Ўзбекистонда “истеъмол савати” ва “кун кечириш учун зарур миқдор” тушунчалари жорий қилинади ҳамда уларни ҳисоблаш таснифлари аниқланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида Ўзбекистонда минимал истеъмол савати ва кун кечириш учун зарур миқдорни ҳисоблаш тартиби ҳақидаги Низом лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тайёрланган мазкур Низом лойиҳаси 27 июнга қадар муҳокама қилиниши ва 1 июлдан амалга татбиқ этилиши кўзда тутилган.
Низом лойиҳасига илова қилинган рўйхатда тўла-тўкис ва соғлом овқатланиш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва овқатланишнинг ўртача бир суткалик минимал тиббий меъёрлари белгиланди. Мазкур рўйхатдан инсон учун энг зарур бўлган дуккаклилар, ун маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, гўшт ва сут маҳсулотлари – жами 46 турдаги маҳсулот ўрин олган.
Минимал истеъмол савати ва кун кечириш учун зарур миқдор қийматлари Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ойлик асосда келаси ойнинг 15-санасигача ҳисоблаб чиқилади.
Фуқаролар мазкур Низом лойиҳаси бўйича ўз фикрларини билдиришлари мумкин.