Саломатлик

Соғлом турмуш тарзи ва унинг етти қоидаси

Соғлом турмуш тарзига риоя этиш кўплаб муаммоларнинг олдини олиш демакдир. Бугун ушбу мавзуга жуда кўп дуч келаяпмиз. Бир қараганда қийин кўринувчи, анчагина куч, сабр ва ирода, вақт ва шароит талаб этувчи соғлом турмуш тарзининг асосий қоидалари нималардан иборат? Ўзгаларга маслаҳат беришдан осон иш йўқ бўлиб турган бугунги кунда қандай қилиб соғлом турмуш тарзига риоя этиш мумкин? Қуйидаги соғлом турмуш тарзининг энг муҳим 7 қоидаси сизу бизга аввалдан маълум бўлган, бироқ ҳаётнинг майда-чуйда ташвишлари билан ёдимиздан кўтарилган ва амалга ошира олмай қолган тартибларни ёдга солса не ажаб.

1. Спорт.

Спорт — умримиз охирига қадар соғлом ҳаёт кечиришнинг асосий шартларидан. У ёш ҳам, жой ҳам, ҳаттоки шарт-шароит ҳам танламайди. Унинг кўринишлари, шакллари, усуллари кўп. Ёга, пилатес, пиёда юриш, югуриш, турникка тортилиш, отжимания, рақс, рафтинг, бодибилдинг, гимнастика, футбол ва ҳоказо турлари бор. Истаганингизни танланг, жисмонан фаол бўлсангиз кифоя. Ҳар куни эмас, кунора 30-60 дақиқа спорт билан шуғуллансангиз, соғлом бўлишингиз учун етарли.

Камроқ ўтириш ва кўпроқ ҳаракатланиш керак. Агарда касбингиз ўтириб ишлашни тақозо этса, ҳар соатда камида 5 дақиқа танаффуз қилинг ва бу вақтда турли енгил машқларни бажариб, елка, бел ва оёқлар чигилини ёзинг.

2. Тўғри овқатланиш.

Овқатланиш ратсионингизга табиий маҳсулотлар — мева ва сабзавотлар, витамин ва минералларга бой озиқ-овқатларни кўпроқ киритинг. Овқатланиш ратсионининг 65 фоизини мева ва сабзавотлар, нон ва турли бўтқалар ташкил этиши, 30 фоизи гўшт ва сут маҳсулотлари, 5 фоизи ширинлик ва ёғларга ажратилиши лозим. Озуқалар имкон қадар янги, мавсумга мос бўлиши лозим. Баҳор ва ёзда ўсимликлар, қишда оқсил ва ёғга бой маҳсулотларга кўпроқ ўрин ажратилиши лозим. Ҳар куни 2 литр атрофида сув ичинг.

Фастфуд, газли ичимликлар, ярим тайёр маҳсулотлар, чипс ва кириешкилар, бошқа кўплаб сунъий таъм, ранг ва шакл берилган озуқалардан воз кечинг.

Овқатланишда хилма-хил таомларни аралаштириб юбормаслик лозим. Мевалар овқатдан ярим соат аввал, чой ва ичимликлар 1-2 соат кейин истеъмол қилиниши зарур. Кечки 19-00дан кейин фақатгина бир оз олма тановвул қилишга ижозат берилади.

3. Зарарли одатлар.

Организмимизнинг асосий душманларидан бўлмиш тамаки ва алкогол маҳсулотлари, турли зарарли одатлар (уларни ўзингиз яхши биласиз)дан воз кечиш орқали соғлом турмуш тарзига кенг йўл очинг. Ҳар бир чекилмаган сигарет, ичилмаган ҳар бир стакан ароқ сизнинг соғлом ҳаёт кечириш сари ташлаган муҳим қадамингиздир.

4. Кун тартиби.

Кун тартибига қатъий риоя этинг. Биринчи навбатда — 8 соатлик уйқу! Иккинчидан, куннинг бир вақтида ухлаш ва муайян вақтида уйғонишга одатланиш! Уйқунинг бузилиши аста-секинлик билан инсон руҳияти, ҳиссиётларига зиён етказади, ишчанлик кайфиятини йўқотади, кейинчалик турли сурункали, жиддий хасталикларнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумин.

5. Ижобий кайфият.

Соғлом турмуш тарзининг яна бир муҳим қоидаси — ёрқин ва ижобий кайфият! Ҳаётдан кўпроқ завқ олинг, муваффақиятсизлик, омадсизликларга кўп эътибор қаратманг, доимо олға интилиш учун куч топа билинг ва одамларга нисбатан ғараз, гина-кудурат, ёмон гумонлар сақлаб юрманг, кечиримли, бағрикенг бўлинг. Нодонлар билан асло тенглаша кўрманг!

6. Тоза ҳаво.

Уйингиз, хона ва иш кабинетингизни доимо тоза тутинг, ҳар куни уни артиб-тозаланг, деразаларни очиб, тоза ҳаво киришини таъминланг. Нормал жисмоний ҳолатда бўлиш учун албатта чуқур ва тўғри нафас олишни билиш лозим. Табиат қўйнида сайр қилиш, ойналарни маълум муддат очиб қўйиш, томорқа ёки очиқ ҳавода жисмоний меҳнат қилишга етадигани йўқ.

7. Шахсий гигиена.

Овқатланишдан аввал ва кейин албатта қўлларни ювиш, уйқудан олдин ва овқатлангандан кейин тишларни тозалаш, тоза кийим, умуман, тозаликка қатъий риоя этиш соғлом турмуш тарзининг асосий шартларидан ҳисобланади.

Унутманг! Соғлом турмуш тарзи, бу — ҳар қандай касалликлар профилактикаси ва саломатлик, куч-қувват гаровидир. У инсоннинг турли қирраларини ривожлантириш, муваффақиятга эришиш гаровидир. Соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя этган одам оиласи, меҳнат жамоаси, умуман, жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, турли мураккаб вазиятларни енгиб ўтиш, ҳаёт қийинчиликлари олдида ўзини йўқотмасликка ўрганади.

Яна бир гап! Соғлом турмуш тарзи қоидалари бир-бирини қўллаб-қувватлайди, бири иккинчисиз содир бўлиши амримаҳол. Уларни эртага қолдирмасдан, ҳозироқ амалга оширишни бошлаш билан соғлом ва бахтли ҳаёт сари илк қадамларимизни ташлаган бўламиз.