Биласизми?

ОТМларда аттестация синовларида кўчирмакашликка қарши кураш кучайтирилади

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришлар Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, дея хабар қилинди «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида.

Низомга мувофиқ, битирувчилар айрим фан бўйича, таълим йўналиши бўйича фанлараро якуний аттестация синови ҳамда битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси бўйича аттестация топширган. Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, айрим фан бўйича аттестация хорижий тилга (олий таълим муассасаси Кенгаши қарорига асосан киритилади) ўзгартирилди, шунингдек эндиликда диплом лойиҳаси ҳимояси ҳам аттестация ҳисобланади.

Аттестациядан ўтмаган битирувчиларнинг аттестацияси олий таълим муассасасининг юқори турувчи вазирлик (идора) томонидан тузиладиган комиссияси томонидан ўтказилади. Илгари Давлат тест маркази вакиллари иштирокида ўтказилган.

Шунингдек, аттестация синовларида муаллифликни ўзлаштиришга (плагиатга) йўл қўйилмаслиги мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, Аттестация синовидан ўта олмаган шахс аттестация синовини кейинги йилларда қайта топшириш ҳуқуқига эга бўлди. Илгари фақат уч йил ичида қайта топшириш мумкин эди.