Андижон вилоятида чорва нархлари кескин ошиб кетгани сабабли чорва сотиб олиш учун кредит беришни тўхтатиб қўйди. Ўзбекистон Марказий банки Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш департаменти бошлиғи Актам Сайфуллаевнинг пайшанба куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига ҳисоб бериш вақтида Газета нашрига вазият бўйича изоҳ берди.
7 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. У аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш йўли билан турмуш шароитлари ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган. Ҳудудий дастурларни молиялаштириш учун Андижон вилоятига 200 млн доллар ажратилди.
Актам Сайфуллаев сўзларига кўра, бугунги кунгача Андижон вилоятининг 7200 нафар аҳолисига 3 йил муддатга 7 фоизлик ставка билан 150 млрд сўм (19,2 млн доллар) миқдорида имтиёзли кредит берилди. Уларнинг 2500 нафари чорвачилик билан шуғулланишга қарор қилган.
«Шундай ҳолатни кузатяпмиз: кўпчилик чорвачилик билан шуғулланишни хоҳлаяпти. Кўпчилик шу фаолиятни танлади ва шу мақсадда кредит олишга қарор қилди. Махсус ишчи гуруҳлари аҳоли билан суҳбатлар ўтказиб, тадбиркорликнинг ноанъанавий ва инновацион йўналишлари тўғрисида маълумот берди, бироқ 50−60 фоизи банкка айнан чорвачилик билан шуғулланиш учун келди. Банклар рад эта олмади», — деди у.
Қарорга кўра, бирыой муддатда зотдор чорва, парранда ва қуёнларни маҳаллий шароитга мослаштириш учун махсус ферма ташкил этилиши лозим эди.
«Мазкур жараёнда йирик фермаларда бу фаолиятни йўлга қўйилмагани маълум бўлди. Андижонда беш-олтита наслчилик фермаси бўлиб, аҳолига сотилганидан сўнг йирик шохли чорва нархи ўсиб кетди. Вилоятда нархнинг энг баланд чегараси ўрнатилди — шохли чорва жонли вазнининг 1 килограмми учун 24−25 минг сўм», — дея изоҳ берди МБ вакили.
Нархларнинг янада ортишига йўл қўймаслик учун банклар чорвачилик учун имтиёзли кредит беришни тўхтатди. «Аввалига биз аҳолига наслчилик чорваларини сотиш жараёнини тўғри ташкил этишимиз керак. Ҳаммаси ташкилий бўлса, кредит беришни қайта йўлга қўя оламиз», — деди у.
Актам Сайфуллаев аҳолининг бир қисми кредитни «давлатнинг кредити» дея ҳисоблаб, уни қайтармаса ҳам бўлади, деган фикрда эканини ҳам тан олди. «Биз тушунтириш ишларини олиб бордик, аҳолига бу имтиёзли кредитлар ҳақиқатдан ҳам ҳар бир оила ўз бизнесини бошлаши учун керак экани, бироқ уни қайтариш кераклигини тушунтирдик», — деди у.
Марказий банк вакили кредит беришда аҳоли билан ишлашнинг янги тизими яратилганини маълум қилди. Ишчи гуруҳлари дастлаб фуқароларнинг яшаш жойларидаги шароитларни ўрганиб, кейингина маблағ ажратиши мумкин.
«Андижонлик фуқаролардан бирининг иссиқхона ташкил этиш учун 2 сотих ери бор, бироқ 25 млн сўм (ЭКИҲнинг 150 баробари) олишни истаяпти. Биз бунчалик катта миқдордаги пул нима учун кераклигини сўрадик. У иссиқхона ташкил этишини, кейин эса вазиятга қарашини айтди. Аниқ режаси йўқ. Биз ҳисоб-китоб қиламиз, 2 сотих учун 9−10 млн сўм етарли эканини тушунтирамиз — иш жараёнини шундай ташкиыэтамиз», — деди Актам Сайфуллаев.