Америка кийим-кечак фабрикасининг “ота”си, дизайнер ва бизнесмен, филантроп Ральф Лаурен 1939 йилда Нью-Йоркда таваллуд топган. Хайр-саховат лойиҳалари билан ном қозонган миллиардер "замонавий услуб"нинг асосчиларидан биридир.
"Одамлар қашшоқ оиладан қандай қилиб шу қадар моҳир дизайнер чиққанига ҳайрат билан қарашлари табиий. Аммо бой бўлиш ёки шуҳрат қозониш ўтмишга эмас, орзуларга дахлдор", деган эди жаноб Лаурен.
Ўрта мактабда таълим олган кезлари Ральф Лаурен синфдошларига галстукларни пуллаб, муҳожир ва камбағал ота-онасига кўмаклашган.
1957 йил. ДеВитт Клинтон ўрта мактабини тамомлаётган Ральф Лаурен мактаб битирувчилари китобига ҳаётидаги мақсадлари қаторида "миллионерлик"ни ҳам ёзиб қўйди. Орадан йиллар ўтди. Forbes'нинг 2015 йилги маълумотларига кўра у 8 миллиард АҚШ доллари соҳиби.
"Баъзида ҳеч нарсадан ҳам нимадир яратишга тўғри келади", дейди миллиардер. Тобора улғайиб бораётган Ральфнинг ягона орзуси оилани қашшоқлик ботқоғидан олиб чиқиш эди. Ушу мақсадда бир қанча фильмларда эпизодларда ҳам ўйнай бошлайди.
Яхши ҳаётга ҳавас қилиш керак. Бир куни дўсти билан юқори табақадаги амалдорлар ташкил этган чавгон ўйини клубига борган Ральф бадавлат инсонлар орасида илк маротаба ўзида серҳашамлилик кайфиятини ҳис қилади. Ўша кундан бошлаб бўлажак миллиардер орзуларини уйғота бошлайди. У ҳеч қачон мода ёки дизайн мактабида ўқимаган. Ундаги ягона билим – тасаввури 26 ёшида уни мода оламига олиб киради.
Бизнес – сизни бой қиладиганларнинг хизматкорига айланиш демакдир. Қўлида юқори мактаб дипломи ва бир неча бизнес курсларининг сертификати бўлган йигитча шахсий компаниясини ташкил этишга киришади.
Ральф одамларни тинглар, уларни ўрганар, уларни орзуларини ҳурмат қилар эди. "Мен аслида кийимларга эмас, орзуларга кўриниш туҳфа этаман", деган эди у.
Миллиардер бой бўлишда ижобийлик, ҳар нарсанинг яхши жиҳатини ҳисобга олиш муҳим эканини айтади. "Бир куни бошлиқнинг олдига кирдим ва унга ўзим бичган янгича кўринишдаги бўйинбоғни кўрсатиб, унга бу янги бичим одамларга ёқиши мумкинлигини айтдим. У эса дунё ҳали Ральф Лауренга тайёр эмаслигини айтди. Бу сўзлар бир дақиқага бўлса ҳам ёдимдан кўтарилмаган. Сабаби, буни ўзим учун юксак мақтов деб ўйлаган эканман".
Аммо бунинг учун кўп кутиш керак бўлмади. Ўша вақтларда урф бўлган ингичка ва бир рангли бўйинбоғлардан фарқли ўлароқ, 1967 Лаурен бренди тақдим этган кенг ва рангдор "Polo" галстуклари тез орада оммалашиб, дизайнер номини машҳурликка олиб чиқади.
Кун келади ва сен ҳаётдан зерика бошлайсан. Демак, тасаввур ва орзулар чегарасини кесиб ўтишга фурсат етибди. Лаурен бренди энди юлдузлар учун махсус кийимларни таклиф эта бошлайди. У бир вақтлар орқа саҳналарда роль ўйнаб юрган кезлари юрагида аланга олган орзулардан бежирим кийимлар бича бошлайди.
Дизайн оламида унинг машҳурлигининг яна бир сири шундаки, жаноб Лаурен ҳеч қачон енгил-елпи, бир марта ёки мавсумлик кийим-кечаклар яратишга ҳаракат қилмади. Унинг барча изланишлари услуб доирасида бўлди. "Услуб ўта шахсий масала. Моданинг умри қисқа, услуб эса барҳаёт яшайди".
"Қандай бўлсангиз – сиз шундай яшашга маҳкумсиз. Фақат қаттиқ меҳнатгина сизга бу ерда ниманидир уддалашингизга ёрдам беради. Мен бунинг тирик мисолиман. Бизга берилган ҳар кун – ўз-ўзимизни қайта кашф қилишимиз учун туҳфа қилинган имкондир", дейди Раль Лаурен.
Ральф Лаурен фақатгина иш билан кифояланиб қолмади. Унинг наздида бизнесдаги омади шахсий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. "Менинг шахсий камераларим бўлган кўзларимни бир зум бўлса ҳам, оиламдан узмадим. Мен тажриба ва хулосаларни ҳаётдан олдим. Шу туфайли ҳам ҳаётим менинг учун ҳақиқатга тўла энг қадрли кутубхонадир".
Бир вақтлар мактаб китобига орзулари қаторига миллионерликни ҳам ёзиб қўйган болакай айни пайтда – 77 ёшида шунча йиллик меҳнати самарасини роҳат-фароғатда нишонлаб яшамоқда.