Биласизми?

Алишер Усманов туғилган кунини Тошкентда нишонлайди

Ўзбекистонга келиб кетаётган самолётларни кузатадиган "AviaSpotter" каналининг маълумотларига кўра, шу кунларда "Тошкент" халқаро аэропортига дунёнинг турли олигархларига қарашли шахсий ва тижорий авиажетлар серқатнов бўлиб қолган. Канал берган ахборотга кўра, бу миллиардер Алишер Усмоновнинг 9 сентябрда Тошкентда нишонланадиган туғилган куни билан боғлиқ бўлиши мумкин.

7 сентябрдан бошлаб Тошкентга турли русумдаги самолётлар чартер рейслар билан кириб келмоқда. Алишер Усмоновнинг "Bourkhan" авиалайнери ҳам шу куни Сочидан учиб келиб, пойтахтга қўнган. Шунингдек, Тошкентга турли нуфузли футбол клубларидан вакиллар ташриф буюрмоқда. Хусусан, "Внуково" аэропортидан ЦСКА президенти Евгений Гинер учиб келган. Бундан ташқари, "GainJet Aviation"га қарашли Англиянинг "Манчестер Сити", "Тоттенхэм", Португалиядан "Бенфика" клубларига хизмат кўрсатадиган VIP конфигурацияли "Boeing 737-23N" самолёти ҳам Ўзбекистонга етиб келди.

Россиялик бизнесмен, "Магнитогорск металлургия комбинати" директорлар кенгаши раиси ва стратегик режалаштириш қўмитаси раиси Виктор Рашниковнинг шахсий "Bombardier golfstream G650" самолёти ҳам 8 сентябрь куни Тошкентга қўнган.

Ҳозиргача 15 га яқин шахсий ва тижорий авиажет Россия ва Европадан "Тошкент" халқаро аэропортига келиб қўнган.