Уолт Беттингер – дунёнинг йирик Charles Schwab корпорацияси президенти. Сайёрамизнинг муваффақиятли ишбилармонларидан бири, савдо-иқтисод ва бизнес соҳасида таниқли лидер ва ўзига хос бошқарув маҳоратига эга раҳбар.
Schwab корпорацияси савдо инвестиция йўналишида хизмат кўрсатишга ихтисослашган дунёнинг энг нуфузли ва энг кўп мижозга эга компаниясидир. Компаниянинг жаҳон миқёсида 325 та офислари бўлиб, уларда 15 мингга яқин ходим фаолият кўрсатади. Қуйида сизга Уолт Беттингер ҳаёти билан боғлиқ ибратли ва воқеалар ва унинг бошқарув маҳоратига оид маълумотларни ҳавола қиламиз.
Болалик ва улғайиш даври
Мени Ўрта-ғарб америкаликларига хос қаттиққўллик ва интизом орқали тарбиялашган. Оилада тўрт фарзанднинг тўнғичи эдим. Огайо штатининг шимолий-ғарбидаги кичик фермер хўжалигида ўсиб улғайдим. Бизга яқин шаҳарчада ихчамгина хусусий университет ҳам бор эди. Отам шу ерда кимё фани профессори, онам уй бекаси бўлган. Юқори мактабга ўтгач озиқ-овқат дўконида иш бошлаганман.
Муваффақият қозонишда ота-онанинг ўрни
Юқори мактабни тамомлаганимдан сўнг орадан кўп ўтмасдан содир бўлган бир воқеа хотирамда бир умрга муҳрланган. Ўша куни шанба эди. Отам тонгда ётоқхонамга кириб, қўлимга букланмаган оқ қоғозни тутқазди. Бу – унинг ишдан бўшаши тўғрисидаги аризаси экан. Эндигина эллик ёшга кирган, олган билимларни талабаларга етказишнинг айни ёшида бўлган отамнинг бу қарори табиийки мени ҳайратга солди.
Отам ўша куни менга университет профессорлари ва раҳбарияти ўртасида низо келиб чиққани, профессорлар жамоаси ўзаро келишиб, ягона жамоага айлангани ва уларнинг раҳбариятга қўяётган талаби ёшларга билим беришни эмас, фақат уларнинг манфаатларини кўзлашини айтди. У мазкур вазиятда ҳамкасбларининг қарорига ҳам, рабариятнинг муносабатига ҳам баҳо бериб ўтирмади, бундай худбин жамоада ишлай олмаслигини айтиб ишдан бўшади.
Айтмоқчиманки, отам бошқаларга хизмат қилишни бурчи деб билди ва бир умр шу қоидани бузмай яшади.
Бу воқеа эҳтимол ўша тонгда мени улғайтиргандир. Ўша кундан бошлаб одамларга хизмат қилишни ва уларнинг манфаатини доим устун қўйишни одат қилдим.
Коллеж йиллари
Энг севимли фаним "Бизнес стратегияси" бўлган. Мен бу фанни пухта ўзлаштириш мақсадида, соатлаб вақтимни формула ва қоидаларни ёдлаш билан ўтказдим.
Ниҳоят узоқ тайёргарликдан сўнг имтиҳон бошланди. Ўқитувчи билан юзма-юз турганимда ҳам бизнесни юритишга оид билимларни ўзимча тинмасдан такрорлар эдим. Аммо кутилмаганда янграган саволдан шошиб қолдим.
"Мен сенга 10 ҳафта давомида бизнесга оид бор билимимни ўргатдим. Бу йўналишда пухта билим олганингни мен аллақачон сезганман. Аммо сенга ҳозир берадиган саволим бир оз бошқача. Менга шу ўқув биносини ҳар куни тонгда чиннидай ялтиллатиб қўядиган аёлнинг исм-шарифини айта оласанми?"
