2018 йилнинг январь-июнь ойларида муомаладаги нақд пуллар миқдори, пул айланмаси таркибидаги ўзгаришлар ҳамда мавсумий омиллар таъсирида шаклланиб борди. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2018 йил I ярим йиллиги бўйича нақд пул муомаласи шарҳида айтилади, деб ёзади Kun.uz.
Хусусан, жорий йилнинг I чорагида муомаладаги нақд пуллар ҳажми 1,2 трлн. сўмга қисқарган бўлса, II чорагида 3,4 трлн. сўмгача ортиши кузатилди. Натижада, 2018 йилнинг I ярим йиллигида нақд пул массаси 2,2 трлн. сўмга ошди.
Нақд пулга бўлган талабнинг ўзгариши асосан мавсумий омиллар билан изоҳланади.
Бунда мамлакатга халқаро пул ўтказмалари ҳажмларининг асосан йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларида бошқа чоракларга нисбатан кўпроқ бўлиши ва натижада, аҳоли томонидан тижорат банкларига хорижий валютани сотиш ҳажмларининг ошиши мос равишда нақд пулга бўлган талабнинг ортишига олиб келмоқда.
Хусусан, агар жорий йилнинг I чорагида мамлакатимизга халқаро пул ўтказмалари орқали 950 млн. доллар миқдоридаги валюта маблағлари кириб келган бўлса, II чоракда ушбу кўрсаткич 1,4 баробарга ошиб 1 335 млн. долларни ташкил этди.
Ўз навбатида, тижорат банклари томонидан I чоракда аҳолидан 420 млн. доллар миқдоридаги (3,4 трлн. сўм) хорижий валюта сотиб олинган бўлса, II чоракда ушбу кўрсаткич 2 баробарга ошиб 868 млн. долларни (6,9 трлн. сўм) ташкил этди.
Мазкур ҳолат нақд пулга бўлган 3,5 трлн. сўмлик қўшимча талабни юзага келтирди. Шу билан бирга, аҳоли томонидан чет эл валютасини миллий валютага айирбошлашга бўлган талабнинг ошиши миллий валюта курсининг жорий йил бошидан мустаҳкамланиб бориши билан ҳам изоҳланиши мумкин.
Шунингдек, аҳолининг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида банкоматлар ва терминаллар тармоғи кенгайтирилиши ҳисобига пластик карталардан нақд пуллар ечиб олиш ҳажмлари ошди.
Хусусан, 2018 йилнинг II чорагида аҳоли томонидан пластик картадаги маблағлар ҳисобидан нақд пул ечиб олиш ҳажми I чоракдаги кўрсаткичдан 1,4 баробарга ортиб, 2,2 трлн. сўмни ташкил қилди.
«Бу эса, аҳоли томонидан савдо ва пуллик хизматлар учун тўловларда нақд пуллардан фойдаланиш даражасини ошишига олиб келди», - дейилади шарҳда.
2018 йилнинг январь-июнь ойларида нақд пулларнинг банк кассалари орқали ўртача ойлик айланмаси ҳажми 11,7 трлн. сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан (4,7 трлн. сўм) 2,5 баробарга ошиши кузатилди.
«Умуман олганда, банк пластик карталаридан нақд пулни ечиб олиш ҳажмларининг ошиб бориши ҳамда савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган тушумлар таркибида нақд пуллар улушининг кўпайиши аҳоли учун нақд пулларнинг қулай тўлов воситаси бўлиб қолаётганлигидан далолат беради», - дея таъкидлайди Марказий банк.
Жисмоний шахслар пластик карталаридаги маблағлари қолдиғи 2018 йилнинг январь ойидаги 1,6 трлн. сўмдан 16 фоизга ошиб июнь ойида 1,8 трлн. сўмни ташкил этди.
Бу ўз навбатида, аҳоли томонидан пластик карточкалардаги маблағларни исталган пайтда банк хизматларидан фойдаланган ҳолда нақд шаклда ҳеч қандай тўсиқларсиз ечиб олишга бўлган ишончининг ортиб бораётганлигини ва пластик карта ҳисобварақларида бўш пул маблағларини сақлашга қизиқишнинг ортаётганлиги билан изоҳланиши мумкин.
Шу билан биргаликда, пул-кредит соҳасидаги амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар таъсирида банк кассалари орқали нақд пуллар айланмаси ҳажмининг ортиб бориши кузатилмоқда.
«Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг нақд пулдаги ҳисоб-китобларини амалга оширишларида қулайликлар яратиш мақсадида йирик нақд пулларни муомалага чиқариш асосан йирик номиналдаги банкнотлар орқали амалга оширилиб, кичик номиналдаги банкнотлар эса муомаладан босқичма-босқич билан қайтариб олинмоқда», - дейилади шарҳда.
Жумладан, ушбу даврда муомалага чиқарилган нақд пуллар (банклар кассаларидаги нақд пулларни ҳисобга олган ҳолда) ҳажми 2,7 трлн. сўмга ёки 13,5 фоизга ошган бўлса, муомаладаги банкнотлар сони 568 млн. донага ёки 7,5 фоизга камайди.
2018 йилнинг I ярмида муомалада 1000 сўмлик ва ундан кичик қийматдаги банкнотлар миқдори 582 млрд. сўмга камайган бўлса, 5000 сўмлик, 10 000 сўмлик, 50 000 сўмлик банкнотлар миқдори 3,3 трлн. сўмга ошди.
Ушбу даврда, муомалага чиқарилган банкнотлар жами сонида 500 сўмгача бўлган банкнотлар улуши 3,7 фоиз бандга ва 1000 сўмлик банкнотлар 1,0 фоиз бандга камайган бўлса, 5000 сўмлик банкнотлар – 2,6 фоиз бандга, 10 000 сўмлик – 1,4 фоиз бандга ва 50 000 сўмлик – 0,7 фоиз бандга ошди.
Хабар қилинишича, нақд пулдаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда аҳоли учун қулайликлар яратиш мақсадида, Марказий банк келгусида ҳам иқтисодиётнинг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ таъминлаган ҳолда, банкнотлар номинал қаторини мақбуллаштириш ва йирик номиналдаги банкнотларни муомалага чиқариш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб боради.