Биласизми?

Стив Жобс: “Ердаги вақтимиз чегараланган.” (II қисм)

Ожизлик – ҳаммага хос жиҳат. Инсонни бу камчиликдан халос қиладиган ягона омил – сабоқ. Стив Жобс ҳам ўз хатоларидан чиқарган хулосалари эвазига шуҳрат қозонди. У энг қиммат нарса – тажриба эканини таъкидлаган. Стив Американинг энг омадсиз кишиси сифатида 30 ёшида ўзи асос солган Apple'дан ҳайдалди. Гарчи, у яхши иқтисодчи бўлмаса ҳам, узоқни кўра оладиган шахс сифатида кучли бизнесменга айланди. Қуйида сизга унинг тавсия ва фикрларини баён қиламиз.

Стив Жобс яратувчанлик хусусида  

Улғаяр экансан, атрофдагиларнинг дунё ҳақидаги тасаввурлари сенинг шахсий фикрларингни ютиб юборади. Сен ҳам дунё азалдан шундай экани, бу ердаги ишинг ўз ҳаётингни яшаш эканини тан оласан.

Яратувчаник одамларни ва муносабатларни, нарсаларни ўзаро боғлаш дегани. Бу борадаги илғор одамлардан омадлари сирини сўрасангиз, улар бир оз хижолат билан аслида ҳеч қандай янгилик қилишмаганини, шунчаки улар бошқалар эътибор қаратмаган нимагадир диққат қилишганини айтишади. Улар аслида йиғилган тажрибани уйғунлаштириб, билимларни боғлай олганлар. Улар бунга тажрибалари ҳақида бошқалардан кўпроқ бош қотирганлари учун эришганлар.

Янги технологияга караб кексалар “бу нима?” деб савол берсалар, ёшлар “бу менга қандай имконият беради?” деб сўрайдилар. Биз ана шу ёш авлод учун меҳнат қиламиз. Соҳасида етакчи бўлган инсонларнинг уларга эрашувчилардан ягона фарқи – инновация, илғор фикрдир.

"Ноодатий фикрлаш" хусусида

Бу жуда ҳам қисқа, чегараланган ҳаёт. Ундаги оддий бир ҳақиқатни англабгина уни узайтириш, янгилик қилиш мумкин: атрофингдаги одамлар – сени қуршаб олган ҳаётнинг муаллифлари. Сенинг ҳам имконинг уларникидан кам эмас. Демак, ўз ҳаётингни яхшилик томонга ўзгартириш, моҳиятан бойитиш ва яратувчанлигинг эвазига бошқаларга ҳам яшашларига ёрдам бериш қўлингдан келади. Буни англаб етар экансан, шу ондан эътиборан батамом ўзгарасан.

Ҳаётда ҳар хил одам бор – кимдир телба, кимдир омадсиз, бирови янгилик илинжида ҳаётда исёнкор руҳда яшаса, бошқаси ҳаммага қарши боришни одат қилган. Камдан-кам бу каби одамлар ҳаётда ўз ўрнига эга.

Гап шундаки, улар ўзларига ўхшамаган одамлардан фарқли фикрлайдилар. Улар учун қонун-қоидалар ҳам аҳамиятсиз. Ва, улар бирор масалага минг йиллик анъаналардан ҳам четлашган ҳолда, бошқача ёндашишдан чўчимайдилар.

Уларга мисоллар келтиринг, қарши чиқинг, уларни ёмонотлиқ қилинг – бари фойдасиз. Улар ўз билганларидан қолмайдилар.

Улар қоидаларга барҳам бериб, дунёни ўзгартиришни истайдилар. Улар инсониятни янги қадриятларни қабул қилишга чорлайдилар. Баъзида улар савдойи, баъзида эса даҳо, дея тан олинадилар. Боиси дунёни ўзгартиришга уриниш даражасидаги телба, буни ўзи тан олган феъл-атвор эгаси аслида бунга қодир ҳам бўлади.

Дизайн хусусида

Аксар одамлар дизайн, бу – кўриниш деб ўйлайдилар. Одамлар дизайн ва ялтироқликни ажрата олмай, маҳсулотни дизайнерга тутқазиб, уни пардозлашни сўрайдилар.

Дизайн аслида ташқи кўриниш ёки чиройдан таъсирланиш эмас, бу – ички олам дегани. Дизайн – маҳсулотнинг ички имкониятларини англатади.