Бу савол ўқитувчимга дарс жараёнида илк маротаба тик боқишимга сабаб бўлди. Эҳтимол, у ҳазиллашаётгандир деб ўйладим. Лекин у жиддий қиёфада менга тикилиб турар эди. Ўқитувчим сўраган фаррош аёлнинг исми Дотти экан ва мен шуни билмаганим учун имтиҳондан ўта олмадим. Уни ҳар доим кўрардим, ёнидан бефарқ ўтардим ва исмига ҳам қизиқмаган эканман.
Мана шу воқеа туфайли бугун ҳар бир ходим, ётрофимдаги ҳар бир инсоннинг кимлигига қизиқаман. Аслида бизнесмен ва раҳбарнинг кучи ҳам унинг атрофида бўлган, ўз ишини севган инсонларни билиш ва уларни ҳурмат қилишида экан. Яъни, бизнес инсонийлик қоидалари асосида шаклланиши керак.
Лидерликка оид фикрлар
Ҳаётда мен учун энг қийини очиқ инсонга айланиш бўлган. Инсонлар доим ҳам бир-бирларини эшитишга ҳафсала қилмасликларини билганим учун бўлса керак, мен аслида ўта шахсий – ўз масаламни бировга айтмайдиган одам бўлганман.
Одамлар ўзлари ҳақида гапиришни яхши кўрадилар. Уларни тинглай билиш керак. Менинг севимли ишим ҳам уларни тинглаш, ўрганиш бўлган. Ана шундагина ҳақиқий лидерга айланиш мумкин.
Менга шу нарса аён бўлдики, менежмент соҳаси мутхассисидан лидерга айланишим учун одамларга яқинроқ бўлишим, улар билан ҳаётимдаги энг катта муваффақиятсизликларим ҳақида ўртоқлашишим керак экан.
Йўлбошчилик сенга бошқаларнинг эргашишларини таъминлайдиган доно қарорлар қабул қилишни, уларни қабул қилишда мия эмас, қалбга суянишни англатади.
Йўлбошчилик очиқ-ошкораликни, муносиб бўлишни, ноҳақликнинг олдини оладиган феъл-атворли бўлишни талаб қилади.
Иш учун мутахассислар танлаш маҳорати
Мен иш учун суҳбатларда кўпроқ номзодларнинг характерига эътибор қаратаман. Улардан ҳаётдаги энг катта ютуқларини сўрайман. Мен шу орқали уларнинг дуёнқараши ўз ғоялари асосида қурилганми ёки унинг мияси бошқаларнинг ғояларидан иборатми, йўқми шуни билиб оламан. Ундан сўнг номзоднинг ҳаётдаги энг катта муваффақиятсизлигини сўрайман. Мени қизиқтирадигани – у бошқаларнинг омадсизлигини ҳам ўз бўйнига оладиганлар хилиданми ёки йўқми.
Ходимни ишга олишнинг “Беттингерча” усули
Кўпинча номзодлар билан нонушта маҳалида суҳбатлашишни яхши кўраман. Ресторанга номзоддан бир оз аввалроқ бораман ва хизматчига шеригимга у буюртма қилган овқатни эмас, бошқа нарса олиб келишини, бунинг учун яхшигина чой-чақа беришимни айтаман.
Бу орқали номзоднинг ушбу англашилмовчилик бўлган вазиятга ва официантнинг хатосига муносабатини ўрганаман. Кимдир жаҳл қилади, кимдир тушунади. Одамнинг кимлигини шу орқали ҳам билса бўлади. Бизнесда ҳам худди шундай қоида бор. Бу орқали уларнинг бошига эмас, кўнгил оламига кираман ва аслида ким эканликларини англайман.
Биз ҳаммамиз хато қилгувчиларимиз ва аслида хато уларни тўғриламаслик эканини англашимиз керак. Шундай экан, бошқаларни кечириш орқали уларга ҳам бунга имкон бериш керак.