Тошкент ИИББ томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида умумтаълим мактаблари ва бошқа таълим муассасаларида таҳсил олаётган вояга етмаган шахсларнинг чет элга чиқишига рухсат бериш тартиби енгилаштирилганлиги маълум қилинди.
"Агар бунгача вояга етмаганларнинг чет элга чиқиши учун тўлдириладиган ариза-анкеталарга улар таҳсил олаётган ўқув идоралари томонидан муҳр босилишидан олдин, Халқ таълими шаҳар-туман бошқармаларидан рухсатнома олиш шарт бўлса, эндиликда ушбу ариза-анкеталарнинг улар таҳсил олаётган таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланиши кифоя қилади. Бу эса ота-оналарни ортиқча оворагарчиликдан халос этишга, вақтини тежашига кўмак беради деган умиддамиз", — дейилган Тошкент ИИББ хабарида.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасига 1 ойгача бўлган муддатга вақтинча яшаш учун келган хорижий ва МДҲга аъзо давлатлар фуқаролари вақтинча рўйхатдан ўтиш давлат божини тўлашдан озод этилади.
Шу билан бирга, ушбу фуқаролар Ўзбекистон ҳудудида кириб келган кунидан бошлаб 3 сутка ичида вақтинча рўйхатдан ўтиши лозимлигини эслатиб ўтилган.