Биласизми?

Оғиз ҳидланишига қарши 10 та муҳим тавсия ва фойдали ўсимликлар

Овқат ҳазм қилиш тизими билан боғлиқ касалликлар, тиш ва милк муаммолари, шу билан бирга томоқ-бурун хасталикларида оғиздан ёмон ҳид келиши кузатилиши мумкин. Бу муаммонинг бош сабабчиси овқат ҳазм қилиш тизимидаги патологик ўзгаришлардир. Масалан, ичаклар ва ошқозон микрофлорасининг бузилиши, қабзият, ошқозоности бези фаолиятининг бузилиши, жиғилдон қайнаши, меъда яллиғланиши каби сабаблар.

Қуйида сизга уларнинг олдини олиш бўйича тавсияларни берамиз.

Озиқ-овқатларни аралаштириб истеъмол қилманг!

Ичаклар микрофлораси мингдан ортиқ ферментлардан иборат. Ҳар бир ферментнинг ўз вазифаси бор. Агар улардан бирортасининг фаолияти бузилса, микрофлора тизими издан чиқади. Бунинг натижасида эса овқат ичакларда яхши сўрилмайди, ҳазм қилиш жараёни бузилади. Яхши ҳазм бўлмаган, сингмаган таомдан пайдо бўлувчи бадбўй ҳид ичак йўллари орқали оғиздан кела бошлайди.

Бундай ёқимсиз ҳолга чалинмаслик учун турли таомларни аралаштириб истеъмол қилманг. Таомни ширин ичимликлар билан ейишдан ўзингизни тийинг. Таомни оддий қайнатилган илиқ сув билан истеъмол қилган маъқул. Ёғли овқатлардан олдин ширинлик еманг. Овқатни ҳазм қилишда муаммо кузатилса, таомни кўкатлар, карамли салат ёки кам миқдорда олма сиркаси қўшган ҳолда истеъмол қилинг.

tuzli suv

Оғизни тузли сувда чайиб туринг!

Шунингдек, ёмон ҳидга томоқ оғриғи, томоқнинг яллиғланиши касалликлари ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Қолаверса, тишнинг чириши, кариес ва милкларнинг шамоллаши ҳам, тиш ковакларида овқатнинг йиғилиб қолиши ҳам оғиздан келадиган ёқимсиз ҳидга сабабчи бўлиши мумкин. Тиш ва милк сабаб пайдо бўладиган оғиздаги ҳидларни оғизни тез-тез тузли сувда чайиш тавсия этилади.

Исириқ – минг дардга даво! 

Тишни туз, намокоб билан чайиш яхши фойда беради, лекин ҳар доим ҳам эмас. Фақатгина йирингли жараёнларда кўпроқ фойда бериши мумкин. Шу билан бирга, исириқ билан чайиш ҳам яхши натижа беради. Бунинг учун исириқ қайнаган сувда дамланади. Ундан сўнг совитилиб, оғиз бўшлиғи чайилади.

ogíz hidlanishi

Ялпиз – мусаффо димоғ кафолати!

Деярли барча тиш ювиш пасталарининг таркибида ялпиз мавжуд бўлади. Энг машҳур сақичларда ҳам айнан ялпизнинг мазаси мавжудлиги бекорга эмас. Боиси ялпиз энг яхши ва кучли оғиз бўшлиғи, димоғни мусаффо қилувчи восита. Ялпиз бир зумда оғиздан келаётган бадбўй ҳидни йўқотади. Тез-тез ялпиз чайнаб туриш, ёки унинг ёрдамида тайёрланган дамламалар истеъмоли, унда оғиз чайиш ёқимсиз ҳидга қарши жуда фойдали воситалар экан.

ogíz hidlanishi

Мармарак – айни керак гиёҳ!

Мармарак  ёки шалфей салат, овқат тайёрлашда кўп фойдаланилади. Машҳур ҳаким Гиппократ шифобахш хусусиятларига баҳо бериб, уни «муқаддас ўсимлик» деб атаган экан. Қадимги Мисрда эса уни аёллар бепуштлигида тавсия қилишган. Хушбўй мармарак – бўйи 50-100 сантиметрга етадиган кўп йиллик ўт. Ўрта Осиё тоғларининг этаклари қамда пастки қисмидаги тоғ дараларида, тошлоқ қияликларида ва боғларда ўсади. Тиббиётда ер устки қисми ишлатилади. Таркибида эфир мойи, флавоноидлар, ошловчи ва бошқа моддалар бор.

Ошқозон ва ичак касалликлари, ҳалқум шиллиқ пардаси яллиғланиши, ангинани даволашда мармарак дамламасидан фойдаланиш мумкин.

Хитойда мармаракни дамлаб ичишни хуш кўришади, АҚШда эса салатлар, шўрвалар, сабзавот, гўшт, балиққа қўшиб истеъмол қилинади.

