Қозоғистон парламенти Сенати қўмита раиси Дариға Назарбоева бошчилигидаги парламент вакиллари Жанубий Қозоғистон вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош Сариоғоч туманида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учрашди, деб хабар қилди "КазТВ".
Икки мамлакат парламенти аъзолари бу йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили, келаси йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили бўлиши муносабати билан ўзаро дўстлик ва қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Ики мамлакат вакиллари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида сайёҳларнинг эркин кириб-чиқишини таъминлаш тартибларини янада енгиллаштириш масалаларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, Сариоғоч туманининг чегара ҳудудида йирик савдо мажмуаси ташкил қилишга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда 2018 йилни Ўзбекистон йили деб эълон қилганида, ушбу мамлакат билан муносабатлар янги босқичга кўтарилгани ва тобора яхшиланаётганини айтган эди. "Ўзбеклар бизга яқин инсонлар, Марказий Осиёдаги катта мамлакат, шу боис, у давлат билан алоқалар муҳим ва фойдали", — деган эди Қозоғистон раҳбари.