Самарқандда қуёш фотоэлектр станциясининг қурилиши тўхтатилди. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» компаниясининг стратегик ривожланиш бошқармаси раҳбари Исо Саъдуллаев берган маълумотга таяниб, «Газета.uz» хабар берди, деб ёзади Daryo.uz.
«Қурилишнинг техник ва молиявий жиҳатлари билан боғлиқ ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатдики, лойиҳа қайта кўриб чиқилиши керак, — дея Исо Саъдуллаев 26 июнь, душанба куни Тошкентда электр энергетикаси бўйича бўлиб ўтган халқаро конференциясида маълум қилди.
Самарқандда Марказий Осиёдаги биринчи фотоэлектр станциянинг қурилиши ҳақида 2014 йили эълон қилинган. 2016 йили Хитойнинг Zhuhai Singyes Green Building Technology компанияси фотоэлектр станцияни қуриш бўйича тендерда ғолиб чиққан. 275,8 миллион долларлик лойиҳани молиялаштириш Осиё тараққиёт банкининг 110 миллион доллар миқдоридаги кредити, шунингдек, Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт фонди ҳамда «Ўзбекэнерго» АЖ маблағи ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилган эди.
Айни кунларда «Ўзбекэнерго» электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб беришга хусусий секторни жалб қилиш устида иш олиб бормоқда. Шу мақсадда Канаданинг SkyPower Global компанияси билан қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзоланган. Унга кўра, Ўзбекистонда қуёш энергияси ишлаб чиқариш учун 1,3 миллиард доллар сармоя киритади.
Фотоэлектр станцияни яқин 4 йил ичида қуриб битириш режалаштирилмоқда.