Ҳаёт мўъжизаларга бой. Акс ҳолда, оддий, омадсиз болалик соҳибларидан буюк ва етакчи инсонлар етишиб чиқмаган бўлар эди. Инсон ҳаракат қилса, ўзига муносиб умрга эриша олади. Ҳаёт бу яшаш дегани. Яшаётган киши эса ўзгаришга тайёр туриши лозим. Қуйида аввалига омадсиз ёки билимсиз, деб ҳисобланган, аммо кейинчалик жамиятнинг ва жаҳоннинг нуфузли инсонларига айланган шахсларнинг ҳаётларидан лавҳаларни тақдим қиламиз.
Уинстон Черчилль олтинчи синфда “қолиб кетган”. У аввалига қанча уринмасин ўзи хоҳлаган бирорта ҳам сиёсий лавозимни эгаллай олмаган. Лекин кейинчалик саъй-ҳаракатлари эвазига 62 ёшида Буюк Британиянинг премьер-министри бўлишга эришган.
Томас Эдисонга ўқитувчилари ҳар доим “сен аҳмоқсан, бирор нарсани ўргана олмайсан” дейишарди ва уни ақли заифликда ҳам айблашган. Аммо кун келиб Эдисон тенгсиз ихтирочига айланган. Тома Эдисон электр лампа яратгунига қадар мингдан ортиқ турдаги лампочкаларни ишлаб чиқариб, синовдан ўтказган.
Ҳарланд Дэвид Сандерсни KFC компаниясининг рамзида кўп кўрганмиз. Бу чол бизни мазали қовурилган жўжа ейишга таклиф қилади. Ҳарланд Дэвид Сандерс бошида ўз жўжаларини ҳеч кимга сота олмаган. Мингдан ортиқ ресторандан “жўна бу ердан!” деган жавобни олиш бизнесни эндигина бошлаган тадбиркор учун оғирлик қилади. Фақат биттагина ресторан унинг жўжаларини сотиб олишга зўрға рози бўлди. Мана шу унинг омадининг бошланиши эди. Энди эса Сандерснинг сурати KFC тармоғидаги ҳамма ресторанларнинг пештоқини безаб турибди.
Роуланд Ҳюссей Мэйси жуда кўп марта бизнесда панд еган бўлса ҳам, ҳаракатдан тўхтамаган. У аввалига қуруқ мевалар сотиш бизнесини йўлга қўйган. Кейин эса Нью-Йоркка кўчган. Унинг бу шаҳардаги дўкони қарзга ботган бўлса ҳам, лекин Мэйси тингани йўқ ва охир-оқибат 1858 йилда дунёдаги энг йирик унимермаглардан бири Macy's дўконига асос солган. Бу йирик дўконлар тармоғи бугунгача ҳам ўз нуфузини йўқотган эмас.
Стивен Спилберг Жанубий Калифорния кинофильм университетига киришни доим орзу қиларди. Бироқ 12 ёшида 8 дақиқали фильм яратган Стивен уч марта кетма-кет уриниб ҳам бу ўқув юртига кираолмади. Кейин ҳаммасини ташлаб, режиссёрликка қўл урди. Етти маротаба Оскар олган кино ижодкорининг бугунги муваффақиятларидан ўзингиз бохабарсиз.
Чарли Чаплиннинг хатти-ҳаракатлари режиссёр ва фильм ижодкорларига ёқмасди. Улар Чаплин ёрқин роль ижро этолмайди, уни томошабинлар тушунмайди, деган қарорга келишди. Охири “кел, биздан нима кетди, шу бечора бир уриниб кўрсин,” деб унга роль ўйнашга ижозат беришди. Қарабсизки, Чаплин Америкада киноюлдузга айланди. Уни менсимаган кино ижодкорлари номини эса кўплар эсдан чиқариб юборган.
Мэрилин Монро афсонавий актриса. Унинг Columbia Pictures билан биринчи шартномаси бекор қилинган. Продюссерлар унга актриса бўлиш учун чирой ва қобилият етарли эмаслигини айтишган. Монро хоним бошида ғазабланиб, бу соҳани тарк этишни ҳам режа қилган. Лекин у сўнгги қарорни қабул қилишга шошмасдан қайта уриниб кўишдан тўхтамайди. Ва охир-оқибат Голливуднинг ёрқин юлдузига айланади.
Соичиро Ҳонда иш излаб Toyota компаниясига келганида уни инженерликка ишга олишмаган. Жаноб Ҳонда кўп вақт ишсиз юрган. Шундай бекорчи кунларнинг бирида у мотоцикль ясай бошлаган ва кўп ўтмасдан ўзининг фирмасини очган. Бир фурсат ўтиб, меҳнат ва машаққат билан ўтган кунлар ва тунлар эвазига Соичиро Ҳонда муваффақиятли миллиардерга айланган.
Уолт Дисней газетада ишлаб юрганида муҳаррир уни ишдан ҳайдаб юборади. Муҳаррир унга тасаввурининг ривожланмагани, бу қобилият билан ҳеч қаерда ишлай олмаслигини, бу калладан фақат пуч ғоялар чиқишини айтади. Шундан сўнг Дисней бир нечта компанияларга асос солиб, бизнесда ўзини синаб кўрмоқчи бўлади. Аммо омади келмайди. Кейин у “Қорқиз” мультфильмини суратга олди. Бу йўналишдаги ҳаракатлари унга оламшумул нуфуз олиб келади. Натижада ҳозирги болаларнинг кўпчилиги унинг компанияси яратган фильмлардан илҳомланиб улғайишмоқда.
