Иш

Раҳбарликдан лидерликкача бўлган 7 қадам

Мансабнинг юмшоқ курсисига ўтираётган инсон хаёлидан ўтадиган илк хаёл – унинг қачонгача бу ерда қолиши. Бу эса унинг етакчилик қобилияти, меҳнати, иқтидори, феъли ва жамоасига дахлдор.

"Раҳбар" ва "лидер" маънодош туйилса ҳам, бир-биридан тубдан фарқ қилади. Раҳбар бошқарса, етакчи йўл бошлайди. Раҳбар назорат қилса, лидер намуна бўлади. Раҳбар танбеҳ берса, йўлбошчи муҳокама қилади. Йўлбошчилик -- муносиб намуна бўлишдир.

Лидерлик ўқитилмайди, узоқ йиллар давомида ўрганилади. Яхши ходим бўлмаган инсондан яхши раҳбар ҳам чиқмайди. Қуйида раҳбарни лидердан фарқловчи 7 жиҳат хусусида тўхталамиз.

  1. Ходимларни яхши кўринг ва ҳурмат қилинг.

Сиз ўзингиз ҳурмат қилмаган инсоннинг ҳурматини қозона олмайсиз. Ҳурмат қилиш ва уларни яхши кўриш эса аҳил-иноқ бўлиб ишлашнинг гаровидир.

Ходимлар – онгсиз-ҳиссиз роботлар эмас: улар ҳам ўз дунё ва муаммоларига эга, шахсият ва қандайдир иқтидорга эга одамлар. Етакчи сифатида уларга ўзларини намоён этишларига ёрдам бериш учун, аввало уларни яхши кўриш керак, ҳурмат қилиш керак.

  1. Йўл бошланг, назорат қилманг.

Лидер ва ходимни ажратиб турадиган муҳим омил, бу – илғор фикр. Йўлбошчи умид чироғига айлансагина, жамоа у томонга интилади.

Раҳбарларнинг кўпида назорат қилишга мойиллик бўлади. Аммо, йўлбошчи ўз номи билан жамоани янги чақириқлар, муҳим лойиҳалар, ходимларини қўллаб-қувватлаш орқали муваффақият сари бошлаши керак.

Йўлбошчи -- муваффақият йўлини биладиган, шу йўлдан юрадиган ва бошқаларни ҳам чорлайдиган инсон. Сизнинг муомалангиз, муносабат ва ҳурматингиз, билим ва тажриба одамларни сизга эргашишларини таъминлайди.

  1. Мослашувчан бўлинг.

Йўлбошчилик – доим ҳам ақлли иш қилиш дегани эмас. Қаршингизда турган жамоани ўзингизни шахсий феъл-атворингизга мослаштириш ўрнига, сиз уларни ўрганинг. Ҳар бир инсон – ўзича бир олам. Ҳар кимдаги истеъдодни кашф қилишнинг алоҳида шартлари, талаблари бор.

Лидер сифатида кимнидир илҳомлантириш учун унинг кучли жиҳатларини мақташ керак бўлса, ёш, шу билан бирга иқтидорли мутахассисга йўл-йўриқ кўрсатиб, унинг улкан ишларидан умидвор эканингизни айтишингиз керак бўлади.

  1. Ишонч билдиринг.

Ишонч – ҳар нарсанинг калити. Модомики, жамоа келажак ёруғлигини кўра олмаётган экан, ҳеч бўлмаса уларга ишонч тафтини ҳис қилишларига имкон беринг.

Ходимнинг бор маҳоратини кашф қилиш учун унга ишонч билдириш керак. Акс ҳолда, атрофингизда кимлар борлигини била олмайсиз.

  1. Имкон беринг, кечиримни қабул қилинг.

Хато эмас, даво топишга интилинг. Қўлида катта калтак, аммо тилидан асал томадиган йўлбошчи узоққа боради.

Раҳбарлар жамоа муваффақият қозонганда уларни кўкларга кўтариб мақтаса, ёмон натижага эришилганида ҳамманинг бошига уришни яхши кўришади.

Етакчи муваффақият жамоанинг меҳнати эканини англайди, қийин пайтларда камчиликларни бартараф қилишни ўзидан бошлайди.

  1. Таваккал қилишни ҳам унутманг.

Раҳбар учун тинчлик керак: ортиқча харажат талаб қиладиган ишга таваккал қилиб, панд ейиш мумкин. Йўлбошчи эса баъзида оқилона қилинган таваккалчилик юксак муваффақиятни бошлаб келишини билади.

Йўлбошчи ходимларини янгиликка бўлган иштиёқини қўллаб-қувватлайди. Йўлбошчилар муваффақиятсизлик сабоғига ҳам юксалиш учун имкон деб қарайдилар.

  1. Мажбур қилманг, илҳомлантиринг.

Раҳбар қўрқув орқали ишлашга мажбур қилса, лидер руҳлантиради, илҳомлантиради. Йўлбошчи ўзини паст даражадаги мутахассис билган ходимга юксак баҳо бериб, ундаги қобилиятни кашф қилади.

Лидер – мисоли орзу ва тасаввур, ёрқин келажак аксланиб турган кўзгу: ходимларни ўша ёққа бошлайди.

Муваффақият катта ёки кичкина бўладими, йўлбошчи учун бу муҳим ва буни эътироф этишни маъқул кўради. Боиси, етакчи – ўз жамоасининг энг содиқ мухлиси.

 Хулоса

Бугунги фидойи ва ҳалол ишчи – эртанги йўлбошчи. Миллионлаб инсонларнинг бошига олма тушган бўлса ҳам, бунинг сабаби фақат Ньютонни қизиқтирган: ўқиш-ўрганишдан тўхтаманг. Қанчалик кўп ўргансангиз, юксакликка кўтарилсангиз, шу қадар мулойим, хокисор бўлинг. Акс ҳолда, қулашнинг азоби ҳам юксаклик шукуҳидан кам бўлмайди.

Шуҳрат Сатторов, журналист