Замонавий психоаналитиканинг отаси ҳисобланган таниқли файласуф Зигмунд Фрейд учига чиққан кашанда сифатида ҳам машҳур эди. Докторларнинг огоҳлантиришига қарамасдан, у сигарадан воз кечмаган. Уни фаол илмий жараёнларда, суҳбатларда, уйда доимо қўлида сигараси билан кўришган. Шу боис бўлса керак, бугунги кунда мавжуд суратларда руҳшунос қўлида сигара билан тасвирланади. Мунтазам чекиш оқибатида олим бедаво дард – оғиз бўшлиғи саратонига чалинади.
Зигмунд Фрейд 16 йил мобайнида тери тўқималари ҳамда оғиз бўшлиғи саратони билан оғрийди. Бу давр мобайнида у 34 маротаба турли даражадаги жарроҳлик операцияларини бошидан ўтказади. Аммо кўринмас ажал емирган соғликни тиклашнинг имкони бўлмади. Илмий салоҳияти билан йигирманчи асрнинг энг буюк инсонлари сафида турувчи арбоб тамаки оқибатида йўлиққан дарднинг азобига чидай олмади ва 1939 йил ўз розилиги билан, эвтаназияга кўра жон берди.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумот беришича, сўнгги ўттиз йилда жаҳон мамлакатларида сигарета чекиш даражаси 30 %га қисқарган. Бу натижага мунтазам равишда олиб борилаётган тарғибот-ташквиқот ишлари, тамаки чекишнинг зарарли оқибатларини фош қилувчи илмий тажрибалар ҳамда маълум бир жойларда сигарета чекишни таъқиқлаш орқали эришилган. Аммо сигарета чекишнинг хунук оқибатлари ҳали-ҳамон инсоният тақдирига хавб солиб турибди.
Айни кунда сайёрамизда 1.1 миллиард нафар кашанда мавжуд. Бугунги статистика ушбу рақам 2025 йилга бориб 1.6 миллиардга кўтарилишини башорат қилмоқда. Сиз ушбу мақолани ўқишни бошлаганингиздан буён, яъни икки дақиқа орасида ер юзи бўйлаб 20 миллион дона сигарета сотилди. Бу эса бир кунда жаҳонда 15 миллиард дона сигарета сотилишини исботлайди. Агар дунёда ишлаб чиқариладиган бир йиллик сигареталар сонини ҳисобласак, жуда даҳшатли натижа пайдо бўлади: 5 триллион дона сигарета! Бу сигареталардан қоладиган фильтрни бир жойга жамласак, деярли 2 миллиард тонна тош босувчи улкан тоғ ҳосил бўлади. Кўзимизга оппоқ пахтадек кўринган сигарета фильтри пластикнинг “целлюлоз ацетата” туридан ишлаб чиқарилади ва бу унсурнинг тамоман чириб битиши учун 1 йилдан 10 йилгача вақт керак бўлади. Бу давр оралиғида ўта заҳарли кимёвий моддаларга тўла фильтрлар атроф-муҳит ҳамда миллиардлаб одамлар саломатлигига зарар етказади. Ҳар 8 сонияда ер юзининг қайсидир нуқтасида яшаб турган инсон тамаки туфайли ҳаётдан кўз юмади.
Тадқиқотлар сигаретага ружу қўяётган ёшларнинг аксарияти ота-онасидан ўрнак олиб, кашандага айланаётганини кўрсатади. Бир кунда ер юзидаги ўртача 100 минг нафар ўсмир катталарга – ота-онаси, қўни-қўши ёки яқинларига тақлид оқибатида тамаки тутунлари домига илиниб қолмоқда. Айни кунда 13-15 ёшли ҳар 5 нафар ўсмирнинг бири мунтазам чекади. Уларнинг чорак қисми бу иллатга 10 ёшга кирмасданоқ одатланган.
Тамаки маҳсулотлари рекламаси унинг ер юзи бўйлаб кенг тарқалишига хизмат қилмоқда. Ҳар йили тамаки маҳсулотларини чекиш туфайли кўз юмаётган 6 миллионга яқин инсонларнинг аксарият қисмини тамаки маҳсулотлари рекламаси авж олган Ғарб мамлакатлари фуқаролари ташкил этади.
1960 йил Америка Қўшма Штатларида ташкил топган “Битлз” рок гуруҳининг “Marlboro” тамаки компанияси маҳсулотларини реклама қилиши оқибатида Америка ва Европа мамлакатларида ўпка ва томоқ саратони билан оғриган беморлар сони ҳаддан зиёд ошиб кетди. “Битлз” тамаки компаниясининг қиёфасига айланди. Энг ачинарлиси, севимли гуруҳига тақлид қилиш оқибатида ғарб ёшларининг аксарият қисми тамаки тутунини ҳаётнинг бирдан-бир мазаси ва маъноси деб қабул қилди. Ҳатто гуруҳ шарафига сигарета ишлаб чиқарилган.
Аммо гуруҳ аъзоларининг аччиқ қисмати ғарбликларни тўғри хулоса чиқаришга мажбур қилди. Гуруҳ аъзоларининг деярли барчаси бирма-бир чекиш оқибатида юзага келган саратоннинг турли кўринишлари оқибатида вафот этади. Жорж Ҳаррисон 57 ёшида томоқ ва ўпка саратони касаллигига чалиниб, ҳаётдан кўз юмади. Унинг ўз мухлисларига айтган сўнгги сўзи: "Чекманг!" бўлди.
Давоми бор.