Альберт Эйнштейннинг болалиги оғир ўтган. У тўрт ёшга кирганидагина гапира бошлаган ва етти ёшида ёзишни ўрганган. Ўқитувчилари унга нуқул тайинли одам бўла олмаслигини, ақли пастлигини айтиб, хафа қилишган. Лекин Эйнштейннинг ўзига хос дунёси, фикрлаш усули бор эди. Кун келиб у физика бўйича Нобель мукофотини олганида унинг ўқитувчилари ҳайратга тушган бўлса, ажаб эмас.
Исаак Ньютонга оилавий фермани бошқариш вазифаси топширилган экан. Аммо бахтга қарши, Исаак бу ишга киришишидан бошлаб моллар ўлиб, боғлар қуриб, ферма банкрот бўла бошлабди. Ундан фермер чиқмаслигини билган оила бўлажак олимни ўқитишга аҳд қилган ва шаҳарга жўнатган. Исаак Ньютон Кембриж университетига кириб, физикани ўзлаштира бошлаган. Олма эса унинг бошига анчадан кейин дарахт тагида дам олаётганида тушган.
Сидни Пуатье, қора танли илк энг машҳур америкалик актёрга илк маротаба киносиновда иштирок этганида унга нима дейишганини биласизми? “Ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам қийнаманг, яхшиси коса-товоқ ювишга ёки шунга ўхшаш бирор ишга кириб олинг” деб маслаҳат беришган. У эса Оскар мукофотини олди (Анча вақтдан кейин, албатта).
Опра Уинфрини телевидениедаги биринчи ишидан кейиноқ бўшатиб юборишган. Раҳбарлари “Унинг кўриниши экранга мос келмайди” деган ҳукм чиқаришган. Лекин у бор кучини ишга солиб, ток-шоу юлдузларидан бирига айланди. Шунинг орқасидан миллиардер бўлгани эса бошқа масала.
Доктор Сюсснинг биринчи китобини 27 та нашриёт қабул қилмаган. Кейироқ у энг оммавий болалар ёзувчиларидан бирига айланди.
Генри Форднинг болалиги у қадар ҳам ҳавас қиларли ўтмаган. Унинг ота-онаси ёшлигидаёқ вафот этишган ва у қўшнилар қўлида вояга етган. Генри Форднинг биринчи автомобиль компанияси банкрот бўлган. Иккинчисини ўзи ташлаб кетган: шериклари билан келишмай қолган. Учинчисида савдо паст бўлган. Аммо жаноб Генри бўш келмаган. Кейинроқ у америкалик тадбиркорлар орасида энг машҳурларидан бирига айланган.
Жеймс Дайсон чангютгич яратаман, деб 15 йил уриниб кўрган. Маълумотларга қараганда, унинг роппа-роса 5126 марта ясаган чангютгичларининг синови муваффақиятсиз якун топган. У мазкур ихтирога борини сарфлаган. Ниҳоят, 5127 синовда у ўзи истаганидек беками кўст чангютгични яратишга эришган. Бугунги кунда АҚШда айнан Дайсон (Dyson) белгиси қўйилган чангютгичлар энг кўп сотилар экан.
Жоан Роулинг исмли номи чиқмаган адибанинг ишлари тўсатдан орқага кетди: оиласи ўхшамади, эри билан ҳам ажрашди. У қарзга ботган эди ва нафақа пулига ёлғиз қизини боқарди. Кейин адиба қисқа фурсатда бестселлерга айланган Гарри Поттер ҳақидаги биринчи романини ёзди. Ҳозир бу асар халқаро даражада энг кўп сотиладиган китоблар қаторидан жой олган. Жоиз бўлса айтиш мумкинки, Роулинг хоним китоб ёзиб миллардер бўлган биринчи ёзувчи бўлса керак.
Стивен Кинг Америка ва жаҳоннинг таниқли адибларидан бири. Унинг асарлари асосида юзлаб фильмлар ишланган. Адибни бугун танимаган ўқувчи бўлмаса керак. Унинг “Кэрри” номли биринчи романи аввалига ўзига ҳам ёқмайди ва адиб уни ташлаб юборган. Аммо унинг бедор тунлари ва машаққатларига гувоҳ хотини қўлёзмани топиб олиб, адибни асарни нашр қилишга кўндирган. Бугунгача Стивен Кингнинг 49 романи дунёнинг турли тилларида 350 миллион нусхада чоп этилган.
Ҳар куни ижобий нуқтаи-назар билан яшаш жуда муҳим. Муаммолар ҳақида жар солиш эмас, улардан халос бўлиш йўлини топиш донолик. Юқорида биз айтиб ўтган инсонлар каби, ҳаётда муваффақиятсизликка учраб, аммо интитилиб бахтини, омадини топган инсонлар жуда кўп. Ҳаёт баъзида ақл бовар қилмас даражада фожеага айланади. Нима бўлганда ҳам, мутойибани унутманг. Охир-оқибат сўнгги таҳлиллар ҳеч бўлмаганда кулишни унутмаганлигингиздан дарак беради.
Омад сизга ёр бўлсин!