Энг муносиб дизайн, яъни қулайликни яратиш учун одамларнинг турмуш тарзи ва хоҳишларини чуқурроқ ўрганиш етарли.

Оддийлик – энг мураккаб кўриниш. Боиси у сенинг машаққат билан тозаланган ғояларинг меваси. Доимо янгиликка, ўрганишга оч бўлгин ва янги қулайликларни телбаларча олға сур, одамларни яхши яшашга ундовчи илғор фикрларга ишонтир.

Муваффақиятсизлик хусусида

Кўпчилик одамлар қўнғироқларга жавоб бермайдилар ёки қўнғироқ қилмайдилар, бошқалар эса саволларини бермайдилар. Бу – одамларни бир-бирларидан фарқлаб турадиган жиҳатлари. Олға бориш керак. Ҳатто муваффақиятсизликка тайёр ҳолда, уни ҳис қилиб мағлубиятга юзма-юз бориш лозим. Модомики, таваккал қилишдан қўрқар экансан, узоққа бора олмайсан.

Apple’дан ҳайдалишим ўзим учун катта сабоқ бўлган. Муваффақиятнинг оғир тоши ҳаммасини қайтадан бошлаш иштиёқининг енгиллиги билан алмашган.

Буюк санъаткор ва олимлар ҳам омадсизликка юз тутганлар. Мен шунга амин бўлдимки, муваффақиятли ва омадсиз одамларни ажратиб турган ягона омил, бу – қатъият экан.

Ишга муҳаббат хусусида

Одамлар қилаётган ишингдан завқ-шавқ туйишнинг муҳимлигини кўп айтишади. Улар ҳақ – акс ҳолда одамларни бирор янги ғояга ишонтиришдан аввал ўзинг ундан воз кечиб юборишинг мумкин.

Муваффақиятнинг яна бир асоси – муҳаббат, ўз ишинг ва ғояларингга нисбатан муҳаббат. Шунда қилаётган ишинг келажагинг учун дахлдорлигини ҳис қиласан.

Менинг саъй-ҳаракатларим замирида ходимларни оламшумул маҳсулотлар яратишга илҳомлантирадиган компания яратиш орзуси бўлган.

Баъзида ҳаёт ғишт билан бошингга урганида ҳам ўзинг танлаган йўлдан оғишма. Менинг севган ишим билан машғул бўлишимнинг сабаби ҳам – уни севганимдир.

Ҳамкорлик хусусида

Донғи кетган инсонларни ёллаб, уларни ҳамкорлик қилишга кўндирар экансан, уларга муҳим қарорларни чиқаришлари учун имкон ҳам беришинг керак.

Сен ходимлар билан мансабдорлик кайфиятида эмас, янги ғоялар олиш илинжида муносабатда бўл. Яхши ғоялар ҳар доим ғолибликка муносиб бўлган. Акс ҳолда, иқтидорли мутахассисларни ёнингда олиб қола олмайсан.

Ҳаёт ҳақида

Сенинг ердаги вақтинг чегаралаган. Шу сабабли, бошқаларнинг ҳаётига аралашиб, уни бировларнинг ҳаётида беҳуда сарфлама. Одамларнинг фикри билан яшашдек тузоқ ақидадан узоқда бўл.

Ўзингни ўққа-чўққа уриб, ҳаёт деворларига ҳадеб мушт туширишнинг ҳам ҳожати йўқ. Файзли хонадон, ҳаётдан завқланиш ва озгина маблағнинг борлиги кифоя қилади.

Ўлим ҳаётнинг ягона кашфиётига ўхшайди. У – ҳаётнинг ўзгартирувчи вакили. У янгиларига йўл очиш учун сени эскиларидан халос қилади. Ҳозир сиз ҳам янгисиз ва узоқ фурсатдан кейин – кексалик чоғида янгиланишга зарурат сезасиз. Бу қадар жиддий ёндашув учун узр сўрайман, аммо бу – ҳақиқат.

Бошқаларнинг шовқини сен ва ички овозинг ўртасидаги суҳбатни бўғиб қўйишига йўл қўйма. Муҳими – қалбинг ва сезгиларингга эргашишга куч топа бил. Улар сенинг хоҳишларингдан, ким бўлишга уринаётганингдан аллақачон хабардор бўлган бўладилар. Булардан бошқаси – иккиламчи масалалар.