Кузатганмисиз: омади чопган бизнесменлар ва уддабурон карьерачиларнинг аксарияти хунуккина бўлишади.
Бизнесмен деганда айримларнинг хаёлига биринчи бўлиб Стив Жобс ёки россиялик таниш олигархлар келади. Хўш, улар кўркам йигитларми? Appleни банкротликдан олиб чиқиб, жаҳоннинг энг зўр брендларидан бирига айлантирган одам Стив бўлади. Бизга таниш кўпгина сиёсатчилар ҳам келишган ва хушрўй инсонлар эмас.
Стив Жобс сабр-бардоши ёки ҳамкасблар билан муомаласи орқали ҳаммага ўрнак бўлишга арзигулик шахс эмас эди. Ходимларининг ишидан айб топиб таъна қилар, нордон гапларини аяб ўтирмасди.
Олимлар тадқиқот ўтказиб, бунинг сабабини аниқлашди. Сабаби қизиқ ва жуда оддий бўлиб чиқди. Сиз ёқимсиз одамларнинг омади кулишига сабаб уларнинг ақлли ва топқирлигидир, деб ўйламанг. Бу янглиш хулосалигини изланишлар кўрсатди.
Маълум бўлишича, ёқимсиз шахслар ўз фикрларини қатъият билан ҳимоялай олишар экан. Ҳаттоки, янги фикр бошқаларга тушунарсиз ва омма нуқтаи назарига мувофиқ келмаганида ҳам илгари суришдан чарчамас экан.
Британия руҳиятшунослик жамияти тадқиқотчилари бир гуруҳ кишилар устида тажриба ўтказди. Тажриба ўтказилаётган одамларни хушфеъл деб бўлмасди: бири мижғов, бири худбин, яна бири қайсар, бошқаси кекчи ва ҳоказо.
Аввало юқори курсда ўқийдиган 200 талабанинг хулқ-атвори яхшилаб ўрганиб олинди. Шунингдек, ўқув жараёнидаги ўртача баллари ва кириш имтиҳонидаги баҳоларини ҳам тадқиқотчилар ҳисобга олишди. Уларнинг билим даражаси ҳақида тасаввур ҳосил қилинди.
Сўнг ҳар бир талабага алоҳида вазифа топширилди: маркетинг масаласига оид муаммога 10 дақиқада ечим топиш зарур. Натижалар олинди.
Тадқиқотнинг навбатдаги босқичида талабалар учтадан гуруҳларга бўлинди ва 20 дақиқада маркетинг режаси тузиш сўралди. Натижалар бадфеъл талабалар илгари сурган ғоя қабул қилинганини кўрсатди. Эътибор қилинг: алоҳида мустақил вазифа топширилганда барча фикрлар ўз ўрнида, гуруҳларга бўлинганда эса ёқимсиз феълли талабалар фикри олдинга ўтиб олди.
Тажрибанинг кейинги босқичларида талабалар онлайн-чатда ўзлари билмаган ҳолда тадқиқотчи ходимлар билан мулоқот қилишди. Ходимлар уларнинг ғоясини тасдиқлаши ёки рад этиши зарур эди. Тажриба мобайнида тадқиқотчи талабани танқид қилса, нишондаги талаба ўзиникини илгари суришдан тўхтамади.
Тажриба дағал хулқ-атворли инсонлар танқидни писанд қилмаслигини, бундан ўз-ўзига ишончи тобора мустаҳкамланишини кўрсатди. Худди шу механизм хушфеъл одамларда тескарисига ишлайди: улар ижобий баҳоларни қабул қилишга мойилдир.
Албатта, ушбу изланишлар натижаси мукаммал эмас. Биринчидан, тадқиқот фақат университет талабалари устида ўтказилган бўлиб, омманинг хусусиятини тўлиқ ифодаламайди. Иккинчидан, ёқимсиз хулқ-атворли киши билан узоқ муддат ишлаб бўладими, ҳамкорлари унинг дағал феъли ва ғалати ғояларига кўникишадими, деган саволлар очиқ қолган.
Ёқимсиз кишилар ҳар доим ҳам бошқалардан ақллироқ, ижодкорроқ бўлмаслигини изланиш кўрсатди. Аммо улар бошқаларнинг таъна-маломати остида қолса ҳам ўз фикридан қайтмайди.
Мана – улардан нимани ўрганиш керак?! Ёвуз даҳо бўлиш шарт эмас, ўз номига қаратилган танқидни қулоғининг ёнидан ўтказиб юбориш керак. Ўз кучига ишонч ва тиришқоқлик зарур.
Қўполроқ одамлар атроф-муҳитга тез мослашади, одоблилар эса нуқул ён бериш ва табассум қилиш билан чекланиб қолиб кетишади.
Бадфеъл бўлишни тавсия қилмаймиз, қатъиятли бўлинг деб қоламиз холос :).
lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди