"Ўзбекистон 24" телеканали порахўрлик билан шуғулланиб келган қатор таълим соҳаси вакиллари қўлга олинганлиги ҳақида кўрсатув намойиш этди.
Дастурда мактаблар ва коллежлардаги порахўрлик ҳолатлари ҳақида гапириб ўтилгач, олий таълим даргоҳларида ўқишга киритиб қўйиш ваъдасини берган фирибгарлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқаро Тўлаганова ва Тошпўлатовалар Тошкент педиатрия институти ректори ёрдамчиси лавозимида ишловчи Умид исмли таниши орқали мазкур институтга ўқишга киритиб қўямиз деб, Мирзаабдуллаевадан нақд 15 минг АҚШ долларини санаб олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ўзбекистонда педагогларни етиштириб берувчи Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида ҳам худди шундай ҳолат рўй берган.
Ушбу олийгоҳнинг лаборанти Бобоев Нуруллаевни мазкур университетнинг жисмоний тарбия факультетига ўқишга олиб киришни ваъда қилиб, ундан 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Худди шу университетнинг яна бир ходими — доцент Ахмадалиев ҳам фуқаро Салимовадан хоҳлаган факультетига ўқишга киритиб қўйишга ёрдам бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари сўраган ва пулнинг тенг ярмини олаётган вақтида қўлга олинган.
Мамлакатдаги таълим даргоҳларидаги порахўрлик ҳолатлари ҳақида бундан олдин ҳам кўп маротаба ёритилган, аммо шу кечаю-кундуздаги каби тезкор рейдлар ёппасига ва бу қадар очиқ ошкор этилмаган эди.
Ушбу рейдларни Ўзбекистондаги таълим тизимини "оёққа қўйиш" бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳали бошланиши, деб қабул қилса бўлади.
Олий таълим вазирлиги мутасаддилари шу кунларда олийгоҳлар қошида ташкил қилинган қабул комиссияларида навбатда турган абитуриентлардан "ҳужжатни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш" эвазига "30" ёки "50" минг сўм олиш билан шуғулланаётган "нопок ходимлар"га ҳам тегишли чораларни қўллайдилар, деган умиддамиз. Зеро, таълим даргоҳига қадам қўйган абитуриент таълим даргоҳи ҳақидаги илк таассуротини "пора" беришдан бошламаслиги лозим.