1. Меҳрингиздан заррача шубҳаланмасин.
Биласизми, қизлар отасининг меҳри туфайли ҳимояланганлик ва ўзига ишонч туйғулари ҳис қилишади. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ҳам уни яхши кўришингизга заррача шубҳаланмаслиги лозим. Жаҳлингиз чиққанда, қўпол муомала қилишдан эҳтиёт бўлинг.
2. Бўлажак умр йўлдошининг андозасини сиздан олади.
Болалигидан дунёдаги энг яхши эркакни сизнинг қиёфангизда кўради. Бунга аёлингиз билан муносабатларни тўғри йўлга қўйганингиз сабаб. Галдаги вазифангиз, шу муҳитни сақлаб қолиш. Лозим бўлса, янада ривожлантиришдан иборат. Бунинг учун онасини ардоқлашингизни фарзандингиздан яширманг.
3. Байрамларни бирга нишонланг!
Қўғирчоқ ўйнаб ўтирган қизингиз ҳадемай хонадонингиздан учирма бўлади. Унинг хотиралари ширин бўлишини таъминланг. Байрамларни, муҳим саналарни унутманг. Арзимаган сабаблар билан ҳам шодиёна уюштиришга одатланинг.
4. Эътиборингизни аяманг!
Қизалоқларингиз билан қизиқарли ўйинлар ўйнанг, у билан бирга завқланинг. Ўрни келганда, олқишу қарсакларингизни аяманг.
5. У тинглаётган қўшиқни эшитиб кўринг.
Ўсмирлик даврида ҳар бир қизда замонавий мусиқага қизиқиш пайдо бўлади. Баъзида бу қўшиқлар қулоқларингизни қоматга келтириб юбориши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Аммо сиз шу мусиқанинг айнан қайси жиҳатлари унга ёқишини сўраб кўринг. Нима учун дейсизми, иккингиз суҳбатлашишингиз учун мавзу бўлади-да. Ёдингизда бўлсин, бу қизиқиш ўтиб кетади, аммо кўнгилдаги хиралик бутун умрга сақланиб қолиши мумкин.
6. Қўлидан тутиб спорт тўгарагига олиб боринг.
Қизалоғингиз иродали ва соғлом бўлиши учун уни, албатта, спортга ошно қилинг. Енгил атлетика, бадиий гимнаситика, рақс... Танлаш имкониятини ихтиёрига қўйиб беринг.
7. Самимий бўлинг.
Барча оталар қизлари учун қўлларидан келган шароитни яратиб беришади. Аммо, барибир, орада қандайдир девор бордек туюлаверади. Сизда бундай бўлишини истамасангиз, самимийликни йўқотманг. Баъзида берган ваъдангизни бажаришга имкон топа олмайсиз, гоҳида адолатсизлик қилишингиз мумкин. Мана шундай пайтларда адашганингизни тан олишдан уялманг. Ишонинг, бу орангиздаги музликларни эритишга кўмаклашади.
Манба: Darakchi.uz