Олдин хабар қилинганидек, Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да «Ўзбекистон солиқ сиёсатининг янги концепцияси» мавзусида Халқаро пресс-клуб йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Давлат солиқ қўмитаси раҳбари Бегзод Мусаев чиқиш қилди.
«Бир йил олдин, 2017 йилнинг 18 июлида Шавкат Мирзиёевнинг фармойиши билан алоҳида ишчи гуруҳи ташкил қилиниб, солиқ тизимини ислоҳот қилиш бўйича концепцияни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Президент ҳар йиғилишда етти ўлчаб бир кесиш кераклигини, энг асосийси адолат билан иш кўриш зарурлигини эслатиб келди», — деди Бегзод Мусаев.
«Республикада иккита солиқ принципи бор. Яъни икки турдаги юридик шахслар солиқ тўловини амалга оширади: белгиланган солиқни тўловчилар ва енгиллаштирилган ягона солиқни тўловчилар. Ягона солиқ тизими 2005 йилда амалга киритилган бўлиб, унда фақатгина битта мезон қўйилганди: 50 нафаргача ишчи ўрни яратганларга енгиллаштирилган, 5 фоизгача солиқ тўлаш имконияти берилганди. Бора-бора 2011 йилда ишчи сони 100 нафаргача, 2014 йилда эса 200 нафаргача кўтарилди.
Бунинг натижасида иш берувчилар ауцорсинг, яъни кам харажат қилиш эвазига солиқни бекитган ҳолда маош тўлаш, конверт усулида маош беришни йўлга қўйди.
Янги тизимга кўра, қўшимча қиймат солиғига ўтиш, биринчидан, нархнинг ошишига олиб келмайди. Иккинчидан, солиқ юкини ҳам ошишига сабаб бўлмайди», — деди Солиқ қўмитаси раҳбари.
«Ҳозир олдимизда турган асосий вазифа солиқ тўловчига енгил, содда тизим яратиб беришдир. Яъни бу жараённи автоматлаштирган ҳолда, қўшимча қиймат солиғининг электрон тизимини яратиш йўлга қўйилади», — таъкидлади Бегзод Мусаев.