Биласизми?

"Асло нолима, ҳеч қачон ўзингни шарҳлама"

Бу қоида илк маротаба британиялик сиёсатчи, бош вазир Бенжамин Дизраэлли томонидан илгари сурилган ва жуда кўп инглиз мансабдор эркаклари унга амал қилишган. Ҳатто қирол оиласининг аъзолари ҳам! Ва ҳаттоки таниқли давлат арбоби Уинстон Черчилль ҳам бу қоиданинг тўғрилигини тан олган.

Аксарият эркаклар учун бегона бўлган "ҳеч қачон" жумласи нисбий ва барча вазиятга ҳам мос келавермайди. Аммо қаерда, қачон ва нима учун уни ишлатишни англай олсак, ўз-ўзини идора қилувчи ва серғайрат кишилар сафида қоламиз.

Ҳеч қачон шарҳламанг

Америкалик адиб ва ношир Элберт Ҳаббард шундай дейди: "Ҳеч қачон шарҳлама – дўстинг сенинг изоҳингга муҳтож эмас, душманинг эса барибир бунга ишонмайди".

Кимгадир қайсидир масала юзасидан изоҳ бериш сизнинг унга бўлган тобелигингизни оширади, тингловчига сизга ҳукмронлик қилишига куч беради. Кези келганида кимдандир танбеҳ ёки ҳақорат эшитсангиз, режаларингиз ҳақида сиздан сўрашса ёки қарорларингизнинг сабаби билан қизиқиб қолишса, бунга нисбатан муносабат билдириш, яъни суҳбатдошга унинг фикри хатолигини айтиш, бу – табиий ҳолат.

Агар у одам сиз билган ва ҳурмат қилган, ўзингизга яқин киши бўлиб, сизга жўяли бирор таклиф ёки фикр айтган бўлса, унда у билан режа ва қарорларингизни муҳокама қилишингиз мумкин.

Агар у одам сизнинг раҳбарингиз ёки мижозингиз бўлса, ишда қолиш ёки фойдани бой бермаслик учун ҳам шарҳ-изоҳ беришга мажбурсиз.

Ўрни келганида севимли киши ва дўстга ҳам бирор масала ёки вазият юзасидан изоҳ беришнинг айби йўқ.

Аммо ўзингиз шахсан билмаган (айниқса бугун онлайн тармоқда кўпайиб кетган), оилавий ва шахсий ҳаётингиз юзасидан фикр билдиришга ҳаққи бўлмаган одамларга ниманидир изоҳлаб, вақтингизни кетказманг.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўз доирангиздан ташқарида бўлган одамга изоҳ бериш – унинг даражасига тушиб қолиш билан баробар.

Ўзимизни шарҳлашнинг ягона сабаби – бошқа бировнинг маъқуллашини эшитишни хоҳлашдир. Қилишингиз керак бўлмаган ишнинг хатолигини билиб туриб, бошқалардан бу ҳақида сўраш – бошқаларга ўзингизнинг кучсизлигингизни кўрсатишдан бошқа нарса эмас.

Бирор масала юзасидан изоҳларингиз тан олинмай, фикр-мулоҳазада бошқага ютқазиб қўйишингиз – ўз-ўзингизни назорат қилиш қобилиятини пасайтиради.

Изоҳ ва шарҳда чуқурлашиб кетиш, валакисаланг суҳбатдошингизга янада куч бағишлайди. У сизни тўғри қарорларингиздан бирига қарши боришга ундамоқчи бўлади. Бундай онларда сиз унга ўзингиздаги иккита қадрли манбаани бекорга ҳадя қиласиз – вақт ва эътиборни. Натижада сиз ҳужум эмас, ҳимояга ўтиб оласиз. Суҳбатда аҳмоқ шеригингизнинг қўли баланд кела бошлайди. Табиийки, бундан қаттиқ асабийлашасиз. Бу каби суҳбатлар бора-бора сизни маънан ва руҳан эга бошлайди. Аммо сиз бунинг сабаби шу каби гурунглар эканини доим ҳам англаб етмайсиз.

Режа ва қарорларингиз тўғрисида сўраган кишига изоҳ бермаслигингиз нари борса унинг сизни ожиз деб ўйлаши билан якун топади. Аммо, бу – сизнинг энг катта ютуғингиз. Боиси сизнинг ишларингизга қизиқаётган, сиз бегона ҳисоблаган одамлар аслида сиздаги ғурурни мўлжалга олган бўлишади. Шу орқали улар сизни кучсизлантиришга уринишади.

"Асло нолима: ҳеч қачон изоҳлама" қоидаси сизга ҳасрат қилаётган, сизни танқид қилаётган одамни жимгина тинглашни англатмайди. Сиз меъёрни бузмаган ҳолда унга муносабат билдиринг.

Суҳбатда айтиш жоиз бўлган гапни гапиринг. Ўзингиз хоҳламаган гапни билдиришдан тийилинг. Фикрни лўнда қилиб ифодалаш ва ишонч билан гапириш сизни чалғитишга уринаётган суҳбатдош учун катта зарба.

Бировларга ҳадеб шарҳ бериш одамни ҳаётидан нолиш хасталигига дучор қилади. Охир-оқибат бундай одамлар Жек Лондон каби, "дунё аҳмоқларга тўла бўлгани боис, у мени тушунишга ожизлик қилади!" деган фикрга келишади. Сабаб ўзингизни қанча кўп шарҳласангиз, ўзингизга қарши далил ва айбларни шунча кўп ошкор қиласиз.

Нолишга одатламанг

Ҳиндларда "Худога йўлбарсни яратгани учун нолима, унга қанот бермагани учун шукур қил," деган мақол бор. Университетнинг қаттиққўл профессори учун курс иши ёзаётган талабаларнинг ҳолатини тасаввур қилинг. Кимдир профессорни "талабанинг қонига ташна" деса, бошқаси унинг талабчанлигини ўз муваффақияти билан боғлайди.

Эсланг, Эндрю Карнеги – ҳа, пўлат саноатининг отаси Буюк Британиядан қашшоқ бола сифатида АҚШга борганида чўнтагида ҳемири ҳам йўқ эди. Йиллар ўтиб, у йирик миллиардерга айланди. "Инсонлар билан ишлашда уларни койиш, улардан нолиш ярамайди. Бу жараёнда ўзингизни тилла изловчисига қиёсланг: йиғилаётган тилла зарраларини кўриб хурсанд бўлинг ва тупроқнинг чангини унутинг," деган экан пўлат магнати.

Агар ёш, куч-ғайратга тўла бўлсангиз, ҳозирданоқ танангизда ўзингизга муносиб кўрган шахсиятни шакллантиришга киришинг. Бировларга ўзингизни шарҳлаб, ўзлигингиздан воз кечманг ва бошқаларга ҳам яхши яшашларига ёрдамлашинг.