Қоғоз ва картон маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистоннинг етакчи корхонаси бўлган Аngren Pack яқин орада 100 фоиз хорижий компанияга айланиши мумкин, деб хабар қилмоқда Республика Фонд биржаси.
"Аngren Pack"нинг 215600 дона 53,05 фоиз оддий акцияларига эга бўлган Россиянинг “Управляющая компания Николь-Пак” МЖЧ компанияси, Акциядорлик жамиятлари ҳақидаги қонуннинг 40 ва 24 бандларига мувофиқ, "Аngren Pack"нинг қолган акцияларини донасини 10 000 сўмдан сотиб олишини эълон қилди", - дейилган биржа хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Чехиянинг Paper Mill Holding компанияси Аngren Packнинг акцияларини 2011 йилда сотиб олган эди. Ўшанда корхона “Саноатқалинқоғозсавдо” ОАЖ деб аталар эди. Николь-Пак эса 2018 йил июнь ойининг бошида Чехиянинг Paper Mill Holding компаниясида Аngren Packнинг назорат пакетини сотиб олган эди.
Энди эса, “Николь-Пак” компаниянинг қолган акцияларини сотиб олишини эълон қилди. Шунингдек, Россия компанияси бир ой ичида компания акцияларини сотиб олиш ҳақида розилик олган тақдирда уларни сотиб олиш мажбуриятини олишини маълум қилган.
Spot.uz хабарига кўра, Аngren Pack – Ўзбекистонда қоғоз, картон, гофротара, туалет қоғози, салфетка ва қоғоз сочиқлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхона ҳисобланади. Компаниянинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 100 минг тонна қоғоз ва 120 млн кв.м. гофрокартонни ташкил қилади. Хусусан, Ласка, Лотос ва Хадаф номли туалет қоғозлари ишлаб чиқарган.
“Николь-Пак” компанияси упаковка ва турли бошқа мақсадлар учун мўлжалланган картон ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб у ўз фаолиятини Россияда 2003 йилда бошлаган. Айни дамда холдинг корхоналари Россиянинг Учалы, Воскресенск, Нижний Новгород, Новоульяновск ва Муром шаҳарларида жойлашган. Корхона йилига 250 минг тоннадан ортиқ картон маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Компания Картон гильза ва уголок ишлаб чиқариш бўйича Россиянинг етакчи корхонаси, флютинг ва лайнер ишлаб чиқариш бўйича - энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади.