Маълумки, жорий йил олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари 1—15 август кунлари ўтказилади. Тошкент давлат юридик университети томонидан 2018/2019 ўқув йили қабулини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Қабул жараёнида қандай янгиликлар бор? Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида шу каби саволларга батафсил жавоб берилди, деб ёзади ЎзА.
Адлия вазири ўринбосари — университет ректори Е. Каньязовнинг таъкидлашича, университетда қабул комиссияси тузилган ва унга 61 нафар малакали ходим жалб этилган.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб университет бакалавриат таълим йўналишига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг 201 та туман ва шаҳарда фаолият олиб бораётган давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.
Давлат хизматлари марказлари хорижий давлат фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, 16 ёшга тўлмаган шахслар ва магистратура босқичига топширувчи абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилмайди. Абитуриентлар 15 июндан 15 июлгача давлат хизматлари марказларига мурожаат қилган ҳолда, бакалавриат таълим йўналишига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириши мумкин. Давлат хизматлари марказларига абитуриент томонидан паспорт, ўрта (11-синф), ўрта-махсус ёки касб-ҳунар ўқув муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги ҳужжат (иловаси билан) ҳамда агар мавжуд бўлса, имтиёзни тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим этилади.
Абитуриент маълумотлари давлат хизматлари маркази томонидан Давлат тест марказининг махсус «Абитур» базасига электрон киритилади ва абитуриент махсус фото-техника воситаси ёрдамида суратга олинади. Абитуриент 29–31 июль кунлари абитуриент рухсатномасини олиш учун Тошкент давлат юридик университетининг қабул комиссиясига шахсан мурожаат этиши шарт. Университет қабул комиссияси давлат хизматлари маркази орқали абитуриентларга берилган бланкани текширади ва уларнинг паспортдаги биометрик маълумотларини махсус сканер орқали текшириб, бармоқ изларини олади. Шундан сўнг тегишли абитуриент рухсатномасини беради.
Университет томонидан қабул жараёни учун бармоқ изларини оладиган махсус мослама сотиб олинган ва технология амалиётга жорий этилади. Бу эса қабул жараёнининг шаффофлигини таъминлайди ҳамда тест синовларининг адолатли ўтишига замин яратади.
Анжуманда 2018/2019 ўқув йилидаги имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Жумладан, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентларга қабул квотасидан ташқари квотанинг 2 фоизи (12 нафар. Башарти умумий баллнинг камида 30 фоизини олган бўлса) миқдорида давлат гранти асосида жой ажратилди. Амалдаги ҳарбий хизматчининг фарзандлари бўлган абитуриентларга қабул квотасидан ташқари квотанинг 5 фоизи (30 нафар) миқдорида давлат гранти асосида жой ажратилди. Мазкур абитуриентларга тавсиянома тақдим этилади ва тест синовларидан ўтади.
Хизмат давомида вафот этган, оғир касалликларга чалинган, ярадор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари бўлган абитуриентларга тавсиянома асосида қабул квотасидан ташқари, давлат гранти асосида университетга кириш бўйича имтиёз тақдим этилди. Мазкур абитуриентлар тест синовларини топширмайди. Хорижий давлат фуқаролари суҳбат асосида университетга қабул қилинади. Ҳозиргача Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон каби давлатлардан абитуриентлар ўқиш истагини билдирган.
Университет қабул комиссиясига мурожаат қилган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қабул қилиш ва қизиқтирган саволларига жавоб бериш учун фуқароларни қабул қилиш хонаси ташкил этилган.