эҳтиёт бўлинг. Қармоқ ипи шох-шаббаларга илиниб қолиши мумин.
7-тавсия. доимий балиқ емининг бўлиши
Балиқ чақирувчи махсус емнинг доимий бўлишига эътибор қилинг. Емак ҳидини олган балиқлар сиз томонга сузиб келишини истасангиз, уни тез-тез янгилаб туринг.
Керакли буюмлар
Буюмлар, биринчи навбатда, балиқ овлашдан кутилаётган мақсадга кўра, йиғилади. Бироқ сиз учун доим зарур бўладиган нарсалар рўйхати мавжуд: челак, йиғма ўриндиқ, тамадди қилиша емиш, шляпа, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак, гугурт ва ўзингиз учун зарурий маҳсулотлар...
Умид қиламизки, мутахассисларнинг берган тавсиясига мувофиқ, балиқ овласангиз, ўзингиз кутган натижага эришасиз. Агар мақсад шунчаки хотиржамлик ва осудалик бўлса, унда яна ҳам яхши. Тутган балиғингизни бир кўздан кечириб, сувга қўйиб юборинг. Бу ҳам ўзгача мароқли. Вақтингиз бўлса, балиқ овлашга, албатта, бориб туринг!