Биласизми?

Олий лига жамоалари сони кескин камайтирилади

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ижроия Қўмитаси Бюросининг қарорига кўра футбол бўйича 2018 йилги Олий лига мусобақаларида 12 та жамоа иштирок этади. Чемпионат ўйинлари эса 3 давра тизимида ўтказиладиган бўлди.

Янги форматга кўра, 12 та жамоа 3 даврада айланма тизимда ўйнайди. Бунда ҳар бир жамоа мавсум давомида 33 та ўйин ўтказади. Дастлабки икки даврага мавсум бошида қуръа ташланади ва жамоалар “уйда-сафарда” тизимида баҳс олиб боради. Мусобақанинг учинчи даврасига эса регламент асосида қуръа ташлаш йўли билан мезбон-меҳмон аниқланади. Натижада клублар ўртасида чемпионлик ва лигада қолиш учун рақобат кучайиб, мусобақа савияси ошади.

2018 йилги 12 та жамоадан иборат 3 даврали тизим иштирокчиларини аниқлашда 2017 йилги футбол мавсуми ҳамда 2018 йилги мавсумга футбол клубларини лицензиялаш якунлари асос бўлиб хизмат қиладиган бўлди. Натижада, 2018 йилги мусобақада 2017 йилда 1–11 ўринларни эгаллаган 11 жамоага Биринчи лига мусобақаларида ғолиби бўлган футбол клуби қўшиладиган бўлди.

Ушбу қарорни қабул қилиш асносида ЎФФ ва ПФЛ раҳбарияти мураббийлар, клублар раҳбарлари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳар бир таклифини чуқур ўрганиб чиқди.

“Мен бугунги қабул қилинган қарордан қониқиш ҳосил қилдим”, – деди ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов. “Чунки, у бир томонлама қабул қилинмади. Биз ҳамма киритилган таклиф ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқдик. Кейин эса янги форматнинг бизнинг шароитга қандай тўғри келишини ўргандик. Якунда эса 12 та клуб қатнашадиган мусобақа вариантида тўхтадик. Мен ушбу қарорнинг қабул қилинишида иштирок этган ҳар бир эксперт ва оммавий ахборот воситалари вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман”.

Умид Аҳмаджонов чақирган ЎФФ Ижроқўмининг Бюроси, шунингдек, Биринчи лигада ўйнайдиган жамоалар сонини 16 тага камайтириш тўғрисида ҳам қарор қабул қилди. Биринчи лига асосан ёшлар ўйнайдиган мусобақа бўлиб, Олий лига клублари ҳамда терма жамоалар учун номзод тайёрлайдиган ўзига хос фабрика бўлиб хизмат қилиши кераклиги алоҳида урғуланди. Бундан ташқари, футболни бутун Республика бўйлаб бир текисда ривожланишига эришиш мақсадида Биринчи лигада ҳар бир вилоятдан битта жамоанинг иштирок этиши асосий талаблардан бири этиб қўйилади. Шу орқали ЎФФ ва ПФЛ мусобақаларида иштирок этадиган футболчиларнинг ёшариб боришига эришилади ва якунда мураббийларни айнан ёшларга кўпроқ имконият беришга ундайди.

“Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ва уни ўтказиш тизими ислоҳга муҳтож эканлиги, миллий чемпионатида рақобатбардош жамоалар сонини кўпайтириш орқали соғлом рақобатни кучайтириш ва бир сўз билан айтганда олий лига ўйинларини томошабоп мусобақа даражасига олиб чиқиш учун ислоҳотларни амалга ошириш жуда муҳим эди” – дейди Умид Аҳмаджонов ЎФФ матбуот хизматига.

“Бу борада биз энг аввало ички имкониятлар ва шароитларни ўрганиб чиқиб, кейин халқаро тажрибага таяндик. Экспертлар билан маслаҳатлашган ҳолда 12 та жамоадан иборат лига танловида тўхтадик. Худди шу мақсад билан биринчи лига жамоалари сонини ҳам 16 тага қисқартирдик. Умид қиламанки, бу ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини беради”,  – дейди ЎФФ Президенти.

Ушбу ҳафтада Олий ва Биринчи лига футбол клубларига 2018 йилги мусобақаларда иштирок этиш учун ОФК ва ЎФФ хужжатлари асосида белгиланган талаблар акс эттирилган янги меъёрий ҳужжат юборилади. Ҳужжатдаги талабларга жавоб бермаган ёки буни бажаришда муддатидан кечиккан футбол клублари мусобақаларга қўйилмаслиги маълумот сифатида тақдим этилди.

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси директори Омон Ғофуров Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроия Қўмитаси Бюросининг Чемпионат ва Биринчи лига форматини ўзгартириш ҳақидаги қарори бўйича Олий ва Биринчи лига футбол клублари, шунингдек, ҳудудий федерацияларга хабар бериб, зарур чора-тадбирларни кўриш кераклиги ҳақида огоҳлантирди.