Биласизми?

Шаҳрисабз шаҳрида 1000 кишилик амфитеатр ўрнатилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида айни кунларда Шаҳрисабз шаҳрида мазкур анжуманга тайёргарлик ишлари юқори даражада олиб борилмоқда.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ушбу анжуман доирасида 54 та хорижий давлатдан 400 га яқин таниқли мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, санъаткорлар, соҳанинг етук мутахассислари ҳамда фахрий меҳмонлар, шунингдек, кузатувчиларнинг ташрифи кутилмоқда.

Бугунги кунда Шаҳрисабз шаҳри ва унинг тарихий қисми, яъни Оқ сарой мажмуасида анжуманни юқори савияда ўтказиш учун зарур инфратузилма иншоотларини барпо этиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Айнан мана шу мақсадда Шаҳрисабз шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносини тубдан қайта реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди. Таъкидлаш жоизки, бу мақсадлар учун давлат бюджети ҳисобидан 8 млрд 700 млн сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Мақомчилар саройи қарийб 3500 кв майдонни эгаллаган. Бу ерда анжуман ва конференц заллари, 400 кишилик катта зал, 134 кишилик кичик зал, миллий мусиқа асбоблари хонаси, кийиниш ва пардозлаш хонаси, миллий рақс хонаси, театр студияси, спорт инвертарлари хонаси, кичик кинотеатр, кутубхона ва ўқув зали ўрин олади.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу халқаро мақом санъати анжуманини очилиш ва ёпилиш маросимига бағишланган катта тантана ҳам Оқ сарой мажмуаси атрофида бўлиб ўтади ва бунинг учун Амир Темур майдонида 1000 кишилик кўчма амфитеатр ўрнатилади. Анжуманни тўғридан тўғри кузатиб боришлари учун Шаҳрисабздаги “Ҳисор” ўйингоҳи ва “Наврўз” аҳоли дам олиш масканининг ҳар бирига 2000 томошабин учун мўлжалланган катта ҳажмли мониторлар ўрнатилади ва уларда анжуман жараёнлари тўғридан тўғри эфирга узатилади.

Жорий йилнинг 1 августидан Шаҳрисабз шаҳрига “Афросиёб” тезюрар поездининг кириб келиши ва шаҳарда қурилаётган меҳмонхона, истироҳат боғлари анжуманга ташриф буюрадиган, бутун дунёдан ташриф буюрадиган меҳмонлар учун хизмат қилади.

Сарвар Анвар ўғли, KUN.UZ мухбири