Президентнинг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида" 2018 йил 22 январдаги 5308-сонли Президент фармонига мувофиқ ҳамда сув спорти турлари бўйича спорт захираси ва юксак маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, сув спорти турлари бўйича болалар мураббийларини тайёрлаш ва селекция ишларини йўлга қўйиш, спорт муассасалари мураббийлари ва ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 3 майдаги 333-сонли қарори имзоланди. Kun.uz шу ҳақда ёзмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, бир ой муддатда тизимдаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида 3 ва 6 ойлик қисқа муддатли сув спорти турларига ўргатадиган мураббийларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари ташкил этилади.
Икки ой муддатда сузиш ҳавзалари сув спорти турлари билан шуғулланиш бўйича ўқув режалари, дастурлар ва адабиётлар билан таъминланади.
Икки ой муддатда бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган бассейнларни халқаро талабларга мос спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминлаш тартиби тасдиқланади ҳамда шу тартиб асосида бассейнларни спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминлаш режаси ишлаб чиқилади.
Уч ой муддатда тизимдаги бассейнларга кириш ва ўтиш жойларида видеокузатув мосламалари ҳамда турникетлар ўрнатилиши таъминланади.
Бассейнлар манзили, иш вақти, кўрсатиладиган хизмат турлари ва нархлари ҳақидаги маълумотлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида доимий равишда кенг ёритилиши йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, уч ой муддатда ҳудудлардаги таълим муассасаларининг бассейнлари хатловдан ўтказилади. Хатлов якунлари бўйича давлат ва хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериладиган ҳудудларда жойлашган давлат таълим муассасаларининг бассейнлари рўйхати тузилади, мазкур рўйхатни ҳамда давлат ва хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериш шартлари тўғрисидаги маълумотлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилади. Бундай бассейнларни келиб тушган таклифларга кўра ижарага бериш тизими жорий этилади.
Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Қ.В.Акмалов ва Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Х.Исроилов зиммасига юкланди.