Кариесни даволаш учун 1 ош қошиқ қуруқ мармарак ва игир ўсимлиги устига 1 стакан қайноқ сув солиб дамланг. Дамлама 1 соат турсин, сўнг у билан оғзингизни чайқанг. Агар бирон тишингиз оғриб қолса, шу дамламага бироз пахта ивитиб олиб, уни оғриётган тишга қўйинг. Ушбу муолажани бир неча ой давомида, токи кариес йўқ бўлгунича такрорлаб туриш лозим.

Диққат! Мармаракдан тайёрланган дориларни шифокор кўрсатмасисиз, узоқ ва ортиқча миқдорда қабул қилиш ярамайди. Акс ҳолда заҳарланиб қолиш мумкин. Ҳомиладорларга мармаракдан тайёрланган дорилар мумкин эмас.

ogíz hidlanishi

Райҳон истеъмол қилинг!

Баъзида учратадиган таом ёки салатга қўшилган райҳон баргини четга суриб қўядиган одатингиз бўлса, хато қиласиз. Райҳон организмнинг умумий ҳолатини яхшилашда жуда катта кўмакчи. Шу сабабли ҳам бошидан жарроҳлик амалиётини кечирган кишиларга уни истеъмол қилиш тавсия этилади.

Томоқ оғриғи ва оғиздаги инфекцияларни йўқотишда қайнаган сувга солинган райҳон баргидан тайёрланган дамламада фойдаланиш лозим. Оғиздан бадбўй ҳид келиши, милк шамоллаши, оғриши ва кариесда, буйракдаги майда тошларни эритишда, сийдик йўли касалликларининг олдини олиш ва даволашда ҳам айни дамлама қўл келади. Шу билан бирга бош оғриғи, юрак касалликлари, ревматизм каби кўплаб касалликларнинг давоси ҳам айнан райҳонда.

ogíz hidlanishi

Чой – кони фойда!

Америкалик олимлар қора ва кўк чой таркибида учровчи полифенолнинг кариеснинг шаклланиши ва милкнинг касалланишига сабаб бўлувчи бактериялар ўсишини секинлаштиришини аниқлашди.

Аниқланишича, оғиз бўшлиғини қора чой билан бир дақиқа давомида кунига 10 марта чаядиган одамларда сув билан чайқайдиганларига қараганда камроқ микроорганизмлар учраган. Бошқа бир тадқиқотчилар эса, чойхўрларга кунига 3-4 чашка чой ичишни тавсия қилади.

Илмий ходимларнинг фикрига кўра, яна ўша чойдаги полифенол моддаси ёқимсиз ҳид тарқатадиган олтингугурт бирикмасини меъёрида ушлаб, камайтириб туради. Чой таркибида сиёҳ хусусиятига эга фенол бирикмаси бўлган таннин моддаси мавжуд. Агарда чойни кўп ичиб юборсангиз, у тишларингиз ёрқинлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун таркибида бўёқ хусусияти кам бўлганлиги ва самарали ҳимоя вазифаси учун кўк чойни кўпроқ истеъмол қилган маъқул.

Чой дарахтининг мойи – ажойиб дори!

Бу мой деярли барча оғиз чайиўша мўлжалланган суюқликлар таркибида бўлади. Боиси у оғиз бўшлиғидаги микроорганизмларга қарши фаол курашади. Чой дарахтининг мойи бактерия, вирус ва зарарли замбуруғларга қарши фойдали восита. Бу антибактериал дори билан оғизни чайиб туриш, нохуш ҳидларга қарши курашишда сизга қўл келади.

ogíz hidlanishi

Қалампирмунчоқ – хушбўй зиравор!

Қалампирмунчоқнинг фойдали жиҳатлари ҳақида буюк табиб Абу Али ибн Сино ҳам ёзиб, унинг яхшиси қуруқ ва ўткир ҳидлисидир, деб ёзган эди. Ибн Сино қалампирмунчоқнинг оғиз ҳидини ёқимли қилишини ёзган. Қалампирмунчоқ таркибидаги эвгонел моддаси оғизга ўзига хос ҳид бериш баробарида, микробларни ўлдиради, ҳазм қилиш хусусиятига эга.

Қалампирмунчоқ, шунингдек, тиш емирилиши, оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати яллиғланиши, пульпит, пародонтоз каби стоматологик хасталикларда ҳам яхши наф беради.

Тез-тез қалампирмунчоқдан оз-оз чайнаб юришга одатлансангиз, саломатлигингиз учун катта ҳисса қўшган бўласиз.

гуруч

Гуруч – оммалашган шифобахш маҳсулот!

Гуруч ҳазм аъзолари фаолиятини яхшилайди ва ошқозон ва ичак яраси, гастритни даволайди. Шу сабабли ҳам, мазкур касалликлар сабаб келиб чиқадиган оғиздан келаётган бадбўй ҳидни йўқотади. Бунинг учун хом гуручни чайнаш керак бўлади.

Доимо соғ-саломат бўлиб юринг!