Биласизми?

Ўзбекистонда «Йил талабаси» танлови жорий этилади

Таълим тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди, деб ёзади Kun.uz.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги «Маънавият ва маърифат» маркази фаолиятини такомиллаштириш ҳамда талаба ва ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Унга кўра, талабалар ўртасида «Йил талабаси» танлови жорий этилади ва унинг ҳар йили ўтказиб борилиши йўлга қўйилади.

Биринчи бўлиб «Йил талабаси» танловини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби шакллантирилади. Сўнг «Йил талабаси» танловининг низоми ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Шунингдек, танлов олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиб борилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази бу борада масъул этиб белгиланди.