Саломатлик

Соч тўкилиши сабаблари, даволаш ва олдини олиш

Соч тўкилиши кўпчилик эркакларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. 95 фоиздан кўпроқ ҳолатда сочларнинг тўкилиб, тепакал бўлишга андрогенетик алопется (ирсий соч тушиши) сабаб бўлади.

Ҳар бир кишида кунида 50-100 дона соч толасининг тўкилиши оддий ҳол ҳисобланади. Одатда соч толалари 3-7 йил яшайди. 90 фоизи фаол ўсишни давом эттирса, 10 фоизи ўсмасдан “сукут” сақлаб туради. Бу “сукунат” соч тушганидан кейин 2-6 ойгача давом этиши мумкин. Ёш ўтиши билан соч сийраклашиб боради. Баъзи ҳолларда тушган соч қайтадан ўсиб чиқмаслиги ҳам мумкин.

Сочларнинг меъёрдан ортиқ тўкилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин:

  • Кексайиш;
  • Соч тўкилишининг наслдан наслга мерос бўлиб ўтиш;
  • Бошдаги жароҳатлар;
  • Бош терисининг шикастланиши;
  • Нотўғри овқатланиш;
  • Нотўғри соч турмаги( маҳкам сиқилган кокил ва соч ўрами).

Шунингдек, қуйидаги касалликлар ҳам соч тўкилишига олиб келиши мумкин:

  • Қалқонсимон без касалликлари;
  • Инфексиялар, жарроҳлик оператсиялари, кучли иссиқлик;
  • Дерматомикоз, темиратки, тери саратони;
  • Гормонал меъёрнинг бузилиши;
  • Замбуруғли ва бактериали инфексиялар, аутоиммун касалликлар;
  • Айрим дори воситалари (қон босими, антикоагулянтлар, антидепрессантлар, артрит ва подаграга қарши препаратлар),
  • Радиатсия ва кимёвий терапия (саратонга қарши кимёвий даволанишда 90 фоиз беморларда соч тўкилиши кузатилади);
  • Стресс: жисмоний, эмотсионал, руҳий-асабий.

Юқоридаги муаммоларнинг баъзилари бартараф этилиши мумкин, ва муаммо ҳал бўлгандан кейин соч толалари қайта ўсиб чиқаверади.

Соч тўкилиши бирор жиддий касаллик аломати деган ҳавотир бўлган тақдирда, шифокор кўригидан ўтиш, жумладан, шифокор-трихолог билан маслаҳатлашиш даркор.

Шифокорлар генетик таҳлиллар асосида соч тўкилишининг сабаблари ва сизнинг қайси гуруҳга мансуб эканингизни аниқлаб, зарур чораларни белгилайди. Агарда соч тўкилиши ирсият ёки кексалик билан боғлиқ бўлса, унга барҳам бериш мушкул.

Соч толаларининг меъёридан ортиқ тўкилишига барҳам бериш учун уларни камроқ бўянг, бошни ювгандан сўнг имкон қадар фен билан қуритманг.

Давоми бор...