АҚШ ҳукумати АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистондаги боғдорчиликка ихтисослашган корхоналарга маҳаллий ва халқаро бизнесни ривожлантиришда кўмак бериб келмоқда. Бу кўмак ўзбек компанияларини энг сўнгги ўсимлик маҳсулотлари ва техника воситалари етказиб берувчи АҚШ фирмалари билан алоқа ўрнатиш ҳамда ўз экспортларини кенгайтира олишлари учун уларни янги халқаро бозорларга таништиришни ўз ичига олади.
АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Ҳенри Эншер шундай ёрдам олаётган корхоналарнинг бири – “Gold Dried Fruit Export” (GDF) масуълияти чекланган жамиятига ташриф буюрди. USAID кўмагида, етиштираётган ёнғоқларининг сифатини яхшилаш учун GDF Калифорнияда жойлашган америкалик ишлаб чиқарувчидан кўчатлар сотиб олди. Шунингдек, хўжалик фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида у Америкадан қишлоқ хўжалик техникасини ҳам харид қилди. Корхона бозорларини кенгайтириш мақсадида USAID ушбу компанияга эскпорт бозоридаги потенциал харидорлар билан алоқа боғлашда ёрдамлашиб, унинг ишлаб чиқараётган маҳсулоти сифатини яхшилаш бўйича маслаҳатлар берди. Шу йил 9-14 апрель кунлари Болтиқбўйига уюштирилган боғдорчиликка оид савдо учрашуви ҳамда траснпорт ва логистика бўйича ўқув сафари натижасида GDF компанияси Латвия ва Литванинг олтита компанияси билан 17 миллион доллардан ортиқ суммага ҳамкорлик шартномалари имзолади.
GDF 2012 йили ташкил этилган бўлиб, янги, қуритилган ва музлатилган боғдорчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаради ҳамда уларни маҳаллий бозорга ва экспорт қилиш учун қадоқлаб, етказиб беради. Жаҳон бозорида Ўзбекистонда етиштирилган қуруқ мевалар ва сабзавотларнинг сотишга яроқлилигини ошириш мақсадида 2013 йили GDF етти гектар ҳудудда қайта ишлаб чиқарувчи завод қурди. 2015 йили эса бу завод ёнида тайёр маҳсулотни сақлаш, музлатиш ва қадоқлаш учун юқори технологияга асосланган совутгич омборхонаси барпо этилди.
Компания боғдорчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда инновацион ёндашувни тадбиқ этгани учун эътироф этилиб, 2017 йил 18-19 октябрь кунлари Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган VII Марказий Осиё Савдо форумида боғдорчиликни ривожлантириш, маҳсулотларни қайта ишлаш ва сақлаш учун мукофот билан тақдирланган.
Корхонага ташрифи чоғида Давлат котиби ўринбосари Эншер шундай деди: “Биз бугун фаолияти билан танишаётган компания сингари корхоналар, сотувга чиқаришдан аввал мамлакатнинг юқори сифатли мева ва сабзавотлари қийматини янада оширган ҳолда, Ўзбекистон бўйлаб иш жойлари яратаётгани билан аҳамиятлидир. Кўп йиллардан буён, USAID Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сектори ривожланишини қўллаб-қувватлаб келмоқда. У ишлаб чиқарувчиларга халқаро бозор талабларига жавоб беришда кўмаклашиш учун Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда иш олиб бормоқда.”