Юртимизда ўтган саккиз ойда 3,4 миллион хорижлик меҳмон (ўсиш 126 фоиз) келди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, деб ёзмоқда Халқ сўзи.
Ваҳоланки, 2017 йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 1,5 млн. киши эди. А. Абдуҳакимовнинг айтишича, айни чоғда Ўзбекистонга келадиган хорижлик сайёҳлар сони йил охирига қадар илгари кутилганидек 3,3 млн. эмас, балки 4,8 млн. кишига етиши прогноз қилиняпти. Туристик хизматлар экспорти эса 8 ой ичида 666,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (327,3 млн. доллар) икки баробар кўпдир.
Мамлакатимизда туристик оқимни кўпайтириш учун электрон виза бериш тизими такомиллаштириляпти. Икки марталик ва кўп марталик визалар, шунингдек, қўшни давлатлар билан комбинациялаштирилган виза бериш тизими шулар жумласидандир.
Бош вазир ўринбосари сўзларига кўра, автобус йўналишлари ва темир йўл рейсларини йўлга қўйиш, вилоят марказларидаги аэропортлар, темир йўл ва автовокзалларни боғловчи янги йўналишлар очиш орқали қўшни давлатлар билан транспорт қатновларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўриляпти.
Унинг айтишича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси С.Бадак билан биргаликда Ўзбекистонда 2025 йилгача туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини шакллантириш бошланди. Унда мақсадли параметрларга эришиш бўйича “йўл хариталари” ҳар йили тасдиқланиб борилиши назарда тутиляпти.