Оила

Оилавий муносабатлардаги босқичлар

Ҳар бир жуфтлик оилавий муносабатларнинг маълум босқичлари: меҳр-муҳаббат туйғуси синови ва муносабатларда инқироз юзага келиши каби даврларни босиб ўтишади. Қани энди ҳар бир оила бахт тафтидан худди қуёш нурлари каби бирдек баҳраманд бўлолса.

Икки ёш севишиб ёки ота-оналар ризолигига кўра турмуш қуришди, илоҳим бахт уларга ёр бўлсин!  Аммо... Вақт ўтиши билан ҳаммаси ўзгара бошлайди. Аслида ҳаммаси ўз қўлингизда! Бахтни йўққа чиқариш ҳам, оила ришталаридаги муҳаббат тилсимини асраб-авайлаш ҳам фақат сизга боғлиқ.

1. Энг ажойиб ва энг ширин дамлар ёхуд "севги химияси" босқичи (тахминан 18 ойча давом этади)

Йигит ва қиз учрашиб, бир-бирига кўнгил қўя бошлаганида уларнинг организмида дунёни ёрқин рангларда намоён этувчи маълум бир гормонлар фаоллашади. Бу пайтда яқин инсонимиздаги ҳар қандай ҳолат кўзимизга чиройли кўриниб кетаверади: ташқи қиёфа ва овоз ниҳоятда қадрдон бўлиб, ҳатто феъл-атвордаги камчилик ёки беўхшов ҳаракатлар ҳам ёқимли туюлади, худди сархушлик ҳолатида юргандек бўламиз.

Бу даврда тақдирни ўзгартирувчи бирор-бир қарор қабул қилишга ҳожат йўқ, чунки "ширакайфлик" таъсири эртами, кечми тарқалиб, атрофдаги ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.

2. Биринчисидан кейин албатта, келадиган босқич — бу "жонга тегиш" (зерикиб кетиш) даври

Ҳис-туйғуларингиз анча "тинчиб" қолади, умр йўлидаги ҳамроҳингизнинг ижобий ҳамда салбий жиҳатларини ҳушёрлик билан ақл тарозисида баҳолайсиз. Бир-бирингизга кўникиб, ўзингизни анча табиий, эркин ва бемалол тута бошлайсиз.

3. Учинчи босқич — нафрат даври деб аталади

Бу босқич ҳар бир узоқ давом этувчи муносабатлар учун албатта, хос саналади. Нафратланиш фазасида худди қўлингизга заррабин (лупа) бериб қўйишгандек, бир-бирингиздаги камчиликларга бутун диққат-эътиборингизни қаратасиз ва турли низо, жанжаллар чиқара бошлайсиз. Бу вазиятдан чиқишнинг энг осон, аммо кўнгилсиз чораси — бу ажралиш. Хўш, бунинг нимаси ёмон, дерсиз? Бу шуни англатадики, сиз "севги химияси"нинг ажойиб босқичига яна қайтасиз, бироқ ҳаммасини энди бутунлай бошқа инсон ҳамроҳлигида бошдан кечирасиз.

Дунёда фақат мана шу уч фазада айланиб юрувчи кишилар кўплаб топилади. Ушбу фазалар тор фикрли кишилар доираси саналади, чунки бу даврлар ичида ҳақиқий муносабатларга ҳали киришмаган бўламиз.

4. Кейинги давр — сабр-бардош

Эр-хотин ўртасида низолар ҳали ҳам давом этмоқда, аммо бу вазият аввалги давр­дагидек тақдирингизга жиддий таъсир кўрсатмайди. Сабаби иккингиз ҳам жанжал тугагач, муносабатлар яна тикланишини жуда яхши биласиз.

Ҳамжиҳатликда сабр-матонатимизни мустаҳкамлашга киришсак, ўз-ўзидан зеҳнимиз ҳам ўсиб, оқил бўлиб борамиз. Бу табиатнинг қонуни. Шундай қилиб, бу босқичда бизни заковат ва донишмандлик қобилиятини эгаллаш имкони кутиб олади.

5. Бурч ёки ҳурмат даври. Яна муҳаббатнинг бошланғич палласи дейиш ҳам мумкин

Аслида бу давргача севгидан ҳали дарак бўлмаган эди. Энди оила қўрғони аъзолари "у менга нималарда қарздор" деб эмас, балки яқин инсонига ўзи нима қилиб бериши лозимлиги ҳақида ўйлай бошлайди. Ўз мажбуриятларимизга диққат қаратишимиз бизни юқори поғоналарга йўналтиради.

6. Дўстлик босқичи. Дўстона муносабатлар — муҳаббат сари жиддий тайёргарлик

Оила бўстони соҳиб ва соҳибалари энди ҳақиқатан ҳам бир-бирига яқин ва қадрли бўла бошлайди. Энг яқин сирдош дўстингизга ишонгандай бир-бирингизга ишониб, суянасиз.

7. Еттинчи фаза — бу муҳаббат манзили

Меҳр-муҳаббат арзон буюм эмас, бутун умр давомида у томонга қараб узоқ йўл юрилади. Инсонлар бир умрлик оила ришталарини мустаҳкамлашда ҳаётнинг турли вазиятларидан севиб-севилиш сабоғини олишади. Муҳаббат — кўпчилик ёшлар ўйлаганидек юрагимизда, хаёлларимизда қўққисдан пайдо бўлиб қолмайди. Чин муҳаббатга эришиш учун ич-ичимиздаги худбинликни енгиб, улғайишимиз зарур.

Севгининг таъми

Севгининг ўзига хос таъми ва мазаси мавжуд: ширин ва шўр, тахир ҳам­да тишни қамаштирувчи туруш, аччиқ ва ҳатто нордон. Садоқат ва сабр эса севгининг асосий си­фатлари саналади. Биз ҳадеб бир-биримиздан нималарнидир талаб қилавермасдан, балки шунчаки ўз туйғуларимизга содиқ қолмоғимиз даркор.

Манба: Beka.Uz